1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Тарози, ўлчов ва шу каби нарсалардан уриб қолиш

21:35 / 12.02.2019 5223 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир» (Мутаффифун сураси, 1–3).

Яъни, улар шундай кимсаларки, агар ўзлари бошқалардан бирон нарса олишса, тўлиқ қилиб олишади, бошқаларга бирон нарса сотишса, уриб қолишади.

Суддий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган вақтларида у ерда Абу Жуҳайна исмли киши бор эди. Унинг иккита «микёли» (ўлчов асбоби) бўлиб, бири билан одамларга ўлчаб берар, иккинчиси билан ўзига ўлчаб олар эди. Шу боис Аллоҳ мазкур оятни нозил қилди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Беш иш беш ишга боғлиқ». «Ё Расулуллоҳ, бири иккинчисига боғлиқ бўлган беш иш қайси?» деб сўрашди. «Қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ уларга душманларини ҳукмрон қилиб қўяди. Аллоҳ нозил этган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилса, уларда фақирлик ёйилади. Фаҳш ишлари авж олса, Аллоҳ уларга ўлат юборади, яъни ўлим кўпаяди. Ўлчов ва тарозидан уриб қолса, набототлар ўсмай, бир неча йил қурғоқчиликка дучор бўладилар. Закот бермасалар, ёмғир ёғмай қўяди», дедилар» (Табароний ривояти).

«Улар ўзларининг улуғ бир кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб қилинадиган, ўрталарида ҳукм этиладиган қиёмат) кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!» (Мутаффифин сураси, 4–6).

Зажжож айтганларки: «Агар ўйлаганларида эди, ўлчов ва тарозидан уриб қолмаган бўлишарди».

Молик ибн Динор айтадилар: «Қўшнимнинг олдига кирдим. У ўлими яқинлашиб қолган, қайта-қайта: «Иккита оловли тоғ, иккита оловли тоғ», дер эди. Ундан: «Нима деяпсан?» деб сўраган эдим, «Эй Абу Яҳё, менинг иккита ўлчов асбобим бўлиб, бири билан ўзимга ўлчаб олар, иккинчиси билан бошқаларга ўлчаб берар эдим», деди. Ўрнимдан туриб ўлчов асбобининг бири билан иккинчисини ура бошладим. Шунда у: «Эй Абу Яҳё, бири билан иккинчисини урганингиз сайин, иш – ҳолатим жиддийлашиб, қийинлашиб кетяпти», деди. У кейинроқ шу касали сабабли вафот этди».

Бировларнинг ҳақидан уриб қолиш ўғирлик, хиёнат ва ҳаром ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бу ишни қилганларга Аллоҳ «вайл» билан таҳдид солди. Вайл – шиддатли азоб, бошқа бир ривоятда айтилишича, жаҳаннамдаги водий бўлиб. Агар унга дунёдаги тоғлар туширилса, ҳарорати юқорилиги боис тошларини эритиб юборади.

Салафлардан бири айтган экан: «Ҳар бир (ўлчов асбобида) ўлчовчи ва (тарозида) тортувчи кишининг дўзахий эканлигига гувоҳлик бераман. Чунки Аллоҳ сақлаганлардан ташқари бирон кимса саломат қолмайди бундан».

Солиҳлардан яна бири айтади: «Бир беморни кўргани бордим. Ўлими яқинлашиб, ўзини билмай ётган экан. Унга ҳар қанча «Шаҳодат» калимасини талқин қилсам ҳам, тили ҳеч айланмасди. Ўзига келгач: «Биродар, шаҳодатни шунча талқин қилсам ҳам, тилингиз сира айланмади-я. Тинчликми ўзи?» деб сўраган эдим, «Тарозининг тили (палласи) тилимни босиб, гапиртирмай қўйди», деди. «Нима, тарозидан уриб қолармидингиз?» дея сўраган эдим, «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас. Бироқ вақтида тарозимнинг тўғрилигини текшириб турмас эдим», деб жавоб берди».

Тарозининг тўғрилигига эътибор бермаган кишининг ҳоли шу бўлса, уриб қоладиганларнинг аҳволи қандай бўлар экан?!

Нофиъ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо сотувчининг олдидан ўтатуриб: «Аллоҳдан қўрқ, ўлчов ва тарозини тўғри қил. Чунки уриб қолувчилар терлари то қулоқларининг ярмигача кўмиб юбормагунича тўхтатиб туриладилар», дедилар.

Салафлардан бири айтган экан: «Кам қилиб берган битта дони сабабли кенглиги осмонлару ерча келадиган жаннатни сотиб юборган кимсага вайл бўлсин. Ортиқча олган битта дони сабабли вайлни сотиб олган кимсанинг ҳолига вой бўлсин».

Аллоҳ таолодан афв ва барча балою офатлардан офият тилаймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи бир тушунмаган ёки тушунишни хоҳламаган инсонлар, хамрни дорилик учун озгина ичса бўлар экан, деган гапни кўтариб юришади. Аслида хамрнинг барча тури mdash давоми...

70657 15:00 / 28.11.2020
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. Пайғамбаримиз дедилар .Қиёмат олдидан олти нарсани давоми...

5181 10:06 / 09.06.2022
Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқаларнинг яна бир кўриниши ўзаро никоҳланиши ҳаром бўлганларнинг никоҳланишидир.Аллоҳ таоло эркак учун никоҳланиш ҳаром бўлган давоми...

4233 15:02 / 30.08.2020
Зинога қўл урган аёл Эрим билан бахтли яшар эдик. Эрим уй олгач қайнона ва қайнотамнинг уйидан кўчиб чиқдик. Уларнинг оиласи ўзига тўқ эди. Эрим автоҳалокатда давоми...

4178 17:20 / 14.12.2020
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021