1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ийди қурбон муборак!

09:10 / 11.08.2019 1663 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу кунда ҳамма, бой ҳам камбағал ҳам баробар хурсанд бўладиган кундир. Бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити нишонланмоқда.

Аллоҳ таоло бу кунда бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримда бир неча ояти карималар нозил бўлган:

(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир” (Ҳаж сураси, 36-оят).

Яна бир ояти каримада шундай баён қилинган:

Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Фуқаҳоларимиз қурбонликни таърифлаб, “Қурбонлик бу – махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир”, – деганлар. Қурбонликни тарихи Иброҳим алайҳиссаломга боғлиқ бўлиб, қуйида шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтамиз:

Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни жуда яхши кўрардилар. Чунки ўғиллари Аллоҳ таолога ва ўз отасига жуда итоаткор эди. Иброҳим алайхиссалом нима десалар, “Хўп бўлади отажон!” - деб айтганларини қиларди. Аллоҳ Иброҳим ва Исмоил алайхимассаломларни имтиҳон қилмокчи бўлди. Нима учун? Одамлар уларнинг имонлари қай даражада кучли эканини кўрсин ва улардан ўрнак олишлари учун.

Бир куни Иброҳим алайхиссалом туш кўрдилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари ваҳий бўлади. Иброҳим алайҳиссалом ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушундилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажариш лозим эканини билар эдилар. Исмоил алайҳиссаломга дедилар:

- “Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан?”

Ўғиллари ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди:

- “Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен иншоаллоҳ ҳамма нарсага сабр қиламан”.

Иброҳим алайхиссалом ўғилларини етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. “Мино” деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмокчи бўлдилар. Исмоил ҳам отанинг ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб ерга ётди. Иброҳим алайхиссалом ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади. Сабаби, Аллоҳ пичоққа “Кесмагин!”, – деб буйруқ бериб қўйган эди. Ушбу қиссани Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилган:

“Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик. Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй, ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!” – деган эди, у айтди: “Эй, отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! ИншаАллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, унга Биз нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик” (Соффат сураси, 101-107 оятлар).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик Иброҳим алайҳиссалом бошлаб берган амаллига ҳақида шундай деганлар:

Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз: “Эй Аллоҳнинг Расули қурбонликнинг ҳақиқати нима?”, деб сўрадик. У зот: “Сизларнинг отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати”, дедилар. Биз: “Ундан бизга нима наф бор?”, дедик. У зот: “Ҳар бир тук эвазига битта савоб”, дедилар. Биз: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Юнгчи?”, дедик. У зот: “Юнгдаги ҳар бир тук учун битта савоб”, дедилар”. (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилган).

Қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик билан бошлашимиз керак. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилиш ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва гарчи бир йил айланмаган закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонликни Зурҳижжа ойининг ўн, ўн бир ва ўн иккинчи куннинг яъни, бугун, эрта ва эртадан кейинги куннинг Шом намозини вақти киргунигача қилинади. Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонлар камида беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, бир ёшга тўлган қўй ва эчки қурбонлик қилинади. Олти ойлик қўйни ҳам, агар жуссаси бир ёшга тўлган қўй жуссасидек бўлса, қурбонлик учун сўйиш мумкиндир.

Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва қорамолни етти киши биргаликда қурбонликка сўйишса бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келган:

“Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан ва бир сигирни етти киши номидан сўйдик” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).

Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланиши керак.

Икки кўзи ё бир кўзи кўр, юролмайдиган даражада чўлоқ, озғин, қулоқ ва думи кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар қулоқ ва думининг учдан бири ё бундан ками кесилган бўлса, қурбонлик қилиш мумкин. Ҳайвон қурбонлик учун ётқизилганида айбли бўлиб қолса, масалан, оёғи синиб қолса, қурбонликка ўтади.

Қурбонлик қилинган ва умуман ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам оққан қони, безлари, сийдик қопи, ўт қопи, жинсий аъзоларини ейиш ҳаром.

Қурбонлик гўштининг учдан бирини – оила аҳлига, учдан бирини –қўшниларига, қолганини – муҳтожларга тарқатиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади. Терисини сотиш ёки қассобнинг хизмат ҳақига бериш жоиз эмас. Мабодо сотилса, пули камбағалларга эҳсон қилиниши керак.

Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ байрам кунларида ўзаро меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни яна ҳам кучайтиришимиз айни муддаодир. Шунингдек, бу муборак кунларда ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб, ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш байрам кайфиятига янада қувонч бағишлайди.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклироқдир” (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Ҳадисда шундай марҳамат қилинади:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи тўқ бўлатуриб, ён қўшниси оч бўлган киши комил мўмин эмас” (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, атрофимиздаги қурбонлик қилишга қодир бўлмаган қўни-қўшниларимизни аҳволларидан хабар олиб, уларга қурбонлик гўштларидан ҳам улашишимиз имонимизни янада мукаммал қилувчи омил экан.

Бугунги кунда баъзи мусулмон мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида хузур-ҳаловатини йўқотганини, юз минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмаётганини, киндик қони тўкилган ватанини тарк этишга мажбур бўлаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Аллоҳнинг Ўзи бизнинг юртни бундай балолардан сақлаб келмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз кун сайин кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган “тинчлик” дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматни қадрига етиш, унинг шукрини қилиш, асраб-авайлаш –барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

“Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”. (Намл сураси, 40-оят).

Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши – энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. “Тинчликни асраш” деганда фақат қурол билангина эмас, балки керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши ғоявий курашиш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.

Дарҳақиқат, инсон учун берилган неъматларнинг ичида энг улуғи – тинчлик ва хотиржамлик эканлиги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадисларида баён қилинган.

Жумладан, Салама ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан кимки ўз уйида хотиржамликда тонг оттирса, тан-жони соғ бўлса, ўша кундаги егувлиги бўлса, гўёки унда бутун дунё неъматлари жамланибди” (Имом Термизий “Сунан”ида ривоят қилган).

Маълумки, дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиздан борган 7200 дан ортиқ ҳожиларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири – ҳаж ибодатини бажаришга киришишди. Улар Мино, Арафот, Муздалифа, Масжидул Ҳаром каби муборак жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга мустақил юртимиз ҳамда унинг раҳбарларига, халқимиз ва барча мусулмонларимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуолар қилишяпти. Аллоҳ таоло барчаларининг дуоларини ижобат айлаб, юртимизга тинч-хотиржам, соғ-саломатлик етиб келишларини насиб айласин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади Бир яҳудий ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан сўради Қуръонда Жаннатнинг кенглиги осмонлар ва ер баробарида...rdquo Оли Имрон, 133оят давоми...

4858 07:09 / 27.11.2018
Оила ndash тарбия маскани. Жамият эса оилалардан таркиб топади. Оилада тарбиянинг асосий масъулияти оналарнинг зиммасида экан, демак, жамиятдаги маънавий соғломлик давоми...

3825 11:35 / 14.10.2019
Аллоҳ таоло ҳар кимнинг тақдирини ҳар хил яратган. Кимдир отаона қарамоғида улғайса, яна кимдир оила бошлиқларисиз вояга етади. Бундай ҳолда асло ўксимаслик давоми...

1758 11:32 / 07.12.2021
Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳарб айтади .Асҳобларимиздан баъзилари Ибн Авн ҳақида шундай дейишди .Онаси уни чақирган эди, у жавоб берди. Бироқ унинг овози онасининг давоми...

1645 08:00 / 30.01.2021
Аудиолар

121390 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42893 14:35 / 11.08.2021