1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фарзандларнинг мероси (иккинчи мақола)

16:00 / 26.02.2019 2126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мерос олиш кераклиги ҳақидаги тортишувлар унчалик кўп эмас. Аммо кимга қанча мерос бериш кераклиги ҳақида турли тортишувлар тез-тез учраб туради. Бундай тортишувлар Аллоҳни тан олмай, ҳар ким ўзича иш кўриши оқибатида келиб чиқади.

Бу масалалар билан мероснинг Қуръондаги тақсимини ўрганиш жараёнида танишиб чиқамиз. Ҳозир ана шу мерос оятларининг нозил қилинишига сабаб бўлган ҳодисага диққатни жалб этайлик.

Аллоҳ таоло:

«Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир. Агар улар иккитадан кўп аёл бўлсалар, уларга у (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси. Агар битта аёл бўлса, унга ярми. Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарз (адо этилган)дан сўнг. Ота-оналарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар. (Бу –) Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Албатта, Аллоҳ Алийм ва Ҳакиймдир», деган (Нисо, 11-оят).

Ушбу ояти каримада мерос қисқа иборалар билан, ажойиб услубда ва ўта аниқликда тақсим қилинмоқда. Қадимги уламоларимиз мерос оятини «Дин арконларидан бири, ҳукм устунларидан бири ва оятларнинг оналаридан бири» деб атаганлар.

Қадимда ҳам, ҳозирда ҳам уламолар мерос ҳақида нимаики ёзган бўлсалар, уларнинг барчаси ушбу оятга ва кейин келадиган икки оятга шарҳ ёки тушунтиришдан иборатдир.

Энди ояти каримани қўлимиздан келганича тафсир қилишга ўтайлик:

1. «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир».

«Васият» сўзи фақат ўлаётган одам таъкидлаб айтган гапдан иборат эмас, балки бу сўз кенг маъноли бўлиб, насиҳат, қарор, ҳукм ва таъкидланган тавсия маъноларини ҳам англатади. Ушбу оятда ҳам Аллоҳнинг васияти – амри маъносида келмоқда.

Ушбу оятда жоҳилият ҳукмига қарши равишда меросда аёл кишининг ҳам ҳаққи борлиги биринчи бор очиқ-ойдин айтилмоқда. Шу билан бирга, болаларга отасидан қолган меросни тақсимлашда икки қизга теккан улуш бир ўғилга тегиши айтилмоқда. Ислом душманлари бу маънони қўполроқ қилиб, «Исломда хотин кишига эркак кишига бериладиган мероснинг ярми берилади», дейдилар.

Яхши тушуниб олиш учун мисол келтирайлик. Бир одам вафот этиб, ортидан бир ўғил, икки қиз қоладиган бўлса, ўғлига мероснинг ярми тегади, икки қиз эса мероснинг қолган ярмини тенг бўлиб оладилар. Агар икки ўғил, икки қиз қолса, мерос олти ҳиссага бўлинади, Қизлар бир ҳиссадан икки ҳиссани, ўғиллар икки ҳиссадан тўрт ҳиссани оладилар. Агар бир ўғил, бир қиз қолса, ўғил икки ҳисса, қиз бир ҳисса олади.

Бугунги кунда мерос бобида Исломга унинг душманлари томонидан таъна тошлари асосан ана шу тақсимга қараб отилмоқда. Улар аёл киши Исломда яримта одам ўрнида кўрилиши ҳақида оғиз тўлдириб гапиришади. Бу ҳол ўтакетган адолатсизлик эканлиги ҳақида сафсата сотишади. Бу билан улар Аллоҳнинг ҳукмига шак келтирадилар, илоҳий адолатни адолатсизлик деб атайдилар.

Аслида уларнинг бундай шаккокликларига эътибор бериш керак эмас. Улар ўз шаккокликларига яраша қиёматда жавоб берадилар. Мўмин-мусулмон одам эса шариатнинг ҳукмини ҳеч қандай иккиланишсиз, очиқ қалб билан кутиб олиб, амал қилиши лозим.

Аммо баъзи бир тузуккина мусулмон бўлиб кўринган, қўлидан келганича шариат ҳукмига амал қилишга уриниб юрган кишиларнинг, айниқса, аёлларнинг бу масалада Ислом душманларининг фикрларини таъкидлаб айтиб юришлари ачинарли ҳолдир. Бу аввало, душманлар ўзларининг ботил фикрларини қайта-қайта безаб кўрсатишлари ва айни пайтда мусулмонларга керакли савиядаги исломий тушунча берилмаганлигидан бўлса керак.

Шунинг учун ушбу масалани бир оз кенгроқ баён қилиш лозим, деб ўйлаймиз.

Биринчидан, «Исломда мерос адолатсиз тақсим қилинади, аёл кишига эркак кишига аталган мероснинг ярмича берилади», деган таъна бу масалада янгилик эмас.

Қадимгилар «Нима учун аёл кишига мерос берилар экан?» дейишар эди. Ҳозиргилар эса «Нима учун аёл кишига эркак кишидан оз мерос берилади?» демоқдалар, холос. Бу икки ҳолат ҳам жоҳилликдан ўзга ҳеч нарса эмас.

Иккинчидан, Исломга мерос масаласида таъна тошини отаётганларнинг ўзлари ким? Эски жоҳилиятдагилар ким эканлиги маълум ва уларни эслаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Янгилар эса аёлни эркак билан тенг ҳуқуқли ҳисоблаб, «Ўзинг ишлаб топиб, е, эринг сени таъминлашга масъул эмас, чунки тенг ҳуқуқлисизлар», демоқдалар.

Уларнинг фикрича, ҳар бир аёл ўз меҳнати билан ризқу рўз топиши керак, уни боқишга ҳеч ким масъул эмас. Бироқ айни пайтда улар ҳозиргача ҳам аёл кишига эркакларга нисбатан оз иш ҳаққи бериб келмоқдалар.

Кечагина худди шуларнинг оталари «Аёл киши ҳақиқий одам эмас, шайтоннинг малайи, эркак кишини йўлдан уриш учун яратилган махлуқ», дер эдилар. Яқин-яқинларгача уларда аёл киши умуман мерос олиш ҳуқуқига эга бўлмаган.

Учинчидан, Ислом аёл зотини туғилганидан то вафот этгунига қадар эркак қариндошлари тўла таъминлайдиган қилиб қўйган. Бунинг устига, уларни меросдан ҳақ оладиган қилиб белгилаган. Аёл зоти қиз ўрнида бўлса, Ислом шариати бўйича, унинг барча нафақаси отасининг зиммасига ўтади. Отаси вафот этса, ака-укалари зиммасида бўлади. Бу ҳақ вожиб ҳақ бўлиб, агар нафақа бериши лозим бўлган киши бундан бош тортадиган бўлса, Ислом ҳукумати куч ишлатиб бўлса ҳам, уни олиб беради. Шунингдек, аёл зоти эрлик бўлганида унинг барча нафақаси эрининг бўйнидаги вожибга айланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом тузумида аёл киши моддий жиҳатдан бир лаҳза ҳам қаровсиз қолмайди. Бундай ҳолатда у ўзига теккан меросни хайр-эҳсонга ёки кўнгилхушлигига сарф қилиши қолади, холос. Бунинг нимаси адолатсизлик?

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оятбелги бордир,, деган Наҳл, 67.Шарҳ давоми...

4958 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсинОртларидан набий йўқ зотга солавотлар бўлсинИслом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, 1409 ҳ.с. 13 20 Ражаб 1989 давоми...

3235 05:00 / 19.01.2017
Ҳозирги кундаги жамоавий муаллифлар китоблари ичида энг кўзга кўрингани ва машҳури Кувайт давлати Вақф ва Исломий Ишлар вазирлиги томонидан таълиф қилинган давоми...

2940 15:48 / 26.09.2019
Тўрт фиқҳий мазҳабнинг истинбот қилган ҳукмларини далилсиз келтирган китобга Абдурраҳмон Жазирийнинг .Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа, асари мисол бўла давоми...

6327 12:30 / 10.04.2019