1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Саҳобалар ва улардан кейинги даврда диний ҳақиқатлар

14:00 / 28.06.2019 2496 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида нозил бўлиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат, ақийда, руҳий тарбия ва Қуръони Карим қироати аҳкомларини яхшилаб ўрганиш ва ўз ҳаётларига татбиқ қилиш вазифаси турар эди.

Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввалгиларидан мазкур соҳалар бўйича ўзлари тушунмаган турли масалалар ечимини сўрай бошлашди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга, у ердаги аҳолига дин таълимотларини ва шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.

Жумладан, Яманга Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у киши ўртасида қуйидаги ривоятда зикри келган суҳбат бўлиб ўтди.

عَنْ أُنَاسٍ مِنْ أَهْلِ حِمْصٍ، مِنْ أَصْحَابِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ  لَمَّا أَرَادَ أَنْ يَبْعَثَ مُعَاذًا إِلَى الْيَمَنِ قَالَ: «كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ؟» قَالَ: أَقْضِي بِكِتَابِ اللهِ، قَالَ: «فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللهِ؟» قَالَ: فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللهِ ، قَالَ: «فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللهِ ، وَلَا فِي كِتَابِ اللهِ؟» قَالَ: أَجْتَهِدُ رَأْيِي، وَلَا آلُو. فَضَرَبَ رَسُولُ اللهِ  صَدْرَهُ، وَقَالَ: «الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Муъоз ибн Жабалнинг Ҳимс аҳлидан бўлган соҳибидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Му-ъозни Яманга юборишни ирода қилганларида:

«Сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» дедилар.

«Аллоҳнинг Китоби ила», деди.

«Аллоҳнинг Китобидан топмасанг-чи?» дедилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ила», деди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан ҳам, Аллоҳнинг Китобидан ҳам топмасанг-чи?» дедилар.

«Фикрим билан ижтиҳод қиламан, бўш келмайман», деди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўкрагига урдилар ва: «Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳнинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.

Ақийда, руҳий тарбия ва қироат илмларида ҳам ба-ъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Улар ўзлари яхши билган соҳалар бўйича бошқаларга устоз бўлдилар.

 

Саҳобалардан кейинги давр

Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига шариат, эътиқод ва руҳий тарбия соҳаларида Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак.

Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади. Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.

Динимизнинг Жаброил алайҳиссаломнинг ҳадисидаги Ислом – шариат қисмига оид фиқҳ илми бўйича, Иймон қисмига оид ақийда илми бўйича, Эҳсон қисмига оид тасаввуф илми бўйича ва Қуръони Карим қироатига оид илм бўйича ҳам етук устозлар, имомлар етишиб чиқдилар.

Ушбу илмларнинг барчаси бўйича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мусулмон уммати ҳамма нарсани у зотнинг ўзларидан қабул қилиб олган. Саҳобалар даврида эса мазкур илмларнинг барчаси улар розияллоҳу анҳумдан қабул қилинган. Улардан кейинги даврда эса ҳар соҳанинг етук зотларидан қабул қилиб олинган.

Зотан, мусулмонлар ичида доимо динни яхши биладиган олим зотлар бўлиши кераклигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда эълон қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирар эдилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар» (122-оят).

Ҳар бир банда ўз динини чуқур англаб етиши кераклигига Аллоҳ таоло қанчалик юқори аҳамият бергани ушбу ояти каримада яққол кўриниб турибди. Бу ҳолат Ислом жамияти диний илмларни чуқур эгаллаган уламоларни кераклигича тайёрлашга алоҳида эътибор бериши лозимлигини кўрсатади. Шу билан бирга, уламоларнинг жамиятдаги ўринлари ва масъулиятлари юксак эканини ҳам таъкидлайди. Ҳар доим мусулмон уммати бу ишга катта аҳамият бериб келган.

Шунинг учун ҳам мазкур диний илмларнинг барчасини ўзига хос етакчи имомлар ва уларнинг бу борадаги йўлларини тутган издошларидан қабул қилиб олиш йўлга қўйилган. Ҳар соҳанинг ўзига хос шаклланган ва мусулмонлар оммаси эргашган йўналишларнинг мазҳаблар деб аталиши урф бўлган. Кейинчалик «мазҳаб» сўзи фақат фиқҳ ва ақийда бўйича йўналишларгагина ишлатиладиган бўлди. Руҳий тарбия бўйича шаклланган йўналишларга «тариқат», Қуръони Карим қироати бўйича йўналишларга «қироат» номи берилди.

Келаси сатрларда мазкур тўрт соҳанинг ҳар бири ҳақида Аллоҳ таолонинг ёрдами ила батафсил тўхталиб ўтамиз.

 “Мазҳаблар бирлик рамзи” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яқин ўн йилларда содир бўлган бу воқеани ўз қулоғи билан эшитган муҳтарам устозларимиздан бирининг айтганлари менга шунчалик таъсирли бўлдики, ҳамон барча давоми...

5814 14:00 / 17.01.2020
Аллоҳ таолонинг алҲайй ва алҚоййум исмларининг дуоларнинг ижобат бўлиши ва машаққатларни аришида ўзига хос таъсири бор. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

2310 13:30 / 14.05.2021
Ханнос ибн Саҳим айтади .Зиёд ибн Жарир билан ахлат ёнидан ўтиб кетаётган эдик. Сўзим орасида .Йўқ, омонат билан қасам,, деб юбордим. Шунда Зиёд йиғлади. Мен жуда давоми...

1994 08:00 / 14.01.2020
Қаънабийнинг Басрадаги бир ўғли айтади .Отам ичкилик ичиб, ёмонларга шерик бўлиб юрарди. Бир куни шерикларини чақириб, эшик олдида уларни кутиб ўтирди. Шу пайт давоми...

1598 08:00 / 30.11.2020