1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мавъиза мажлисларининг мубоҳлиги тўғрисида

15:40 / 02.05.2019 1356 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

IХ боб

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: «Баъзи инсонлар мавъиза учун йиғилиб ўтиришни ёмон кўришди. Баъзилар, агар бу билан Аллоҳ таолонинг ризосини хоҳлаган бўлса, зарари йўқ, дейишди. Шу сўз саҳиҳроқдир. Чунки бу иш шариатни ўрганишдир. Мавъизани ёмон кўрган кишилар Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси эса, бобосидан ривоят қилган ҳадисни ҳужжат қилиб келтиришди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларга бирор нарсани фақат амир ёки маъмур ёки риёкор кишигина қисса қилиб беради», деганлар.

Тамим Дорийнинг Умар ибн Хаттобдан инсонларга ҳар шанба куни қисса айтиб бериш учун изн сўраганлари ривоят қилинган. «Нима учун?» деганларида, «Инсонларга эслатма бўлсин учун», деб айтдилар. «Агар хоҳласанг, эслат, аммо билгинки, бу иш сўйишдир», деб жавоб бердилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки қисса қилса, дарҳақиқат, у пичоқсиз сўйилибди», деган ҳадисларига мувофиқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қисса қилувчи ғазабни, эшитувчи раҳматни кутади».

Абу Қулобадан ривоят қилинишича, у киши намоздан қайтганларида бир киши келиб, бақириб қисса айта бошлади. Абу Қулоба унга: «Сен бир ҳангровчи эшаксан, агар бизнинг олдимизга келсанг, сенга одоб бериб қўямиз», дедилар.

Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен учта оят сабабли қисса айтишни ёмон кўраман. Улар:

«Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят).

«Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?!» (Соф сураси, 2-оят).

«У айтди: «Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот мени ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керакми?!) Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалол-ҳаромга аралаштиришни) ўзим қилишни истайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман» (Ҳуд сураси, 88), оятларидир», дедилар.

Ҳадисда келадики, Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга ваҳий қилиб айтди: «Аввал нафсингга насиҳат қил. Агар шу насиҳатни олсанг, сўнг инсонларга насиҳат қил. Агар ундай бўлмаса, Мендан ҳаё қил».

Ваъз-насиҳат қилишнинг зарари йўқ, деб айтган кишиларнинг ҳужжати Аллоҳнинг таолонинг:

«Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур» (Зориёт сураси, 55-оят), деган сўзидир.

Бошқа бир оятдаги:

«Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!» (Тавба сураси, 122-оят) деган сўзи ҳам далилдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй қисса айтувчилар, қисса айтмангизлар, чунки инсонлар фақиҳ бўлдилар», дедилар. Бу хабарда, агар қавм илмсиз бўлса, қисса айтишнинг зарари йўқлигига далил бор.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу инсонларга тик туриб ҳар пайшанба оқшомида ваъз-насиҳат қилар эдилар.

Ато Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади: «Ким ўзи биладиган илмни инсонлардан беркитса, қиёмат кунида оловдан бўлган юган билан юганланади». Бу ҳақда Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бор.

Абу Ҳурайра: «Агар бир оят бўлмаганда, инсонлар учун мажлис қилиб ўтирмас эдим», дедилар ва Аллоҳ таолонинг:

«Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни одамларга Китобда равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар» (Бақара сураси, 159-оят), деган сўзини ўқидилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар ва Бани Исроил ҳақида гапиринглар, чунки улар ичида ажойиб воқеалар бордир. Бу қийин иш эмас. Кимки мен ҳақимда қасддан ёлғон гапирса, жойини дўзахдан тайёрласин», деб айтганларини ривоят қиладилар.

Ҳасан Басрий айтадилар: «Агар уламолар бўлмаганида, инсонларнинг ҳаммаси ҳайвонларга ўхшаб кетарди».

«Бўстонул Орифийн» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ .Ғунятут толибийн, да Рамазон ҳақида шундай ёзганлар .Рамазон, сўзидаги ҳар бир ҳарф бу муборак ойдаги сифатни баён давоми...

1512 17:00 / 25.04.2020
Британиялик тадқиқотчилар томонидан тиббиётга оид янги тадқиқот ўтказилди. Унга кўра, кунига ярим литр сут ичиш кишини қандли диабет, юрак касалликлари ва ичак давоми...

1863 15:09 / 28.08.2020
СаволКинна солиш ҳақида бу нарса мумкинми ёки аксинчаЖавоб Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймКинна солиш бошни уқалаш маъносида бўлса, тиббий ҳаракат ҳисобланиши давоми...

12994 11:01 / 04.03.2020
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг уйининг томида тарнов бўлиб, у тарнов Умар розияллоҳу анҳу ўтадиган йўлда эди. Жума куни Умар розияллоҳу анҳу давоми...

3676 18:00 / 15.05.2021