1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Нур сураси 37 оят

15:11 / 10.06.2017 8751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Нур» 37. бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар.

Демак, Аллоҳнинг нури, нурли чироқ, иймон нури

«У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига...» изн берган.

Яъни моддий ва маънавий жиҳатдан юқори даражада бўлишига Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган. Бу уйларни баланд қилиб қуришга изн берган.

«...ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир».

Яъни ўша баланд қилиб қурилган уйларнинг даражасини янада баландлатиш учун уларда Ўзининг исмини зикр этишни буюрган. Шу маъноларни эътиборга олиб, уламоларимизнинг кўплари, «Бу уйлардан мурод масжидлардир», – дейдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан «Масжидлар Аллоҳнинг ердаги уйларидир», деган гап ҳам нақл қилинган. Ушбу оятнинг тафсирида Ҳофиз ибн Касийр масжид қуришга тарғиб қилувчи, масжид одобларини ўргатувчи ҳадислар билан бир қаторда масжидга зеб беришдан қайтарувчи ҳадисларни ҳам келтирганлар.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен масжидларни безашга амр қилинмаганман», – деганлар.

Имом Аҳмад ва яна бир қанча муҳаддислар Анас розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар масжидлар ила мақтанадиган бўлмагунларича, қиёмат қоим бўлмайди», деганларини ривоят қилганлар.

Демак, масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида ва кейинги оятда айнан шу нарса зикр қилинмоқда.

«Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар»

У уйларда Аллоҳга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар – Аллоҳни поклаб ёд этурлар. Улар

«бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас».

Бу ерда Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда. Аллоҳ таоло неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш – тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир. Яъни улар иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан, жамоат намозини қолдирмайдилар. Ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки

«Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар».

Яъни қиёмат кунидан қўрқадилар. У Кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда яширин тутишингизда гуноҳ йўқ. Албатта, сиз уларни эслашингизни Аллоҳ биладир. Лекин улар билан давоми...

3044 09:25 / 16.03.2018
Кейин эса сиз шундайсизки, ўзингиз ўзингизни ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар давоми...

3491 08:40 / 08.10.2017
Бақара 183. Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз.Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ давоми...

6256 19:18 / 17.06.2017
Тавба 5. Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар бир кузатиш жойида пойланглар. Агар тавба давоми...

5629 05:09 / 04.06.2017