1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ўлжага хиёнат қилиш

11:35 / 10.06.2019 2959 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бирон пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида(Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон сураси, 161-оят).

Яъни, бирон-бир Пайғамбар қўлга тушган ўлжадан бирон нарсани яширинча ўзига олиши шариатга ҳам, ақлга ҳам тўғри келмайди. Бу иш пайғамбарлик шаънига сира-сира мос эмас.

Энди кимки ўлжадан бирон нарсага хиёнат қилса, қиёмат кунида ўша хиёнат қилган нарсасини бўйнида кўтариб келади. Бутун гувоҳлар олдида шармандаи шармисор бўлади.

«Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол сураси, 58-оят).

Яъни, Аллоҳ аҳдида турмайдиган, ваъдасига вафо қилмайдиган кимсаларни севмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимизга чиқиб, хиёнатни, унинг улкан гуноҳлигини зикр қилиб шундай дедилар: «Сизлардан биронтангизни қиёмат кунида бўйнида бўкираётган туяни кўтариб келганини кўрмайин. У: «Ё Расулуллоҳ мени қутқаринг», деганида, мен: «Сен учун бирон нарсага молик эмасман. Сенга етказган эдим-ку», дейман. Биронтангизни қиёмат кунида бўйнида от кишнаётган ҳолда кўрмайин У: «Ё Расулуллоҳ, мени қутқаринг», деганида, мен: «Сен учун бирон ишга молик эмасман.Сенга етказган эдим-ку», дейман. Биронтангизни қиёмат кунида бўйнида маълаётган қўйни кўтариб келаётганини кўрмайин. У: «Ё Расулуллоҳ, мени қутқаринг», деганида, мен: «Сен учун бирон нарсага молик эмасман. Сенга етказган эдим-ку», дейман. Биронтангизни қиёмат кунида бўйнида қичқираётган инсонни кўтариб келганини кўрмайин.У: «Ё Расулуллоҳ, мени қутқаринг», деганида, мен: «Сен учун бирон нарсага молик эмасман. Сенга етказган эдим-ку», дейман. Биронтангизни қиёмат кунида бўйнида қимирлаётган (ҳақ ёзиладиган) қоғозни кўтариб келганини кўрмайин. У: «Ё Расулуллоҳ, мени қутқаринг», деганида, мен: «Сен учун бирон нарсага молик эмасман. Сенга етказган эдим-ку», дейман. Биронтангизни қиёмат кунида бўйнида тилла ёки кумуш кўтариб келганини кўрмайин. У: «Ё Расулуллоҳ, мени қутқаринг», деганида, мен: «Сен учун бирон нарсага молик эмасман. Сенга етказган эдим-ку», дейман» (Муслим ривояти).

Кимда-ким ғаниматчилар орасида тақсимланмай туриб, ўлжадан, ёки имомнинг рухсатисиз байтул молдан ва ё йиғилган закотдан юқоридаги ҳадисда зикр қилинган нарсалардан биронтасини олса, қиёмат кунида ўша нарсани бўйнида кўтарган ҳолда келади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Латбияни закот йиғувчи қилиб тайинлаганларида, у келиб: «Булар сизларга, буларни эса менга ҳадя қилишди», деган эди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтгач: «Аллоҳга қасамки, сизлардан бирон киши ҳақи бўлмаган бирон нарсани олса, у қиёмат кунида ўша нарсани кўтарган ҳолда Аллоҳга дуч бўлади. Сизлардан биронтангизни бўкираётган туя ёки мўраётган сигир ё маълаётган қўй кўтариб, Аллоҳга дуч келганини кўрмайин», дедилар. Кейин қўлтиқларининг оқи кўринадиган даражада қўлларини кўтариб: «Эй Аллоҳим, етказдимми?» деб айтдилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарга чиқдик. Аллоҳ бизга уни фатҳ этди. Биз тилла ҳам, кумуш ҳам ўлжа олганимиз йўқ. Ҳар хил буюм, кийим-кечак ўлжа олдик. Сўнг Қуро водийсига йўл олдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бани Жизомлик бир киши ҳадя қилган қуллари ҳам бор эди (У Бани Зобиб қабиласидан бўлиб, Руфоъа ибн Язид деб аталар эди.) Водийга келиб тушганимиздан сўнг, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида туриб, уловларининг тушовларини ечаётган эди. Шу пайт унга пайкон келиб тегди ва шу туфайли ўлди. Биз: «Ё Расулуллоҳ, унга шаҳидлик муборак бўлсин», деган эдик, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳали тақсимланмаган ўлжадан қолган ёпинчиқ уни олов бўлиб куйдиради», дедилар. Бундан одамлар ваҳимага тушди. Бир киши бир ёки икки дона боғич олиб келиб: «Хайбар кунида топиб олган эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оловли боғич ёки оловли иккита боғич», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мулозимлари орасида Каркара исмли бир киши бор эди. У вафот этганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Одамлар бориб уни кўздан кечирдилар ва жунли ёпинчиқ (енгсиз тўн) топдилар. У ёпинчиқни хиёнат қилиб олган эди» (Бухорий ривояти).

Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири Хайбар куни вафот этди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Соҳибингизга жаноза ўқинглар», дедилар. Бундан одамларнинг юзлари ўзгариб кетди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Соҳибингиз Аллоҳ йўлидаги (нарсага) хиёнат қилди», дедилар. Биз унинг кийимларини тафтиш қилиб, бир яҳудий бигизини топдик. У икки дирҳам ҳам турмас эди» (Молик, Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амирларнинг ҳадялари хиёнатдир», деганлар (Табароний ривояти).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Аллоҳ таҳоратсиз намозни ҳам, хиёнатдан бўлган садақани ҳам қабул қилмайди» (Муслим ривояти).

Имом Аҳмад розияллоҳу анҳу айтганлар: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хиёнаткор ва ўз жонига қасд қилган кимсадан ташқари биронтасининг жанозасини ўқишдан бош тортганини билмаймиз».

Аллоҳдан Ўзи яхши кўрган ва рози бўлган ишларига муваффақ этишини сўраймиз. У марҳаматли зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Аллоҳга берган аҳдпаймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ давоми...

3141 09:00 / 21.06.2019
Аллоҳ таоло буюради.Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз, Анъом сураси, 121.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай давоми...

3343 16:25 / 31.01.2019
Аллоҳ таоло .Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар...,, деди Нур сураси, 30 оят.Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1950 09:00 / 31.12.2022
Аллоҳ таоло айтади.Мен ерда ноҳақ кибру ҳаво қилиб юрадиган, агар барча оят мўъжизаларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмайдиган, Тўғри йўлни кўрсалар уни давоми...

8289 20:03 / 08.11.2018
Аудиолар

118735 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40699 14:35 / 11.08.2021