1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Халқнинг хилоф илмига берилиши сабаби (биринчи мақола)

15:10 / 18.05.2019 2395 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг давлатни ҳидоятга эргашган хулафои рошидинлар бошқардилар. Улар Аллоҳ маърифатига эга олим, ҳукм чиқаришда етук фақиҳ, фатво беришда мустақил зотлар эди. Машварат тақозо этувчи ҳоллардагина фуқаҳоларга мурожаат қилар, бошқа пайтларда эса, улардан ёрдам кутиб ўтирмас эдилар. Шунинг учун уламолар охират илми билан машғул, бошқа илмлардан холи эди. Фатво беришда халқнинг дунёга боғлиқ ҳукмларидан ўзларини четга олишарди. Сийратларида келтирилгани каби, бор ижтиҳодлари, ҳаракатларини Аллоҳ таоло томонига йўналтиришар эди.

Хулафои рошидинлардан сўнг ўзлари фатво ва ҳукм чиқариш илмини яхши эгалламаган ҳамда халифалик мақомига нолойиқ кимсалар давлат тепасига келишди. Улар ўзлари ҳукм ва фатво чиқаришни эплай олмагач, фуқаҳоларни ёрдамга чақира бошлашди. Лекин салафлар ахлоқини маҳкам ушлаган, диннинг кўрсатмаларини соф сақлаб келаётган тобеъин уламолар бирор мансабга чақирилсалар, қочар ва юз ўгирар эдилар.

Энди халифалар уларни зўрлаб бўлса ҳам, қозилик ва ҳукумат ишларига жалб қилишди. Ўша асрларда яшаганлар уламоларнинг иззати, ҳиммати юксаклиги, бошлиқ ва валийлар эса, уларни излаб юрганларига шоҳид бўлишди. Баъзи кимсалар илмни иззатга эришиш ва подшоҳлар тарафидан обрў-эътибор қозониш учун талаб қила бошлашди. Улар фатво бериш илмига шўнғиб, подшоҳлардан мансаб ва мурувват кутишар эди. Уларнинг айримлари ҳеч нарсага эришмади, баъзилари эса, муваффақиятга етишди. Аммо улар тиланиш хорлигидан қутилмади. Илгари қидирилган фуқаҳоларнинг ўзлари энди қидирувчига айланишди. Султонлардан юз ўгириш билан азиз-мукаррам бўлган фуқаҳолар уларга юзланиш ила хорланишди. Ҳар даврда бўлгани каби, Аллоҳнинг динида содиқ бўлган уламоларгина азиз бўлиб қолаверди.

Аввалига фуқаҳолар ҳокимлар ва волийлар кўпроқ муҳтож бўлган фатво ва ҳукмлар илми билан овора бўлишди. Кейинроқ амирлар ва арбоблар орасида баъзи одамлар ақида қоидаларига оид гаплар тарқатаётганини эшитишди. Энди уларнинг нафси ақидага, ҳужжатларни тинглашга мойил бўлди. Амир ва арбоблар калом илмидаги мунозара ва мужодалага рағбат қилгач, калом илмига шўнғиб, қаттиқ берилиб кетишди. Бу ҳақда кўп китоблар тасниф қилишди, мужодала услубларини тузишди, турларини ишлаб чиқишди ва бу қилмишларини Аллоҳнинг динини ва суннатни ҳимоя этиш, бидъатни синдириш деб номлашди. Кейинроқ бошлиқларда калом, мунозара илмлари тўғри эмаслиги ҳақида фикр пайдо бўлди. Чунки мунозара ва калом илмига эшик очилиши билан қон тўкилиши ва вайронагарчиликка олиб борувчи таассубият ва хусумат эшиклари ҳам очилган эди. Султонлар ва амалдорлар олимларни янги бир нарса – фиқҳ илмида мунозара қилиш билан машғул этмоқчи бўлишди. Хусусан, Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ ва Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларидан қайси бири афзал, дея олимлар орасида мунозара алангасини ёқишди. Энди одамлар калом ва бошқа илмларни ташлаб, Шофеъий ва Абу Ҳанифа ораларидаги ихтилофий масалаларга киришиб кетишди. Амалдорлар мана шу икки мазҳабни айтганлари учун Молик, Суфён, Аҳмадлар (раҳматуллоҳи алайҳим) орасидаги хилофларга ҳеч ким эътибор бермади. Улар бу машғулотларидан мақсад шариатнинг нозик жиҳатларини ўрганиш, мазҳабнинг иллатларини таҳрир қилиш ва фатво бериш асосларини тузиб чиқиш эканини айта бошлашди. Бу икки мазҳаб орасидаги ихтилофлар ҳақида китоблар тасниф қилишди ва бугунга қадар мужодала турларию таснифлари билан оворадирлар. Биздан кейинги асрларда Аллоҳ яна нималарни содир қилади, билмаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, хилоф ва мунозараларга олимларнинг астойдил киришганига асосий сабаб ана шулардир.

Агар дунё эгалари, салтанат соҳиблари Абу Ҳанифа ва Шофеъий қолиб, бошқа имомлар орасидаги мунозарани ёки умуман бошқа илмдаги мужодалани хоҳлаб қолишса, олимлар ўша нарсани амалга оширишади ва ишларининг дин илми эканини, қолаверса, у билан «оламлар» Роббига қурбат ҳосил этишини баҳона қилишади.

(давоми бор)

«Иҳёу улумид-дин» асаридан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти Ўқиrdquo деган буйруқ билан бошланади. Дарҳақиқат, ислом илм динидир. Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида илм ва давоми...

4600 12:30 / 13.08.2019
Ражо ибн Ҳайва айтади .Бир кеча Умар ибн Абдулазизнинг уйида тунаб қолдим, лекин кечаси ухламадим. Бир пайт чироқнинг мойи тугаб қолди. У чироққа мой қуймоқчи давоми...

1499 08:00 / 25.06.2020
....Аъзам Ўктам шеърларини ўқир эканмиз, ислом ибодатларига ndash намоз, рўза каби Аллоҳ мўминмусулмонларга буюрган фарз амалларга алоҳида эътибор, балқиб кўринади. давоми...

1665 13:05 / 05.11.2019
Аллоҳ таоло Шууро сурасида марҳамат қилади.Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва давоми...

3097 16:28 / 18.10.2018