1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг зикрига шошилинг

11:48 / 04.01.2019 4245 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир» (9-оят).

Жума куни ҳафта кунлари ичида энг фазилатлиси ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: «Қуёш чиқиб турган кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Ўша куни Одам яратилган, жаннатга киритилган, жаннатдан чиқарилган. Қиёмат ҳам жума куни қоим бўлади», – деганлар.

Оятдаги «намозга чорланган пайтда»дан мурод имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Набий алайҳиссалом вақтларида, Абу Бакр Сиддиқ билан Умар Форуқ даврларида жумага фақат бир марта азон айтилган. Ҳазрати Усмон халифа бўлганларидан сўнг шаҳар кенгайиб, одам кўпайганда, у киши бозордаги ўзларининг Завро номли ҳовлиларида ҳам яна бир марта азон айтишни ташкил қилганлар. Уни эшитиб, кишилар масжидга юзланганлар. Кейин имом минбарга чиққанда жуманинг ҳақиқий азони айтилган. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир.

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг».

Худди шу оят билан мусулмонларга жамоат билан ўқиладиган икки ракъатли жума намози фарз қилинди. Унинг вақти – пешин намозининг вақти. Яъни жума куни пешин намози ўрнига жамоат билан жума намози ўқилади.

Аллоҳнинг оятдаги

«…ва савдони қўйинг…» деган фармонига асосан жума куни иккинчи азондан бошлаб, намоз ўқиб бўлингунча вақтда савдо-сотиқ билан шуғулланиш ҳаром қилинган.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло жума намозида мусулмонлар учун катта фойдалар борлигига кафолат беряпти.

«Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир».

Ўша фойдалар қуйидагилар:

1. Жамоат намози вақтида мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, ораларидаги фарқлар йўқолади. Давлат бошлиғи оддий фуқаро билан, бой камбағал билан, оқ танли қора танли билан бир сафда туриб, бошини ерга қўйиб, сажда қилади, яъни жамоат намозида ўзаро тенглик ғояси ҳаётга татбиқ қилинади.

2. Озода кийинган, хушбўй атирлар сепган катта-кичик барчанинг бир сафда туриб, катта жамоат билан намоз ўқиши Исломнинг фазлини кўз-кўз қилади. Кишиларга ўз таъсирини ўтказади.

3. Жума намозида доимо хутба – ваъз, насиҳат бўлади. Кишилар яхшиликка даъват қилинадилар ва ёмонликдан қайтариладилар. Умуман, мусулмонларга керакли барча мавзулар баёни бўлади.

4. Кўпнинг дуоси кўл, деганларидек, жума куни кўпчилик биргаликда хайр-барака тилаб, дуолар қилади. Бунинг устига, Аллоҳ таоло жума кунига дуолар қабул бўладиган соатни жойлаган. Набий алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида жумага ғусл қилиб, ювиниб, хушбўй нарсаларни сепиб бориш тавсия қилинган. Жума намозини узрсиз қолдириш эса жуда катта гуноҳ ҳисобланади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп давоми...

4081 11:56 / 12.01.2019
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади .Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир, давоми...

563 19:00 / 27 февраль
Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Ёзилган ажал ўлароқ. Ким бу дунёнинг савобини истаса, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини истаса, унга ўшандан давоми...

2275 17:00 / 11.01.2022
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён давоми...

2871 19:00 / 18.01.2022