1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мусулмонларнинг энг яхшиси бўлайлик!

08:30 / 27.12.2018 3457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийcи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқнинг комил иймонга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, биз мусулмонларни яхши хулқли бўлишга тарғиб қилмоқдалар.

Ислом ҳусни хулққа катта эътибор беради. Бу ҳақда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Буни ўз навбатида келадиган бобларда кўриб чиқамиз. Аммо, бу ҳадиси шарифнинг комил иймон бобида келтирилишига сабаб – ҳусни хулқнинг иймон комил бўлишида ҳам муҳим омил эканлигини таъкидлашдир.

Яхши хулқ очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон икки дунё саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар.

«Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир», яъни, мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири шуки, бирор аҳамиятли мавзу омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуга тегишли энг муҳим нарса алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда:

«Сизларнинг яхшиларингиз хотинларингизга яхшилик қиладиганларингиздир», деб таъкидланмоқда.

Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқалар билан яхши муомалада бўладилар-у, хотинлари билан муносабатда бадхулқ бўладилар. Бундайларни халқимиз «кўча хандон, уй зиндон» дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканлигини айтганларидан сўнг, бунда фақат бегоналар билан муносабатгина эмас, балки, энг аввало ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар.

Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир.

Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари, деб алоҳида таъкидлангани эса Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдамиз икки улкан фойдадан иборатдир:

1. Ҳусни хулқли бўлиш.

2. Хотинга яхшилик қилишни йўлга қўйиш.

Ҳадиси шарифнинг ҳикматига инсоният қанчалар муҳтож эканлигини ҳар онда, ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. Чунки ушбу ҳадисда зикр этилган нарсалар орқали ҳар бир инсоннинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти қоим бўлади. Бунга инсоннинг ҳар лаҳзада иши тушади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик, мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу йигитни ҳар саҳарлик ва ифторликда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан биргаликда кўряпмиз ва самимий имоишораларини кузатяпмиз. давоми...

2061 19:00 / 19.05.2020
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мушриклардан қочиб, яширинган ғорда эдик. Мен уларнинг таъқиб давоми...

2646 08:00 / 09.01.2021
Ҳудҳуд ndash бизнинг тилда попишак дейилади. У Қуръони Каримда зикр қилинган қушлардандир. Унинг Сулаймон алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссаси машҳурдир. давоми...

9196 11:00 / 02.07.2020
Рўза, араб тилида .сиём, деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради.Шариат истилоҳида эса .Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани давоми...

1764 19:00 / 19.04.2020
Аудиолар

211080 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130339 14:35 / 11.08.2021