1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закотнинг тўғри бўлиш шартлари

13:00 / 27.04.2021 7265 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Ният. 
Закотнинг тўғри бўлиб Закот ўрнига ўтиши учун энг муҳим шарт Закот беришни ният қилишдир. Чунки, Исломда ҳеч бир ибодат ниятсиз бўлмайди.
Қачон рўза тутилса ният қилиш керак. Токи тутган рўзаси фарз рўзами, назр рўзами ёки нафл рўзами билиниши керак.
Шунингдек, намознинг ҳам фарз, вожиб, Суннат ёки нафл экани ниятдан ажратилади.
Садақа молиявий ибодатнинг ҳам тури кўп. Закот эканинни ният қилмай молни бировга берса, Закот ўрнига ўтмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», деганлар.
Ҳанафий мазҳаби бўйича Закотнинг ниятини фақирга беришга ҳукман бўлса ҳам қўшиб қилиш керак. «Ҳукман бўлса ҳам» деганда молни фақирга бериб қўйиб, у фақирнинг қўлида турганида «шу Закотим» деб ният қилиб қўйса жоиз. Ёки вакилга бераётиб ният қилса, вакил ният қилмаса ҳам дуруст. Фақирга беришга қўшиб ният қилиш керак бўлгани учун ният қилиб Закотни ажратса-ю, у фақирнинг қўлига етиб бормасдан туриб йўқолса ёки ўғирланса, қайтадан Закот беришга тўғри келади.
2. Мулк қилиб бериш. 
Закот бериш тўғри бўлиши учун Закот берувчи томонидан у ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак. Фойдаланиб туришга ёки таомлантириш йўли билан берилган нарса Закот бўлмайди. Ҳанафий мазҳаби бўйича мажнун ва ёш болага Закот бериб бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръонда «Ва Закотни беринглар» деган. Бу-мулк қилиб бериш билан собит бўлади.
Яна, Аллоҳ таоло: «Албатта, садақалар фақирлар учундир» деган. «Садақа қилинди», дегани бировга бир нарсани мулк қилиб берди, деганидир. «Фақирлар учундир», дегани ҳам араб тили қоидасида мулк маъносини билдиради. Ўша иборада «тамлик ломи» - мулк қилиш - деб номланган «лом» ҳарфи ишлатилган.
Закот шартлари орадаги шарҳлар билан бир-биридан анча узоқлашиб кетгани сабабли эслаб қилишга осон бўлиши учун шу жойда жамлаб, рақамлар билан ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди.

I - Закот фарз бўлиши учун молда бўлиши лозим шартлар:

1. Тўлиқ мулк бўлиши керак.
2. Феълан ёки тақдиран ўсувчи мол бўлиши керак.
3. Нисобга етган бўлиши керак.
4. Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши керак.
5. Қарздан холий бўлиши керак.
6. Бир йил тўлган бўлиши керак.

II - Закот берувчида бўлиши лозим шартлар:

1. Мусулмон бўлиши шарт.
2. Балоғатга етган бўлиши шарт.
3. Ҳур бўлиши шарт.
4. Оқил бўлиши шарт.

III - Закотнинг тўғри бўлиши шартлари:

1. Ният бўлиши шарт.
2. Ҳақдорга мулк қилиб берилиши шарт.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
МуқаддимаРамазони шариф ойида қилинган ибодатларга бошқа ойдагиларга нисбатан улкан ажрмукофотлар ваъда қилингани боис, бу улуғ ой кириб келиши билан, нисоб давоми...

4202 05:00 / 16.01.2017
Нима учун Қуръони Каримда Закот сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида намоз билан бирга зикр қилинганНима учун Пайғамбаримиз давоми...

3673 05:00 / 14.01.2017
Турли сабабларга кўра бошқа бир одамдан қарз бўлиб қолган одам қарздор ҳисобланади. Ҳар хил офатлар туфайли ночор ҳолатларга тушиб қолганлар ҳам шу тоифага давоми...

2254 03:10 / 05 апрель
Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни ўта билувчидир.Мусулмонлар бу давоми...

3597 16:35 / 30.01.2018