1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Энг гўзал тўрт хулқ

21:00 / 26.02.2019 3437 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар: “Барча дўстларни кўрдим, тилни муҳофаза қилишдан кўра яхшироқ дўст учратмадим. Барча либосларни кўрдим; иффат ва тақводан кўра яхшироқ либос кўрмадим. Барча мол-дунёни кўрдим; қаноатдан яхшироқ мол кўрмадим. Барча яхшиликларни кўрдим; насиҳатдан яхшисини кўрмадим. Барча неъматларни еб, татиб кўрдим, сабрдан лаззатлироқ неъмат тотмадим”.

 

Ё яхши сўз айт ёки сукут қил

Давримизда, инсоний муносабатларда юзага келаётган кўп муаммолар тилни ноўрин қўлланишдан келиб чиқмоқда. Зеро, тил хайрнинг калити бўлганидек, ноўрин ишлатганда ёмонликка ҳам калит бўла олади. Шунинг учун тилимиз қалбларга ханжардай ботмаслигига эътибор беришимиз керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирса, ё яхши сўз айтсин ёки сукут қилсин”.

 

Иффатни ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли – никоҳ

Ҳақ таоло бандасининг иффатли ва ҳузурли умргузаронлик қилишини истайди. Иффатни ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли – никоҳ. Турмуш қуришга имконияти етганларнинг никоҳланиши керак бўлганидек, турмуш қуришга кучи етмаганларни никоҳлаб қўйиш Ислом жамиятига юкланган илоҳий вазифа ҳисобланади. Бу хусусда шундай ояти карима ҳам бор: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир” (Нур, 32-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ижтимоий ибодатнинг қийматини шундай ифодалаганлар: “Энг фазилатли шафоатлардан (ва ташвиқ этилган амаллардан) бири – никоҳда икки кишининг ўртасида туриб ёрдам беришликдир”.

 

Ёмон феълнинг муолажаси

Ёмон хулқнинг энг таҳликали хислатлари бўлган ҳирс ва ҳасаднинг ягона муолажаси – руҳиятни қаноат ҳузурига эриштириш. Чунки қаноатнинг кўнгилга берган илоҳий хазиналари ҳеч қачон тугаб битмайди. Бу хусусда Аллоҳнинг Расули саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қаноат – битмас-туганмас хазинадир”.

Шундай экан, бойликнинг ҳақиқий ўлчови – қаноат. Илоҳий тақсимотга рози бўлиш. Ўзидан кўра қўли узунроқ кишиларга ҳасад қилмаслик. Бойликнинг ҳақиқий лаззатини фақат қаноат билан татиш мумкин.

Ҳазрати Мавлоно қуддуса сирруҳ шундай дейдилар:

“Тирилиш учун ўлингки, ҳақиқий гўзаллик ва бойликка ноил бўласиз!”

Фақат шуни унутмаслик керакки, гўзаллар ўзларига термуладиган кўз, ошиқ кўнгил истайди. Сўқир кўзга гўзаллик, кар қулоққа нағма тортиқ қилинмаганидек, оч тийнатлар ҳам қаноатнинг ҳаловати ва роҳатини ҳис этмайдилар.

Комил инсон ризқ ва неъмат учун ташвишланмайди. Чин банда ризқнинг эмас, Раззоқнинг кўйида бўлади. Бошқаларнинг имкони ва неъматларига кўзу кўнглини олайтирмайди. Ҳақиқий банда мудом ҳар ҳолидан рози бўлади.

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламнинг гўзал сабрлари

Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳақ даъвоси йўлида фақат ғайри муслимлар ва инкорчилардан эмас, Исломнинг зарофат ва назокатини билмайдиган янги мусулмонларнинг қўполликларига ҳам гўзал сабр билан тоқат қилардилар. Даштдан келган бир бадавий қўполлик билан:

– Эй, Муҳаммад! Эй, Муҳаммад! – дея қайта-қайта бақиришларига қарамай, Ул зот ҳар сафар мулойим услубда:

– Лаббай, нима истайсиз? – дея жавоб берганлар.

Уммати Муҳаммад, Ҳақ таолонинг дўстлари ҳам ўзгаларнинг ўзларига нисбатан қўполлигига, хато ва қусурларини айб санамайдилар. Уларни ислоҳ қилиш учун ҳар турлик машаққатларга жону дилдан киришадилар. Мана шу ҳақиқий илм ва ирфоннинг тақозосидир.

 

Энг гўзал йўл

Демак, инсонларнинг азиятларига сабрсизлик қилиш ҳикматдан бенасиблик ва жаҳолатнинг оқибатидир.  Илм ва ирфон соҳиби бўлганлар қанчалик, назокатли бўлсалар, ҳикматдан бенасиб ва жоҳил кимсалар қўпол, бефаҳи ва одобдан маҳрум бўладилар.  Мавлоно Ҳазратлари бу хусусда шундай гўзал ифода этганлар:

“Ақлим қалбимдан “Иймон нима?” дея сўради. Қалбим эса ақлимнинг қулоғига “Иймон одобдан иборатдир” дея шивирлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур” (Фуссилат, 34-оят) ояти билан боғлиқ шундай деганлар: “Жаҳл пайтида сабр ва ёмонликка чорасиз қолган онда авф – энг яхши йўл. Бундай йўл тутган инсонларни Аллоҳ муҳофаза қилади. Душманлари уларга бўйинсуниб, содиқ дўстга айланади.”


Таржимон
Умида Адизова
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда мусулмон кишининг таниган ва танимаганга салом бериши суннат амалларидан бири ҳамда мусулмоннинг мусулмондаги вожиб ҳақлардан биридир. Зеро, саломлашиш давоми...

16651 11:30 / 09.10.2020
Мен бу қиссани сира ҳам унутмайман. Шомнинг Ҳамидия бозори кўчасида ўта фақир йигит газлама мато сотар, газламанинг метри 50 лира бўлиб, 1 долларга тенг эди. Унинг давоми...

2187 12:30 / 12.06.2021
Одамлар кучли ва ожиз тушунчаларини турлича талқин қиладилар. Кўпчилик бунга фақат моддий тарафдангина қарайди. Билаги кучга тўлган, жисмонан бақувват кишиларни давоми...

2974 21:00 / 21.03.2019
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган маъно келиб давоми...

1862 09:14 / 13.08.2019