1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Закот бермаслик

15:10 / 14.01.2019 3987 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалла айтади:

«Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар. Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак!..» (Оли Имрон сураси, 180).

«Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!» (Фуссилат, 6–7).

Закот бермайдиган кимсаларни «мушриклар» деб атади.

«Олтин-кумушни тўплаб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабари»ни беринг! У Кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, у билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур)» (Тавба сураси, 34–35).

Бутун аъзолар орасидан фақатгина пешона, ёнбош ва орқа томонга тамға босилишининг боиси, бахил бой фақирларни кўрганда, пешонасини тириштириб, ёнбоши билан туриб олар, агар яқинига келса, орқасини ўгириб олар эди. Жазо қилмишига яраша, мос бўлиши учун мазкур аъзоларга тамға босилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси бир олтин ёки кумуш соҳиби бойлигининг ҳақини (закотини) бермас экан, қиёмат куни бўлганда оловдан қозонлар ясалиб, бойлиги жаҳаннам оловида қиздирилади-да, у билан пешонаси, ёнбоши ва орқа томонига тамға босилади. Агар у совиб қолса, дарҳол бошқатдан қиздирилади. Бу миқдори эллик минг йилга тенг бўлган кунда, то бандалар орасида ҳукм қилингунча давом этади. Сўнг жаннатга ёки дўзахга элтувчи йўлини кўради». «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, туялар-чи?» деб сўрашди. Расулуллоҳ айтдилар: «Туя соҳиби ҳам унинг ҳаққини адо қилмас экан (унинг ҳаққи суғорилган куни соғиб олинишидир), қиёмат куни ўша туя учун текис жой ҳозирлаб берилади. Туянинг бирор боласи ҳам қолмасдан, эгасини туёқлари билан топтайди, оғизлари билан тишлайди, устидан аввалгиси ўтса, яна бошқаси қайтиб келади. (Бу иш) миқдори эллик минг йил бўлган бир кунда токи бандалар орасида ҳукм қилиниб, (туя соҳиби) йўли жаннатга ёки дўзахга эканини кўргунча (давом этади)».

Яна айтилди: «Ё Расулуллоҳ, сигир ва қўйлар-чи?» Расулуллоҳ айтдилар: «Қайси бир сигир ёки қўй эгаси унинг ҳаққини адо этмаса, қиёмат куни бўлганда (ўша сигир ва қўй учун) ҳамма нарса кўринадиган теп-текис бир ер кенгайтириб берилади. (У сигир ва қўйлар) ичида шохи бир-бирига киришиб кетган бўлади, шохсиз ёки шохи сингани бўлмайди, улар уни (эгасини) шохлари билан сузадилар, туёқлари билан топтайдилар, устидан биттаси ўтиб кетса, яна бошқаси келиб босади. (Бу иш) миқдори эллик минг йил бўлган бир кунда бўлур. Токи ҳукм қилиниб, (мол эгаси) йўли жаннат ёки дўзахга эканини кўргунча (давом этади)».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа: золим амир, молидаги Аллоҳ таолонинг ҳақини адо қилмайдиган бой, мутакаббир камбағал» (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Кимнинг Аллоҳ таоло байтини ҳаж қилишга етадиган маблағи бўлса-ю, ҳаж қилмаса, ёки закот бериш вожиб бўлса-ю, закот бермаса ўлаётган вақтида ҳаётга қайтарилишини сўрайди», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Ибн Аббос, Аллоҳдан қўрқ, ҳаётга қайтарилишни кофирлар сўрайди», дея эътироз билдирди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Сенга бу ҳақда Қуръон (ояти) ўқиб бераман. Аллоҳ таоло:

«Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам» деб қолишидан илгари – Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Мунофиқун сураси, 10) деган», дея жавоб бердилар.

«Закот қачон вожиб бўлади?» деб сўрашган эди. «Мол (бойлик) икки юз дирҳамга етса, ундан закот бериш вожиб бўлади», дедилар. «Ҳаж қачон вожиб бўлади?» сўрашган эди. «Озуқа ва уловга эга бўлганда», дея жавоб бердилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ кимга бойлик ато этган бўлса-ю, у закотини бермаса, қиёмат кунида бойлиги икки кокилли аждарга айлантирилади. Сўнг у соҳибининг бўйнига ўралади-да, икки лунжидан тутиб: «Мен сенинг молингман, сенинг хазинангман», дейди ва ушбу оятни ўқийди:

«Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак!» (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Беш иш беш ишга боғлиқ». «Ё Расулуллоҳ, бири иккинчисига боғлиқ бўлган беш иш қайси?» деб сўрашди. «Қайси қавм аҳдини бузса, уларга душманлари ҳукмрон бўлади. Аллоҳ нозил қилгандан бошқа нарса билан ҳукм қилса, уларда фақирлик ёйилади. Фаҳш ишлар авж олса, уларда ўлим кўпаяди. Закот бермасалар, уларга ёмғир ёғдирилмай қўяди. Ўлчов ва тарозидан уриб қолишса, набототлар ўсмай, бир неча йил қирғоқчиликка дучор бўладилар», дея жавоб бердилар (Табароний).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «(Бахил) кишига тамға босилаётганда дирҳам дирҳамга, динор динорга теккан ҳолда босилмайди. Балки териси кенгайтирилиб, ҳар бир динор ва дирҳам алоҳида-алоҳида қўйилиб тамға босилади» (Табароний ривояти).

Истеъмолда бўлган мубоҳ тақинчоқлардан закот берилмайди. Мулк ёки ижара ҳисобидаги тақинчоқлардан эса берилади.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас,, дедилар. .Ким, ё Расулуллоҳ, деб давоми...

3997 18:10 / 18.02.2019
Одамлардан бири Зайд ўз идораларида порахўрлик бадалисиз ишлай олмайди ва одамларнинг илтимосларини усиз бажара олмайди. Бу иш порахўрлар билан масъуллар давоми...

3500 13:00 / 12.03.2020
Аллоҳ таоло айтади.Ўзгаларнинг айблари ортидан жосуслик қилиб юрманглар...,, деган Ҳужурот сураси, 12оят.Яъни, бир киши бошқа бир биродарининг айбини қидирмасин. давоми...

1798 15:10 / 05.06.2019
Зулм бир неча турли бўлади. Ботил йўл билан мол топиш, етим молини ейиш, бандаларни ўлдириш, уриш, жароҳат етказиш, ҳақорат қилиш, лаънатлаш, туҳмат қилиш ва давоми...

4677 12:30 / 13.05.2019
Аудиолар

120124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41790 14:35 / 11.08.2021