1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ражаб ҳам муборак ойдир

09:00 / 03.02.2023 4786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини баён этади.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (2-оят).

Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида яна: «Аллоҳ Каъбани – Байтул-Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадийни ва осиладиган белгиларни одамлар учун асос қилиб қўйди», деган (97-оят).

Уламоларимиз, ояти кариманинг ушбу жумласини динга ва ҳаж ибодатларига асос қилиб қўйди, деган маънода таъвил қиладилар. Ҳақиқатда ҳам Ислом дини асослари, ҳаж ибодати Маккаи мукаррамага, ҳарамга, Каъбага чамбарчас боғлиқдир.

Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар – Зул-қаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар тақа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.

Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди. Ҳарамайни шарифайн макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик даври эди.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳажларида хутба қилиб:

«Албатта, замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин-кетин: Зул қаъда, Зул ҳижжа ва Муҳаррам. Ва Жумади ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби», дедилар».

Учовлари ривоят қилган.

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида ҳайит куни қилган хутбаларидан бир парча келтирилмоқда.

Ражаб ойининг ҳаром ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш кўп савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади.

Ражаб ойининг рўзаси

Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: «Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».

Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойда ҳам шундоқ бўлар эди.

Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: «Албатта у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?», дебди.

«Сени нима ўзгартирди? Чиройли кўринишда эдинг?», дедилар.

«Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нима учун ўзингни азобга солдинг?», дедилар-да, сўнгра:

«Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар.

«Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди.

«Икки кундан рўза тут», дедилар.

«Бир оз зиёда қилинг», деди.

«Уч кундан рўза тут», дедилар.

«Бир оз зиёда қилинг», деди.

«Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган.

Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар яхши бўлиши аниқ.

Машҳур «Саҳиҳ» китобларидан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Абдулқодир Жийлоний роҳимаҳуллоҳга кишилар дейишибди Шогирдларингиз ичида солиҳлари ҳам, ярамаслари ҳам бор. Нега бундайШайх жавоб берибди Солиҳлари давоми...

2124 15:00 / 11.01.2022
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга ўлим онлари яқинлашганда, шундай дердилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ҳеч бир киши мен учун маҳбуброқ ва менинг давоми...

1787 12:00 / 31.10.2020
Ибн Зозондан ривоят қилинади .Бир куни Ибн Ҳасан менга .Эй Абу Салама, мен бир гуноҳ қилганман. Шунинг учун қирқ йилдан бери йиғлайман,, деди. Мен .Қандай гуноҳ, эй давоми...

3492 08:00 / 24.02.2020
СаволБу воқеа ўн беш йиллар олдин бўлиб ўтган эди. Мен мактабда ўқиган кезларимда бир дўкондан ҳар куни ширинлик харид қилар эдим. Пулим етмаганлиги сабабли мен давоми...

3427 15:55 / 17.03.2020
Аудиолар

211053 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130313 14:35 / 11.08.2021