1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳеч бир жой қабрчалик қўрқинчли эмас

21:09 / 27.11.2018 3488 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан бири ўлимни эслашдир.

Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига сабаб ўлимни унутишларидир. Ўлимини ўйламаган одам ҳар қандай гуноҳни тап тортмай қилавериши ҳеч гап эмас.

Агар ҳар бир банда бир кун келиб ўлишини, тупроққа қорилишини, қуртга ем бўлишини, Мункар ва Накир саволларига тутилишини, қиёматда тирилишини, жаннат ёки дўзахга киришини ўйлаб турса, ўлимни эслайдиган ва унга тайёргарлик кўрадиган бўлади.

Аҳмоқ ўлимдан кейинни кўзламай, ҳавойи нафсига берилиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қилмай, У Зотга тавба ҳам қилмайди. Аллоҳ таоло эса: «Тоатимга бахиллик қилганга қандай қилиб раҳматимни ҳадя қиламан?!», дейди.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз жойларига кирдилар ва одамларни тишларини тиржайтириб турган ҳолларида кўрдилар-да: 

«Агар сизлар лаззатларни бузувчини кўпроқ эслаганларингизда, мен сизларни кўриб турган ҳолингиздан машғул қилар эди. Бас, лаззатларни бузувчини – ўлимни кўп эслангиз. Ҳолбуки, қабр ҳар куни: «Мен ғурбат уйиман. Мен ёлғизлик уйиман. Мен тупроқ уйиман. Мен қуртлар уйиман», деб туради. Бас, қачон мўмин банда дафн қилинса, қабр унга: «Марҳабо! Хуш келдинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра маҳбубсан. Зеро, бугун мен сенга валий бўлдим, сен олдимга келдинг, энди сенга нима қилишимни кўрасан», дейди. Бас, у унинг кўзи етгунча масофага кенгаяди. Унинг учун жаннатга эшик очилади. Қачон фожир ёки кофир банда дафн қилинса, қабр унга: «Сенга марҳабо йўқ! Хуш келмадинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра ёмон кўрилгансан. Зеро, бугун мен сенга валий бўлдим, сен олдимга келдинг, энди сенга нима қилишимни кўрасан», дейди. Бас, у унинг устидан қисади ва унинг қовурғалари бир-бирига киришиб кетади», деб бармоқларини бир-бирига киритиб кўрсатдилар. 

У зот сўзларида давом этиб: «Кейин Аллоҳ унга етмишта катта илонни унга бириктириб қўяди. Агар улардан бири ерга пуфласа, дунё тургунча у ерда бирор нарса ўсмайди. Бас, улар уни то ҳисобга олиб борилгунча чақиб ва ютиб турадилар», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Албатта, қабр жаннат боғларидан биридир ёки дўзах чуқурларидан биридир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳар бир банда ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб, ўлимни кўп ўйлаши ва унга тайёргарлик кўриши зарур. Қабрга кириши билан бандага ёруғ дунёдаги эътиқоди ва қилган амалларига яраша яхши ёки ёмон муомала қилиш бошланишини ҳеч эсдан чиқармаслик лозим. Қабр азобини ўйлаб юришнинг ўзи ақли-ҳуши жойида бўлган ҳар бир бандани тўғри йўлга солиб қўйиши турган гап.


"Руҳий тарбия" китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўча кўйда хаттиҳаракатларида озгина енгиллик бор аёллар ҳақида кексаларимиз .эри борми, деб сўрашади. Кўпдан буён кузатиб юрибман. Бу савол бугун аёлларга давоми...

5466 12:05 / 27.08.2019
Кутиш гоҳ саодат, гоҳи муаммо,Кўзларда баъзида йилтиллайди дур.Бу бахтми, бахтсизлик кишига аммо,Кимни, ниманидир кутмоққа мажбур.Оч қолган фақирнинг кутгани давоми...

1418 20:55 / 11.10.2021
Ёш эрхотин бирбирини жуда яхши кўрар, тинчосуда ҳаёт кечиришар эди. Уларнинг табиатлари бирбирига тескари бўлиб, хотин серҳиссиёт, эр эса босиқ эди.Кунларнинг давоми...

4252 16:00 / 20.06.2019
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзингни шубҳага солмаган нарсани ол, деган гаплари қоидадир.Шубҳали давоми...

2195 13:40 / 11.09.2019