1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эр билан орангиздаги риштани мустаҳкамланг

17:25 / 02.07.2019 2915 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаларидан бири Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг ўгитлари

Қанчалик гўзал, олима, бой-бадавлат бўлманг, эрингиз қалбининг маликасига айланиш учун фаросатни ҳам ишга солинг! Умр сафарини гўзал ўтказиш учун ўртангиздаги муҳаббат риштасини мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлинг. Эрга муҳаббат изҳор қилишнинг ўзи етарли эмас, унга садоқатингизни ҳам изҳор қилинг.

Шундай йўл тутингки, эрингиз муҳаббатингиз ҳақиқий эканини дилдан ҳис қилсин. Эр-хотин орасидаги жанжалнинг асл ўзаги эр хотиндан, хотин эрдан асл муҳаббатни топа олмаганидандир. Ўта маккор шайтон эса аёлни эрининг олдида шарм ҳаёли бўлишга, қариндош-уруғ, дугоналари олдида эса хандон отиб кулиб, ноз-карашма қилишга ундайди. Кийиниш, зийнатланишда ҳам эрининг олдида оддий, ўзгалар олдида эса чиройли бўлишга чақиради. Ваҳоланки, шариатимиз яхши кўрган кишисига ўзининг муносабатини билдириб қўйишни савобли амал деб белгилаган, фақат номаҳрамлар бундан мустасно! Аммо шайтон бу туйғуни айнан бегоналарга изҳор қилишга даъват этаверади.

Оилавий жанжалларнинг аксариятига эътибор берсангиз, эр аёлини севади, муҳаббатини изҳор қилади, совға-саломлар беради, бундай муомаладан аёли дилида хурсанд ҳам бўлади. Лекин бунга жавобан ҳеч нарса қилмайди, ўзини бу муҳаббатга нисбатан беэътибордек тутади. Бу ҳолат ўта нодонликдан келиб чиқади. Муҳаббатнинг жавоби муҳаббат билан бўлиши керак. Эр муҳаббат кутганда аёл бу ҳолатни ғанимат билиши, эрининг дилини яшнатиб юборадиган сўзларни айтиши керак. Афсуски, кўпинча бунинг акси бўлиб аёлларимиз ношудлик натижасида эрнинг қалбини доғ қилиб қўйишади. Ваҳоланки, аёлнинг эрига ҳис-туйғуларини билдириши шариатимизда уят саналган иш эмас.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббатларини очиқ-ойдин изҳор қилар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирганларида у зот: «Оиша, сиз менга сариёғ билан хурмо солинган таомдан ҳам маҳбубсиз», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо табассум қилиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз эса мен учун сариёғ билан асал солинган таомдан ҳам ортиқроқ маҳбубсиз», деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам табассум қилиб, «Сизнинг жавобингиз гўзалроқ бўлди», дедилар.

Қаранг! Эр бир сўз айтди, аёл эса ундан ўтказиб жавоб қайтарди. Муҳаббатнинг изҳори эрга қилинмаса, кимга қилинади?! Ҳозиргилар эса эрга қилинадиган муҳаббатни элга қиладиган бўлиб қолишди. Ёдда тутинг, ишқ билан мушки анбарнинг оғзи берк ҳолатда сақлаб қўйилмайди. Улар ўз ўрнида очилиб, ифори атрофга таралиб туришини хоҳлайди. Қаерда бўлмасин, ўзини билдирмай туролмайди. Худди шунингдек, эр муҳаббат кутганида буни изҳор қилолмаган аёлнинг қадри эр наздида тушади.

Бир ачинарли воқеа тафсилоти

 Шаҳримизда бечораҳол бир хонадоннинг гўзал қизи бор эди. Унга обрўли хонадондан совчи келди. Тўй бўлди. Икки томон хурсанд. Йигит қувончининг эса чек-чегара йўқ. Қиз ҳақиқатан гўзал эди. Келин бўлгач, гўзаллиги ўн чандон ошди. Унинг ҳусну латофатидан сармаст йигит икковлари ёлғиз қолишса, дарҳол муҳаббат изҳори қилар, қувончидан еру кўкка сиғмас эди, эртаю кеч «Сен, нафақат уйимнинг маликаси, балки қалбимнинг маликасисан. Сен менинг уйимни жаннатга айлантирдинг», деб оғзидан бол томар эди. Келин бундай эътибордан маст бўлар, аммо, афсуски, унинг жавобини ўрнига қўя олмасди.

Бир неча кун ўтгач, келин йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди. Ҳамма ҳайрон. Сабабини сўрашса, «Эримнинг изҳорларига яраша жавоб қайтара олмадим. Бир кун ҳазиллашиб, «Сиз менга ёқмайсиз», деган гап оғзимдан чиқиб кетибди. Эримнинг жаҳл устида, «Мени яхши кўрмаган аёл менга керак эмас. Уч талоқсан!» деб юборди», деди…

Бир лаҳзалик хатонинг жазоси йилларга татийди, деб бежиз айтилмаган. Орадан кунлар, ойлар ўтди. Бу жувонга «эрдан қайтган», «турмуш кўрган» деб ёш йигитлардан совчи келмади. Иккинчи хотин бўлишга сўраб келганларга ёки ёши катта кишилардан келган совчиларга эса унинг ўзи рози бўлмади. Шундай қилиб, бир гўзал қиз ёш умрини хазон қилди, йиғлаб йиғлаб ўтди. Айб ўзида. Бу қандай ахмоқликки, умр йўлдоши ундан меҳр кутса-ю, аёл ноз қилса.

Оиша розияллоҳу анҳонинг муҳаббат изҳори

Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳнинг ишқида шеърлар ёзган ва бу шеърлар Расулуллоҳнинг замонларида машҳур бўлган. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан кейин аҳлияларининг олдига кирар эдилар. Оиша онамизнинг ҳузурларига ташрию буюрганларида табассум билан, чиройли овозда салом берар эдилар. Бу саломга Оиша онамиз қуйидаги шеър билан жавоб қайтарар эканлар:

Қуёши бор самонинг, менинг-да қуёшим бор,

Унинг қуёшидан лек, қуёшим афзал минг бор.

Зотан, само қуёши чиқар фақат кундузи,

Менинг ул қуёшимнинг тунда ҳам порлар юзи.

Абдуманнон Абдуллоҳ тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ер ўз ўқи атрофида бир сутка давомида ўнг томонга 23.43 даража оғиш билан айланади. Ер айланиш ўқининг ана шу оғиши фасллар ўзгаришининг асосий сабабидир. Бунинг давоми...

2556 11:30 / 13.03.2022
Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз .таровеҳ, деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ сўзи роҳатистироҳат деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат давоми...

2370 09:00 / 14.04.2023
Намозда интизомли бўлиш, қолдирмай ўз вақтида мунтазам адо этиб бориш Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан биридир. Бугунги кунда фарз намозларни масжидда давоми...

2629 15:32 / 07.10.2022
Шайх ҳазратлари, менга ушбу оят мазмунини қандай тушуниш кераклигини ўргатсангиз .Аллоҳни тик турганингизда, ўтирганингизда, ётганингизда зикр қилинг,. Каломда давоми...

2882 15:05 / 29.08.2019
Аудиолар

121441 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42938 14:35 / 11.08.2021