1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 183 оят

19:18 / 17.06.2017 6258 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақара 183. Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз.

Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади. Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:

«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.

Оятнинг маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмаслигини, балки барча динларда қадимдан бор ибодат эканини тушунамиз. Чунки унда:

«Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди»,  дейилмоқда.

Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламоларнинг таъкидлашларича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юриш рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юриш рўза дейилади. Улардаги рўзанинг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турлича бўлади.

Исломдаги рўза ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир. Рўза араб тилида «савм» дейилиб, луғатда «ўзини тийиш» деган маънони билдиради. Шариатда эса Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан, ейиш-ичишдан ва шаҳвоний амаллардан ўзини тийиб туришга айтилади. Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:

«Шоядки, тақво қилсангиз»,  деб, рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахснинг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавойи нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Унда мангу қолувчидирлар. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас. Бақара 162. Бундай ҳолга тушишларига уларнинг ўзлари сабабдирлар. Вақтни бекор давоми...

2533 09:00 / 29.12.2017
Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар аёлларининг бир йилгача чиқарилмасдан, баҳраманд бўлишини васият қилсинлар. Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида давоми...

2972 09:30 / 21.03.2018
Бақара 12. Огоҳ бўлингки, улар ndash ўшалар бузғунчилардир, лекин ўзлари сезмаслар. Бақара 13. Ва агар уларга .Одамлар иймон келтирганидек, иймон давоми...

2885 22:06 / 20.05.2017
Одамлар бир уммат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм давоми...

2776 23:50 / 20.02.2018