1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Hilol-nashr» нашриётида икки китоб тақдимоти бўлиб ўтди

17:08 / 09.03.2019 3484 pdf Ўқиш режими + -

Бугун 2019 йилнинг 9 март куни «Hilol-nashr» матбаа ижодий уйининг мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилиш устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб «Тафсири Ҳилол 30-жуз» (Қуръони каримнинг 30-пораси тафсири) ҳамда «Усмон ибн Мазъун» жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Муҳаммаджон ўғли томонидан ёзилган «Таълим ва тарбия» китобларининг тақдимотига бағишланди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.

 Сўнгра устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири Ҳилол 30-жуз» асарлари ҳақида сўз борди.

Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламои киромларнинг вазифаси ҳам асри саодатдан то қиёматга қадар айнан ушбу илоҳий омонатни – Қуръон ва Суннатни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, ушбу улкан масъулиятни шараф ила адо этишда уламои киром шайхимизнинг ҳам ана шундай улуғ хизматлари бор. Устозимиз ҳам халқимизга Қуръон ҳамда Суннатни етказдилар. «Тафсири Ҳилол» шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Қуръонни етказишдаги улкан меҳнатлари маҳсули бўлса, «Ҳадис ва ҳаёт» туркуми Суннати набавияни етказишдаги фидокорона хизматлари бўлди. Ҳазрат Қуръон ва Суннатни ўрганиш ва ўргатиш борасида яна бошқа қатор асарлар ҳам ёздилар, бироқ «Тафсири Ҳилол» халқимизнинг қалб тўридан муносиб ўрин олиб, у кишининг шоҳ асарлари бўлиб қолди.

«Тафсири Ҳилол» мўътабар тафсирларнинг анъаналарига содиқ қолган ҳолда, бугунги кун китобхонининг савияси, дунёқараши ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб ёзилган бўлиб, ўқувчини Қуръони карим маъноларининг битмас-туганмас ҳикматларига ошно этади.

Абдуллоҳ Ғуломов, Кўкча-Оқтепа жоме масжиди имом хатиби:

– Замонамиз уламоларининг эътироф қилишларича, «Тафсири Ҳилол»нинг яратилиши халқимизнинг маънавий ҳаётида, Ватанимизнинг тарихида улкан воқеа бўлди. Аввало, бу асар Мовароуннаҳрда тафсир ёзиш анъанасининг қайта тикланиши бўлди. Қолаверса, бу асар давр тақозоси билан она тилимизда ёзилган илк тафсирлардан бири бўлди. Шунингдек, «Тафсири Ҳилол» чоп этилиши юртимизда нафақат тафсир илмининг, балки умуман диний адабиётнинг қайта тикланишига туртки бўлди.

«Тафсири Ҳилол 30-жуз» асарининг ўзига хос жиҳати, муҳим хусусияти унинг муқаддимасидир. Ушбу муқаддимадан динимиз Ислом ҳақида, унинг дастури Қуръони карим ҳақида комил ва шомил маълумотлар ўрин олган. Муқаддима ўқувчини Қуръони карим билан таништиради, уни ўқиш, англаш ва ундаги илоҳий кўрсатмаларга амал қилишга ундайди. Шу боис, муаллиф Қуръон ўқишни инсон умридаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси, деб атайди.

Аллоҳ таоло ушбу китоб орқали Ўзининг каломи шарифига ошно бўлишни насиб этгани улкан ва беназир саодатдир. Бинобарин, тафсир ўқисак, дунёдаги энг улуғ, энг муқаддас, энг пок, энг баракотли китобни ўрганаётган бўламиз. Устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг Қуръонга бўлган чуқур муҳаббати ила йўғрилган ушбу тафсир китобхонларимизга ана шундай тақдим қилинган.

Тадбирнинг иккинчи ярмида «Таълим ва тарбия» асарининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Таълим ақлни ривожлантиради ва сайқаллаштиради. Натижада у ўз ҳаётида керак бўладиган илму маърифатни ашёлар тўғрисидаги турли маълумотларни, касбий маҳорати ёки касб ва ҳунарларга тегишли бўлган фанларни ўрганади. Лекин тарбияга ўхшаб кенг қамровли бўла олмайди. Чунки таълим инсонни руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларини бирдек қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия доимо бирга бўлиши талаб этилади. Шу боис ҳам китоб «Таълим ва тарбия» деб номланди.

Муҳаммадшокир Турдибеков, «Эшонгузар» жоме масжиди имом ноиби:

– Шуни айта оламизки, фақат таълимнинг ўзи инсоннинг ҳар тарафлама етук ва комил бўлишига кифоя қилмайди. Яъни инсон тарбиясиз бўлса, ўзи эга бўлган таълимидан эзгу йўлда эмас, балки ёвузлик ва жиноят йўлида фойдаланиши мумкин. Шунинг учун ҳам бизнинг шариатимизда ҳеч қайси фан тарбиядан айри ҳолда ўргатилмаган. Мисол учун, тафсир, ақоид, ҳадис, фиқҳ, мантиқ, балоғат, тарих, ҳаттоки араб тили дарслиги ҳам доимий ҳолда оят ва ҳадисларда келган тарбиявий маълумотлар билан бойитилган. Ижтимоий ва аниқ фанлар учун мўлжалланган дарсликлар ҳам албатта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган далиллар ва ҳужжатлар билан қувватланган. Масалан, математика, физика, кимё, география, биология, зоология ва ҳоказо, барча фанлардаги маълумотлар, албатта, шариат манбалари бўлмиш Қуръон ва ҳадисга боғлаш ва улардан далиллар олиш ва буюк алломаларнинг ҳаётларидан тарбияга оид мисолларни келтириш билан қувватланган. Шунинг учун ҳам мадрасаларда тарбия, ахлоқ-одоб, маданият ва маънавиятга тегишли алоҳида фан ва дарслик бўлмаган, балки бунга эҳтиёж ҳам қолмаган. Чунки ҳар қандай фан ва ушбу фандан таълим бераётган устоз тарбиявий жиҳатдан қониқарли, балки аъло даражада бўлган. Мазкур мулоҳазаларни эътиборга олиб, асарда фақатгина таълим тўғрисида эмас, балки унинг ажралмас қисми бўлмиш тарбия тўғрисида ҳам имкон қадар маълумотлар келтирилди.

Дарҳақиқат, ушбу китобда қалб ва унга тегишли бўлган ижобий ва салбий ҳолатлар тўғрисида, қолаверса, қалбга бўладиган ташқи ва ички таъсирлар, ҳужумлар, тажовузлар ва яна бошқа нарсалар тўғрисида ҳам маълумотлар берилган. Боиси, қалб барча маълумотлар, хусусан, илм-маърифат, ахлоқ-одоб, таълим ва тарбиянинг макони саналади. Шунинг учун ҳам қалбни турли иллатлардан тозаламай туриб, гўзал фазилатларга эришиб бўлмайди. Ушбу китобда бунинг ҳам йўл-йўриғи ва баъзи бир услублари ёритилган.

Шунингдек, тадбирда «Hilol-nashr» нашриёти муҳаррири Озод Мунаввар ҳамда «Таълим ва тарбия» асари муаллифи Исҳоқжон Муҳаммаджон ўғли ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбир ғоятда қизиқарли ва унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Анвар Абдуллоҳ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тошкент шаҳар Чиғатой даҳасидаги .Имом Бухорий, жомеъ масжиди имомхатиби Яҳё домла Абдураҳмонов Рамазон ойи тадбирларида ватандошларимиз учун диниймаърифий давоми...

1090 16:10 / 13.04.2023
Жорий йилнинг 25 июнь куни Қирғизистон мусулмонлари қурултойи бўлиб ўтди. Унда Қирғизистоннинг янги Олий муфтийи сайланди. Бу ҳақда ru.sputnik.kg манбасига таяниб, azon.uz давоми...

2220 16:50 / 26.06.2021
1 февралдан бошлаб, BNI Syariah ва Bank Syariah Mandiri ҳамда BRI Syariah BRIS банклари расмий равишда бирлашиб, мамлакатнинг энг йирик Ислом банки бўлган Bank Syariah Indonesia ни ташкил давоми...

1808 09:30 / 21.12.2020
Бугун, 7 январь куни Саудия Арабистони Макка Амири, Икки муқаддас масжид ходими маслаҳатчиси Шаҳзода Холид алФайсал ташаббуси билан ташкил этилаётган Ҳаж ва умра давоми...

1025 13:45 / 07.01.2023
Аудиолар

118757 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40716 14:35 / 11.08.2021