1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Яхшиликка етишиш шарти

16:35 / 30.01.2018 3600 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни ўта билувчидир.

Мусулмонлар бу маънони тўлиқ тушунган замонларда яхшиликка эришиш учун ўзларининг энг яхши, суюкли молларини нафақа қилиб, улуғ даражаларга эришганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:

«Абу Толҳа Мадинадаги ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида «Ҳаа» номли қудуқ энг маҳбуби эди. Бу қудуқ масжиднинг тўғрисида эди. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом у қудуққа бориб, унинг ширин сувидан ичар эдилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз» ояти нозил бўлганда, Абу Толҳа:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз», – демоқда. Молу мулким ичида мен учун энг маҳбуби «Ҳаа» қудуғидир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг, – деди. Набий алайҳиссалом:

– Яхши, яхши, бу фойда берувчи мулк, бу фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг дейман, – дедилар. Абу Толҳа:

– Худди шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули, – деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тайин қилди».

Имом Бухорий ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Хайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз? – дедилар. У зоти бобаракот:

– Аслини ушлаб тургин-да, тушган фойдани садақа қилиб тур, – дедилар.

Мусулмонлар асрлар давомида Аллоҳнинг розилигини тилаб, яхши кўрган молу мулкларини нафақа қилиб келганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Бакр уни Баҳрайнга юборганда ушбу мактубни ёзган эди .Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

8126 09:00 / 30.04.2021
Ер ости бойликлариолтин, уран, кумуш, мис, қўрғошин, кўмир, нефт, темир ва ҳакозолар қанчалик катта бойлик эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Уламоларимиз Аллоҳ давоми...

4684 05:00 / 16.01.2017
Маълумки, қадим замонларда одамлар савдо ва иқтисодий муомалаларини қўлларидаги мулк бўлган нарсаларни бирбирига алмаштириш билан қилганлар. Кейинроқ молнинг давоми...

3181 05:00 / 14.01.2017
Аллоҳ таоло .Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, қарздорлар, Аллоҳнинг йўлида ва ватангадо учундир. давоми...

8317 05:00 / 14.01.2017