1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Келин-куёв ҳаққига дуо қилиш

15:00 / 16.04.2025 21717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Никоҳ ва тўй ҳақида хабар топган ҳар бир кишининг ўша никоҳ ва тўйга сабабчи бўлган келин-куёвларнинг қураётган оилалари ва ўзларига бахт-саодат тилаб дуо қилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари воситасида барча мусулмон халқлар маданиятининг ажралмас қисмига айланган. Қуйида мазкур маданиятга асос бўлган ривоятлардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, «Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жам қилсин», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Келин-куёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан, ҳар бир мусулмон келин-куёвнинг тўйлари муносабати ила уларни табриклаш пайтида ҳақларига Аллоҳ таолодан хайр-барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб, дуо қилиши керак.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ақийл ибн Абу Толиб Бану Жусамлик бир аёлга уйланди. Бас, унга «Муроса ва болалар ила», дейилди. Шунда у:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Аллоҳ сизларга муборак қилсин ва барака берсин», денглар», деди».

Насаий ривоят қилган.

Кишилар Ақийл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйлангани муносабати ила муборакбод қилишда ўзларига одат бўлиб келаётган эски табрик сўзларини айтишган эди, у кишига ёқмади. У киши розияллоҳу анҳу, Набийимиз алайҳиссалом янги уйланган одамни қандай сўзлар билан табриклаган бўлсалар, мени ҳам шундай табрик қилинглар, деб ўргатдилар.

Ҳа, мусулмон киши ҳар бир нарсада ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғи лозим. Ҳатто уйланиш муносабати ила айтиладиган табрик сўзларида ҳам.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланганларида онам келиб, мени ҳовлига олиб кирдилар. Қарасам, ансорий аёллар уйнинг ичида эканлар. Бас, улар «Хайр ва баракали бўлсин. Энг бахтли ва насибали бўлсин», дедилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамизнинг тўйлари Мадинаи Мунавварада бўлган. Оиша онамизнинг оналари Умму Руммон бинти Омир ибн Абдушамс розияллоҳу анҳонинг ўзлари у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кирганлар. Ўшанда ҳовлида Асмо бинти Язийд розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ Мадина аёллари ҳам бўлганлар. Улар келин бўлмиш Оиша онамизни кўрганлари заҳоти у кишининг ҳақларига яхши тилаклар билан дуо қилганлар.

Кейин Умму Руммон розияллоҳу анҳо Оиша онамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кириб, ўтқазганлар ва:

«Мана бу – аҳлингиз, ё Расулаллоҳ, Аллоҳ сизга буларни муборак қилсин», – деганлар.

Демак, келин-куёвни кўрган киши дарҳол табриклаб, яхшиликлар тилаб дуо қилиши керак экан.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жинсий ожизлик араб тилида .анийн, дейилади ва аёлни истамайдиган эркакка ва эркакни истамайдиган аёлга нисбатан ишлатилади. Шаръий истилоҳда эса, жинсий олати давоми...

15151 16:00 / 27.01.2024
Оиланинг бузилишига сабаб бўладиган омиллардан бири бу бефарзандликдир. Бефарзандлик доимо оилаларда кўнгилсизликнинг сабаби бўлиб келган. Чунки бу нарса оила давоми...

2486 14:00 / 23.06.2022
Тарбия ҳам отаоналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир..Тарбия, сўзи арабча .робба, феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди давоми...

15184 15:30 / 31.08.2021
. .Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди,, ndash давоми...

3755 11:00 / 10.04.2021