1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дўст ҳижронига сабр қилишнинг мукофоти

17:00 / 13.07.2019 2417 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу шундай имтиҳонки, мукофоти мутлақо жаннатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилганини баён этадилар:

Дунёда бирорта яхши кўрган дўстини олган вақтимда, (сабр қилиб) ажрини Аллоҳдан кутган мўмин бандамнинг ҳузуримдаги бадали жаннатдир.” (Бухорий, “Риқоқ”, 6)

Ушбу ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳдан, лафзи эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васлламдандир. Кўрниб турганидек, бу ерда сўз бевосита Аллоҳ таолога изофа қилинмоқда. Яхши кўрган дўстини йўқотган мусулмонга тасалли бериб, уни чиройли сабрга ундаш ҳамда Аллоҳ таолонинг ваъдасини эслатиш, ўша қайғули ҳолатда унга айтилмоқчи бўлган сўзларнинг энг яхшиси ва энг таъсирлиси бўлишига шубҳа йўқдир. Меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёга яна бир карра қайтиши имконсиз бўлган, жиддий имтиҳон бўлмиш ўлимга чиройли сабр ва ризолик кўрсатиб, айнан шу ҳаракат эвазига Аллоҳнинг ҳузуридан жаннат неъматини қўлга киритиш мумкинлигини эслатиш билан биз умматларини жуда ҳам чиройли тарзда тарбия қилмоқдалар.

Ушбу ҳадисда иккита нозик нуқтага эътибор қаратилмоқда:

Биринчиси, ўлим Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳиши билан рўй берилишидир. “Дунёда бирорта яхши кўрган дўстини олган вақтимда” ибораси айнан шунга далолат қилмоқда. Демак, олувчи ҳам берувчи ҳам Аллоҳ эканини ҳеч қачон унутмаслик лозим экан.

Иккинчиси, бундай катта йўқотишга учраб ажрини фақатгина Аллоҳдан кутиб чиройли сабр ва комил иймон эгаси эканини намоён этаётган мўмин банда ҳеч қачон янглишмайди ва албатта жаннатни қўлга киритиши маълум бўлмоқда.

Умуман олганда мўмин банда бошига келадиган ҳар қандай мусибат беҳикмат эмаслигини унутмаслиги лозим. Инсоннинг бу дунёдаги яқин дўсти ота-онаси, ака-укалари, фарзандлари, устозу шогирдлари, яқин биродалари бўлиши ҳам мумкин. Бу фоний дунёда ҳар бир жон эгаси борки, бир кун келиб албатта аччиқ ажал шаробини татишга мажбурдир. Шундай экан, ушбу ҳадисда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратилмоқда. Гарчи бу ҳадиси қудсийда дўстини йўқотган мусулмон катта имтиҳонга дуч келиб катта ажр соҳиби бўлиши баён этилаётган бўлсада, бошқа тарафдан айнан шу имтиҳон сабаб катта йўқотишга гирифтор бўлиб қолмасликка даъват этилмоқда. Яъни банда шайтон ва нафснинг гапига кириб, Аллоҳнинг бу ишидан норози бўлиб, шошма-шошарлик қилиб мўминнинг одоб-ахлоқига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлар, гап-сўзлардан ўзини тийиши ва катта гуноҳлар қилиб қўймаслиги лозим. Аксинча, ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси билан бўлаётганини қалби билан ҳис этиб, чиройли сабр қилиб, ажрини Аллоҳдан кутиши энг мақбул йўл эканини унутмаслиги керак. Ҳаммасидан олдин айнан шу ҳақиқат хотирага олинса, барча ноўрин ҳаракатларга нуқта қўйилади ва бу энг тасалли берувчи омил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини Аллоҳ таолонинг мана шу танбеҳларидан огоҳ этиб, зарурий хулослар чиқариб олишга ундамоқдалар.

Демак, ҳадиси қудсийдан ўрганганларимиз шулардан иборат бўлмоқда:

1. Инсон учун яқин дўстини йўқотиш катта мусибат экан.

2. Катта мусибатларга қийин бўлсада чиройли сабр қилишнинг эвази ҳам катта бўлишлиги маълум қилинмоқда.

3. Бошга тушган бало ва мусибатларни чиройли тарзда қабул қилиб, яхши муносабатда бўлиш, ажрини фақат Аллоҳдан кутиш мўминнинг сифатларидан экан.

4. Мўмин кишигина бажарган солиҳ амали учун Аллоҳ ҳузурида ажр олиши мумкин экан.

Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлган амалларга Ўзи рози бўладиган тарзда муносабатда бўлиб ҳаёт кечиришмизни ҳаммамизга насиб этсин.

 “Риёзус-солиҳийн” асари асосида Улуғбек Султон таёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам қалб давоми...

3589 17:45 / 22.04.2019
Тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир..Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули Тарафкашлик давоми...

1883 11:10 / 26.08.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.Айт .Менга ваҳий қилиндики, албатта, жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар .Биз ажойиб Қуръонни давоми...

1947 15:35 / 20.10.2019
Ҳикоя қилинишича, Ҳинд диёрида сув сотадиган бир киши бор экан. Унинг елкасида бир катта асо бўлиб, асонинг икки томонига иккита катта пақир осиб олар экан. Узоқдан давоми...

2438 11:10 / 09.12.2020