1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуонинг фазли (бешинчи ҳадис)

12:50 / 07.03.2019 3657 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ё сўраганини (тезда) беради, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар.

Шунда одамлардан бири:

«Ундай бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», деди.

«Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда дуонинг қабул бўлиши шартларидан иккитаси ва дуонинг фазлларидан иккитаси зикр қилинмоқда.

Дуонинг қабул бўлиши учун зарур бўлган ушбу икки шарт:

1. Мусулмон кишининг гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилишидир. Гуноҳ қилиб туриб, дуо қилинса, қабул бўлмас экан.

2. Мусулмон кишининг қариндошлик алоқаларини узмасдан дуо қилишидир. Қариндошлик алоқасини узган ҳолда қилинган дуо ҳам қабул бўлмас экан.

Дуонинг фазлларидан иккитаси:

1. Аллоҳ таоло томонидан дуода сўралган нарсанинг тез берилиши.

2. Дуо қилувчидан сўралган нарса мислича ёмонликнинг буриб қўйилиши.

Бас, шундай экан, банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилиши лозим.

Демак, банда дуоларим қабул бўлмади, демаслиги керак экан. Аллоҳ таоло унга шу дуоси туфайли охиратда катта ажрни тайёрлаб қўйган бўлиши ёки катта бир балони даф қилиб қўйган бўлиши мумкин экан.

Шунинг учун дуо қилишда иккиланмаслик, гумонда, шубҳада юрмаслик керак. Дуо қилавериш ва ижобат бўлишидан умидвор бўлиш лозим.

Дуони қандай ижобат қилиш эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Ўзи билади. Агар Аллоҳ таоло сўралган нарсани бермаса, ажрини охиратга олиб қўяди ёки ўрнига бошқа бир ёмонликни даф қилади.

Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар:

«Дуонинг ижобати турли навда бўлади. Гоҳида сўраган нарсанинг айни ўзи берилади. Гоҳида унинг ўрнига эвази берилади».

Яна Ибн Жавзий айтадилар:

«Билки, мўминларнинг дуоси рад қилинмас. Фақат унинг учун ортга суриш яхши бўлганда ижобати ортга сурилади. Ёки тездами, секинми, унинг ўрнига ундан кўра яхшироқ эваз берилади. Эҳтимол, арзимаган нарсани сўраган бўлади. Аммо унга афзал ва ўта арзигулик нарсани беради. Бас, мўмин киши Роббига дуо қилишни, Ундан талаб ва сўрашни тарк қилиши жоиз эмас. У таслим бўлиш ва тафвиз қилиш – Аллоҳга солиб қўйиш ила қанчалик ибодат қиладиган бўлса, дуо билан ҳам шунчалик ибодат қилади».

Ривоят қилинишича, бир подшоҳ улкан, ажойиб қаср қурдирди. Қурилиш битгач, ўзида йўқ хурсанд бўлиб, хизматкорига: «Бу қасрни одамларга кўрсат, ким унинг айбини, камчилигини айтса, унга икки дирҳам бер ва уни тузат», деди.

Бир дарвеш буни эшитиб, хизматкорнинг олдига келди-да: «Бу қасрнинг иккита тузатиб бўлмас катта айби бор», деди. Хизматкор «Қандай айблар экан?» деб сўраган эди, дарвеш: «Биринчиси – бу қасрни қурган подшоҳ ўлиб кетади. Иккинчиси – бу қаср ҳам абадий қолмайди», деди.

Хизматкор бу гапни подшоҳга айтган эди, у ўзини маломат қилиб, дунёга берилиб ўтказган умрига ачинди. Кейин ўткинчи зеб-зийнат ва дабдабалардан воз кечиб, боқий қоладиган ишлар билан, ибодат билан машғул бўлди.

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир халифа вафот этгач, румликларда ихтилоф чиқиб, ўзаро мулк талашишлар бошланди. Шунда мусулмон бўлмаганлар .Ҳозир мусулмонлар ўзи билан ўзи овора. Уларга давоми...

3842 07:30 / 12.08.2019
1. Сизни ўзининг тоатига муваффақ қилиши.Агар сиз тоат ибодатларни осон бажариб, гуноҳ қилишга қийналсангиз, билингки, Аллоҳ сизни яхши кўргани учун Ўз тоатига давоми...

6392 11:03 / 15.04.2022
Телевизор тафаккури заиф, мутолаа ва мулоҳазадан маҳрум одам учун ихтиро қилинган афюндирrdquo, деган эди ўтган асрларда яшаб ўтган турк адиби Жамил Мерич.Ўринли давоми...

4889 15:00 / 25.12.2018
Шомнинг Солиҳияrdquo маҳалласида Муҳйиддин ибн Арабийrdquo номли хайрия жамияти бор. Жамиятнинг бош котиби ажойиб, фозил киши Абу Файсал эди. У ушбу жамиятда фақиру давоми...

3599 18:00 / 01.03.2019
Аудиолар

210991 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130251 14:35 / 11.08.2021