1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Азон ва иқома айтишнинг ҳам ўз тартиби бор!

11:15 / 25.02.2019 14808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азон китоб, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган Ислом шиоридир!

Абу Бакр ибн ал-Мунзирнинг наздида жамоат намозлар учун сафарда ҳам муқимликда ҳам азон айтиш фарздир.

Имом Молик жоме масжидларда азон айтиш вожиб деган.

Ато ибн Абу Рабоҳ ва Мужоҳид ибн Жабр: “Азон айтилмасдан ўқилган намоз саҳиҳ эмас”, деган. Имом Авзаий ҳам шу фикрда бўлган.

 Ал-адавий эса: “Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг наздида азон айтиш фарзи кифоя дейилган” – деб айтган.

Зоҳирийлар: “Азон ва иқомат ҳар бир намоз учун вожиб” дейишган. Аммо азон ва иқомасиз намоз дуруст бўлиш-бўлмаслигида уларнинг ҳам ўзаро ихтилофи бор.

Имом Шофеъий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг наздида азон айтиш суннат. Имом Нававий шу қавлни жумҳурнинг қавли деган.

Бизнинг ҳанафий уламоларимиз ҳам ёппасига шу – суннат деган гапни айтганлар. Матнларда ҳам азон суннат деб келтирилган.

Машойихларимиз орасида азон вожиб деганлари ҳам бўлган. Улар имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган: “Агар шаҳар аҳолиси азондан воз кечишса, уларга уруш эълон қиламиз” – деган фатвога таянишган. Уларга: “Уруш эълон қилинишининг сабаби маъруф амални ёппасига тарк қилишгани учундир. Бундан азоннинг вожиблиги келиб чиқмайди” – деб жавоб берилган.

Муаззинлик ва имомликдан қай бири афзаллигида уламоларнинг ихтилофи бор. Бир гуруҳ олимлар муаззинлик афзал дейишган. Улар бу сўзга Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қиладилар:

ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

“Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?! (Фуссилат сураси, 33-оят).

Шунингдек, ушбу ҳадисга ҳам таянадилар:

المؤذنون اطول اعناقا يوم القيامة

“Қиёмат куни муаззинларнинг бўйлари (бошқалардан) узунроқ бўлади!” (Имом Муслим ва Ибн Ҳиббон)

Бир гуруҳ фуқаҳолар эса имомлик яхши, чунки тўрт рошид халифалар имомликни танлашган, деганлар.

Ҳозирги замонимизда муаззинларнинг ҳақ олиши макруҳ бўлмайди. “Мухтор ал-фатава” дан нақл қилиб “Сирож ал-мунир”да шундай келтирилган.

Таҳорати йўқ одамнинг азон айтиши макруҳмас. Асаҳҳ қавл шу. Иқома айтиши эса макруҳ.

Жунуб ҳолатда азон айтиш макруҳ бўлади. Шунингдек, хунаса, фосиқ (ҳатто олим бўлса ҳам), мажнун, маст, ақлини танимаган ёш бола ва аёл кишининг азони ҳам макруҳ ҳисобланади.

Жунуб одам айтган азон қайтариб айтилади. Иқомаси эса қайтарилмайди. Чунки шариатда азонни қайтариб айтиш бор. Масалан жуманинг азони. Иқоманики эса йўқ.

Ўтириб азон айтиш макруҳ бўлади. Лекин ўзи учун азон айтганда ўтириб айтиш макруҳмас.

Азонни бир жойда тик туриб айтилади. Икки жойда бир азон айтиш макруҳ. “Дуррул-мухтор”да шундай деган.

Кўзи ожиз одамнинг азон айтиши Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларига кўра макруҳдир. “Муҳит”да шундай дейилган. Аммо, “Канзуд-дақоиқ”да худди қулнинг, валади зинонинг ва аъробийнинг азони макруҳ бўлмагани каби, кўзи ожизнинг азон айтиши ҳам макруҳ бўлмайди, дейилган.

Азон ва иқома айтиш жараёнида томоғини қириб танаҳнуҳ қилмайди. Чунки бу бидъат. Шунингдек, шу икки жаарёнда гапириш ҳам мумкинмас. Салом берганга алик олиб ҳам бўлмайди. Агар гапириб юборса бошидан қайта айтиш керак. "Фатҳ ул-қадир"да шундай дейилган.

Маждул-аимма Туржумоний “Ал-Қуня”да келтиришича, азон орасида томоғини қириш ё йўталиш учун тўхтаб вақф қилса азонни қайтариб айтиш шарт эмас, аммо кўп йўталиб вақф чўзилиб кетса қайтариб бошидан айтиш керак.

Масжиднинг ичида азон айтилмайди. “Фатавои Қозихон”да шундай дейилган. Азонни масжид ҳовлисида, баланд жойда, иқомани эса ерда айтиш суннат. “Шарҳ ул-иршодда” шундай. Лекин шом намозининг азонида машойихларнинг ихтилофи бор.

Маст, аёл, мажнун ва ақли пастнинг айтган азони қайтарилади. Аммо фосиқнинг азонини қайта айтиш вожиб эмас.

Намоз вақтларини билмайдиган муаззин муаззинлик савобини олмайди. “Фатавои Қозихон”да шундай дейилган. Бу гап “Фатавои Хония”да ҳам бор.

Муаззин келмаса жамоат бошқа масжидга кетиб қолмайди, балки ораларидан бири азон айтиб намоз ўқийдилар. Гарчи битта одам бўлса ҳам.

Муаззин тоқатидан ортиқ даражада овозини баланд кўтариб ўзини қийнаши макруҳ бўлади. “Жомеъул музмарот”да шунадай келган.

Форс тилида айтилган азон – азон эмас! Асаҳ қавл шу. “Мавоҳибур-роҳман”да шундай дейилган.

Масжидда азон ва иқомани айтган одам ўша жамоат билан намоз ўқимаслиги макруҳ бўлади. Чунки у одамларни яхши ишга жамлаб қўйиб ўзи ташлаб кетяпти. “Матолиб ул-мўминин”да шундай дейилган.

Азондан кейинги “тасвиб” (иқома айтишдан олдинги “такбири қома”, “иқома” каби сўзлар)ни Кўфа олимлари пайдо қилган. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ уни муҳим ишлар билан машғул ходимларга айтиб қўйилса зарари йўқ. Масалан қози, амир кабиларга иқомадан олдин тасвиб айтиб қўйилса бўлаверади, деган. Мутааххир уламоларимиз эса тасвиб ҳамма намозда ҳасан деб ҳисоблаганлар. (Абдулҳай Лакнавий. Нафъул муфти вас-саил).

Авазбек Мўминов,

Андижон шаҳар Чинор жоме масжид имом хатиби

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳавшаб Иброҳим Таймийдан ривоят қилади .Тушимда дарё бўйига келиб қолгандек бўлдим. Менга шундай дейилди .Сабр қилганинг ва ғазабни ичингга ютиб турганинг учун давоми...

2841 08:10 / 15.01.2020
Дард сўйлатадиrdquo дейишади ёши улуғлар. Изтироб чекаётган одам тилига келганини қайтармайди. Ҳамма нарсага, ҳаммага исён қилгиси келади. Оғриқ зўридан инграган давоми...

4522 12:10 / 09.04.2019
Сингапур давлатининг биринчи ҳижоб кийимидаги аёл Президент Ҳалима Яқуб ҳисобланади. Унинг асосий позицияси .Экстремистик терроризм ва исломофобия, га қарши давоми...

4445 11:30 / 12.11.2019
Аллоҳ таолонинг салафларга барака бериши ва саҳобий Усаид ибн Ҳузайр иштирокида бўлгани каби Қуръон ўқилса, фаришталар тушишидан ва уларнинг бирортасини илон давоми...

4721 12:40 / 11.05.2019
Аудиолар

211087 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130344 14:35 / 11.08.2021