1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Энг жажжи даъватчи

11:10 / 25.03.2019 3125 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусо Муҳаммад Ҳажжод Аз-Заҳроний деган одам томонидан айтиб берилган қуйидаги воқеа ҳар бир ақл эгасига катта ибрат бўлади. Инсонни макр-ҳийла нақадар тубан аҳволга тушириб қўйиши-ю, Аллоҳга иймон келтириш натижасида етук инсон бўлиши тасдиқланади. "... Ушбу воқеани менга шайх Жалил Содиқ айтиб берган эдилар. Шайх бир куни мендан сўраб қолдилар: "Дунёдаги энг жажжи даъватчи кимлигини биласанми?". Мен:

– Ҳа, у Ийсо алайҳиссаломдирлар, – дедим.

– Йўқ, мен замонамиздагини сўраяпман?" – дедилар шайх.

– Хўш, ким экан у? – деб қизиқсиндим мен.

Шунда шайх: "Ундоқ бўлса, қулоқ сол", дедилар-да, ҳикояларини бошладилар. «Менинг бир қариндошим бор. Аллоҳ дунё эшикларини унга кенг очиб қўйган. Молу давлат деганлари оқиб келган. Одамлар орасида бойлиги туфайли катта обрў-эътибор топган. Ҳамма нарсада омади чопган, магар Аллоҳ билан алоқасидагина омадсиз... Бой У Зотдан умуман узилган. Намоз нималигини билмайди. Гарчи соғ-саломат жисм ва мўл ризқ эгаси бўлишига қарамай (!), масжид эшигини қоқишни хаёлига ҳам келтирмайди... Бунинг устига, Аллоҳ унга ёқимтойгина ўғил фарзанд ҳам ато этган. Болакай эндигина олти ёшга тўлиб-тўлмаган, ҳали мактабга ҳам бормаган. Лекин, шу ёшидаёқ, Аллоҳ таоло унда кўпгина бошқа болалардан фарқли равишда, кўркамлик, ақлу заковат, фасоҳат ва ҳаё-одобни жамлаб қўйган. Бир куни у дадасининг олдига кириб келади. Дадасининг қўлида телевизор пульти, у каналдан бу каналга айлантириб ўтирарди. Телевизор олдида кўп ўтирганидан, кўзлари толиққан, чарчаган, хаёллари ҳам тўзғиган, паришонхотир... Кириб келганда, боланинг юзлари хўл, сочларидан сув томчилаб турарди, жажжи қўлчалари тирсагигача шимарилган, улардан ҳам сув томиб турарди... У келди-да, дадасининг олдида тўхтади. Унга болаларча тикилди. Боқишида, дадасига нисбатан норозилик аломатлари юзидан билиниб турарди!

Дадаси унга қараб: «Э-э-э, саломат бўлсинлар! Шу кетишларида, Худо хоҳласа, қаерга йўл олдилар энди?!" – деди, ҳазилнамо оҳангда. Шунда болакай ўзининг чучук тилида гапира кетди: «Мен масжидга намоз ўқигани кетаяпман, намозхонлар билан бирга. Мен сизга ўхшаган яҳудий эмасман, сиз-чи, дадажон, яҳудийсиз, намозни хуш кўрмайсиз».

Отадан совуқ тер чиқиб кетди...

– Б-б-болам, бу нима деганинг?! – деди, ўзини йўқотаёзган алфозда.

– Ҳа, тўғрида, – бола шундай деди-да, ўгирилиб, чиқиб кетди...

Ота анграйганча, шу ҳолида, кичкинагина гўдак ўғли юзига тушириб кетган иймоний зарбаларнинг таъсиридан ўзига келолмай анчагача ўтирди. Гарангсиган кўйи, уй ичида тентираб юрди. Кейин эса, сабрсизлик билан унинг келишини кута бошлади...

Бирдан эшик секин очилди-да, болакай кириб келди.

– Нимага кеч қолиб юрибсан..?!

– Дада, айтдим-ку, одамлар билан намоз ўқигани бораман, деб.

Дадасининг айтишича, Аллоҳ шу болани қандайдир ҳимоя қилиб тўсиб турарди. Жуда қаттиққўл ва жаҳлдор бўлишига қарамасдан, унга қаттиқ, ёмон муомала қилишга ёки қўл кўтаришга, жилла қурса, уришиб-сўкишга ҳам журъат қилолмасди...

Ота довдираб юрган пайтда яна бир воқеа рўй берди. Бир куни кўчага ўйнагани чиқиб кетган бола кеч қолди... Хавотирга туша бошлаган отанинг жазаваси тута бошлади.

Энди кўчага қидиргани чиқмоқчи ҳам эдики, эшик ғийқиллаб очилди...Ва...

– Қаерларда юрибсан? Сени излаб ҳаммаёқни қараб чиқдик... Қидирмаган жойимиз қолмади... Сиз жаноби олийларини топиш учун энди полицияга хабар беришимиз қолувди!!!

– Дада...дада... сиз барибир тушунмайсиз. Сиз намозни яхши кўрмайсиз. Мен кеч қолганим йўқ. Ўйнадим. Кейин шом намозини ўқидик. Сўнгра, қўшнимиз Абдулазиз ака билан бир оз гаплашиб қолдик. Ундан сўнг тўғри уйга келаяпман. Кеч қолганим йўқ, дада.

Ота шундай дейди: «Шу топда ўзимни ушлолмай қолдим, кўз ёшларим ёноқларимга оқиб туша бошлади... Қачонгача бу ғафлат? Қачонгача бу каби беғубор, соф мавъизаларни қабул қилсам-да, гуноҳлар зулмати ичра юришимда давом этаман?! Аллоҳ таъоло гўдак тили билан гапиртириб турибди-я, ҳақни?!.

Шайх сўзида давом этади: «Валлоҳи (Алллохга қасам), уни шу вақтгача ҳеч ким бунчалик таъсирлантира олмаганди. Гарчи, болакайнинг онаси солиҳа аёл бўлиб, кўп маротаба эрининг ҳидоятга келишига ҳаракат қилган бўлса-да, бу уринишлар самарасиз кетганди Лекин, Аллоҳ бирон ишни ирода қилса, албатта у иш амалга ошгувчидир!... Ота сўзида давом этади: «Узоқ хаёлларга чўмиб, ўйланиб қолдим. Аллоҳнинг ҳайбати тушган эди, менга... Аллоҳ қалбимга Ўзидан бўлган қўрқув билан бирга муҳаббат ташлаганди. Менда авваллари, бунақа ҳолат ҳеч ҳам бўлмаганди! Узоқ вақт сукутга кетиб, ўйланиб қолдим. Ҳаммаёқ сукунатга чўмгандек эди, гўё... Бу сукунатни хуфтон намозига чақирган Ҳақнинг товуши бўлиб юборди... Бу товуш, ёнимиздаги, охирги марта қачон борганимни эслолмайдиганим, масжиддан таралаётган азон товуши эди!

Менга тикилиб турган ўғлимнинг нигоҳи, гўёки: «Дадажон, қўлимдан тутинг, кетдик, Аллоҳ сари бирга йўл оламиз!» деяётгандек эди. Сакраб турдим... Тезда таҳорат олдим ва қалбимнинг ич-ичидан келаётган кўз ёшларим ёноқларимдан қуйилганича, ўғлимни қўлимга кўтариб олиб, масжидга йўл олдим.

Масжидга қадам қўйишим билан, ўғлим шодлигидан, қўлимдан ерга тушиб, худди учиб кетгудек бўлиб югуриб кетди. Йўлида учраган намозхонга қараб: «Бу менинг дадам! Аҳмад амаки, қаранг, бу дадам бўладилар! Фатҳуллоҳ амаки, мана мени дадам... Дадам... Дадам... Дадажоним..» дер эди шошилиб. Жажжи даъватчининг намозхон дўстлари келишиб, унинг дадасини намоз неъматига мушарраф бўлгани ва кўп йиллардан сўнг, ниҳоят, масжидга қайтгани билан табриклашар, муборакбод этишарди. Шайх айтадилар: «Валлоҳи, бир вақтлар, кибр ва бахиллик зоҳир бўлиб турган, юзини ғубор қоплаган кишидан, нур ёғилиб турган, очиқ юзли инсонга айланган ўша кишини кўрдим... Юзи чиройли бўлиб кетганди... У билан суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, у, ҳар жума эрталабдан туриб олиб, типирчилаб, онасидан жума намозига чиқиш учун, ғусл қилдириб, хушбўйликларни суриб қўйишини талаб қилиб турадиган ўғли ҳақида сўзлар эди...

Сўзларини давом эттириб, шайх яна шундай дейдилар: «Болакайни ҳам кўрдим. Кўчада, болалар билан югуриб, терлаб-пишиб, ўйнаб юрибди. Ўзимча фикр қилдим: «Биз катталар, ёши улуғлар, даъват майдонида сусткашлигимиз сабабли, омадсизликка учраб турганимизда, шу ўйноқлаб юрган жажжи даъватчи биздан кўра илғорроқ ва омадлироқ эмасми?!»

Дарҳақиқат, азизлар, ўйлаб кўрайлик, ушбу ҳикоят бизга очиқ ҳақиқатни зоҳир қилмаяптими? Аллоҳ азза ва жалла бирон ишни ирода этса, уни амалга ошиш сабабларини албатта, пайдо қилади. Аллоҳ Ўзининг ибодатида улғайтирган ва Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаган болакай қандай ҳам ажойиб, шундай эмасми? Ўйлаб қолади, киши. Ичимиздаги айрим оталар, кун келиб, фарзандлари уларни масжидлар сари етаклашларини кутиб ўтирибдиларми?... Қайтанга, хайрли ишларда улар фарзандларига етакчи ва кўмакчи бўлишни ўрнига-я?.. Ёки бу кетишда, таълим-тарбия тушунчалари ўзгариб, фарзандлар оталарни тарбиялашга ўтишадими? Афсуски, орамизда қанча-қанча ибратлар бору, лекин жуда кам ибрат оламиз!..

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдулвоҳид ибн Зайд бир куни Ҳавшаб ибн Муслимга .Эй Абу Бишр, Аллоҳга йўлиққач, қандай аҳволда эканингни хабар қила олсанг, бизга хабар бер,, деди. Орадан сал ўтмай, давоми...

1914 08:00 / 22.02.2020
Толҳа ибн Мусарриф айтади .Ҳайсамадан .Қайси нарса ҳосилсиз пайтида ҳам, ҳосилдорлик пайтида ҳам семираверади Қайси нарса иккала ҳолатда ҳам озаяверади Қайси давоми...

1424 07:10 / 12.09.2019
Кўринишидан ўғирланган ёки тортиб олинган молни сотиб олиш мумкинмиЖавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Кўринишидан ўғирланган ёки тортиб олинганлиги маълум давоми...

6178 15:30 / 13.01.2019
Интернетдан ҳаддан ортиқ фойдаланиш ва виртуал тобелик оилавий ҳаётга зарба бериши, ҳатто ажримларга сабаб бўлиши ҳам мумкинrdquo, дейди руҳшунос олимлар. давоми...

2686 12:00 / 25.04.2019