1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

“Илоё, қўлингиз дард кўрмасин”

15:00 / 28.04.2017 2534 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Яқин Шарқ” радио станцияси менга Қурбон ҳайити байрами куни номимдан эшиттирилиши учун бир қисса ёзиб беришимни юклади. Мана, байрам ва унинг барака-ю шукуҳи ҳамма ерни кезиб юрибди, бироқ, ҳали қисса ёзилганича йўқ... Йўқ азизлар, (ҳеч нарса ёзмаган экан-да, деб ўйламанг) унинг ўз қиссаси бор. Қулоқ солинг, ҳозир айтиб бераман...

Ўзи мен табиатан ҳеч шошилмайдиган одамман. Озгина вақт қолган бўлса ҳам ишни ортга суриб, охирги лаҳзасигача тақаб юравераман. Вақт яқинлашгач, мажнун одамга ўхшаб, гўё дўстимиз Лофунтин айтган, “Тошбақа билан мусобақалашаётиб, ўзининг енгиллигига ишониб йўлда ухлаб, тошбақа ўзиб кетган қуёндек сакраб қоламан”.

Менга радио станциянинг таклиф хати келгач қарасам, эшиттиришгача ҳали анчагина вақт бор экан. Хотиржаам ухлайвердим. Охири ҳайит кечаси ҳам келди. Ҳозир қиссани ёзиб уни авиапочта орқали жўнатишим учун олдимда бир неча соатларгина қолди, холос. Мана энди ёзишга қоғоз қалам олгандим гўё бирор марта мақола ёзмагандек қалтираб, тилим тутилиб қолди. Ҳа, азизлар, адибнинг кўнгли шунақа бўлади. Гоҳида булоқдек отилиб чиқади. Баъзида эса, тошдек қотиб, бир оғиз ҳам сўз келмай қолади. Лекин одамлар бунга ишонмайдилар ва адиб ичидан сўзни худди савдогар дўконидан матони чиқариб олгандек чиқариб олади, деб ўйлайдилар. Бу гап тушмагур баъзида адибнинг ўзи ҳам рад эта олмайдиган даражада қуйилиб келавериши, баъзида эса умуман келмай қолишини билмайдилар. Мен бу кеча билмаслигимдан ожиз бўлиб ёза олмаётганим йўқ. Аслида мен йигирма йилдан буён газета журналларга тинимсиз мақола ёзаман. Лекин ҳақ эвазига ёзиш олди-сотди ҳисобланади ва ҳар бир товарнинг ўз нархи бўлади. Мен инсофли бўлиш ва одамларга кўнгилдан хизмат қилишни яхши кўраман. Шунинг учун бирор мавзуга қўл урсам, ўлчаб кўраман. Агар радиостанция менга тўлайдиган ҳаққа тенг келмайдиган бўлса, уни тарк этаман ва қимматроғини яъни, долзарброғини қидираман. Хаёлимга бирор фикр келса, янада кучлироғи сари ошиқаман. Ҳатто, мен ҳеч нарса қилиб улгурмасимдан вақт ўтиб кетай, дейди ва устоз Тавфиқнинг куни бошимга тушади. У кишига бир филмга диалог ёзиб беришни юклаб, эвазига катта ҳақ ажратишган экан. Кейин устознинг бу борада фикрларига ҳеч нарса келмай, кучлари етмасдан, шу сабабли уйларидан қочиб кетган эканлар. Охири у киши бир китоб ёзиб, унга “Ҳивор” эмас, “Ҳимор” деб ном қўйган эканлар.

Бу ерда араб тилига тааллуқли гап кетмоқда. “Ҳивор” диалог дегани. “Ҳимор” эса эшак дегани. Маъно жиҳатидан узоқ, лекин тузилиш жиҳатидан бир-бирига жуда яқин сўзлар. Бир ҳарфи фарқли, холос. Устоз Тавфиқдан ҳивор ёзиб бериш сўралганида кўнгилларига илҳом келмай қолиб айтилган вақтда ёзиб беромаган эдилар. Кейин илҳом келиб, шу ҳиворни ёзгач эса, энди келган илҳом “тўйдан кейинги ноғора” қабилидан бўлди. Мен уни деб қанча шарманда бўлиб, қочиб юрдим, деган маънода унга “Ҳимор” деб ном қўйган эканлар.

Айни пайтда мен ҳам энди ҳеч нарса ёза олмас эканман-да, деб ноумид бўлиб, кийимларимни эгнимга илдим-да, бозор томон қочдим.

Бозорни айланиб юрдим. Ҳайит кечаси Дамашқ бозорлари маҳшар каби: чироқлар ёқилган, дўконлар очиқ, ҳар томонни сотувчилар босиб ётибди. Шаҳар аҳолиси ва деҳқонлар улар томон оқиб келмоқда. Улар турли кийимлар кийган, ҳар хил тилларда гаплашар эди. Сотувчилар бор овозича харидор чақирар, харидорлар ҳам бақир-чақир қилар, хуллас ҳамма ўзи билан ўзи овора. Барча товарлар ёйиб қўйилган. Озиқ-овқат, кийим-кечак, турли ўйинчоқлар... Ҳамма бу кеча эртанги байрамга тайёргарлик кўриб, озиқ-овқат, кийим-кечак сотиб олмоқда.

Мана шу тиқилинч ичида хаёлим ҳар ёнга сочилиб, ана у – ёзиб бераман деб ваъда бериб қўйганим ва ҳатто мени номимдан эшиттирилиши радиода эълон ҳам қилиниб, энди эса ёзишни уддалай олмаётганим – қисса ҳақида ўйланиб юриб, ҳайит намоз ўқиладиган намозгоҳга етиб келиб қолибман. Кутилмаганда, катта бир оломон олдидан чиқиб қолдим. Одамлар битта дўконнинг атрофини ўраб туришибди. Қизиқувчанлигим мени нима бўлганини билишга ундади ва одамлар орасидан аста-секин кира бошладим. Хаёлимда ажойиб бир файзли, илмий баҳс эшитаман деган ниятда, ўша манзарага етиб бордим ва қарадим. Қарасам, иккитаси уришяпти. Бири жуда камбағал, кўримсиз кичкинагина, ёлғиз ва ночор бир киши. Иккинчиси эса, полвон, новчагина, мускуллари чиқиб битиб кетган, уст бошига одам қараб бўлмас киши экан. Қўлига узун сопли, ўткир тиғли бир пичоқ ҳам кўтариб олиб, шеригига ташланяпти. Одамлар уни қайтаришни хаёлига ҳам келтирмай томоша қилиб туришибди. Бечора шериги эса, бақириб, қўрққанидан у ёқ бу ёққа аланглаб, ёрдам сўрамоқда, лекин бирор киши ҳам ёрдам бермаяпти. Қочиб кетмоқчи ҳам бўляпти, аксига олиб, одамлар қочиш йўлини ҳам ўраб олиб тўсиб қўйган.

Нима қилсам экан, деб ўйланиб турсам, бирдан ўша золим кўз ўнгимизда ҳалиги бечорани сўйиб юборди-я, бадбахт. Яна ҳеч нарса кўрмаган, очиқчасига жиноят қилмагандай, ўликни қонига беланган ҳолида ташлаб, секин бурилиб дўконига бориб, одатдагидек ўз ишини қила бошлади?!

Уни шундай ёқасидан олиб, полицияга топшириб юборай дедим. Кейин бунақанги ҳолатда шижоатлилик қилиш – ўйламай иш тутиш ва аҳмоқлик эканини эслаб қолдим. Қолаверса, унинг қўлида пичоқ бор. Унга қаршилиқ қилган кишини пичоқлаб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Ўша ерда турганлардан бирортаси у томонга қараб чиқса, мен ҳам ёрдам берардим, деб роса умид қилдим. Худо ҳақи, бирорта одам унга журъат қилиб қарши чиқиш у ёқда турсин, жойидан қимирлаб ҳам қўймади. Тўғри, бир киши нимадир деб гапирди. Лекин қотил унга бир қараган эди, у ҳам қўрқиб кетганидан қалтираб, дудуқланиб, “Илоё қўлингиз дард кўрмасин” дея бошлади.

Нима қилсам экан, деб ҳайрон бўлиб қолдим. Полицияга етказайми ё ҳеч нарса кўрмагандай кетаверайми? Яхшиси, кўрганларимни ёзиб, радиостанцияга жўнатаман, эшиттиришсин, токи одамлар билишсин.

Мен бу одамни қотилликда айблаб, ҳукуматни уни қўлга олишга чақирмоқдаман. Қотил жазосини олсин, то ибратланадиган одамлар ибрат олишсин. Бирор киши қотилни қочиб кетган ёки бу қисса хаёлий, ёлғон, чўпчак, ўтган даврларнинг афсоналаридан бири, деб ўйламасин. Ана, қотил дўконида, эрталаб бориб, кечки пайт уйига қайтади. Бу қисса ҳақиқат. Мен уни соғлом, маст бўлмаган, ухлаб ётмаган ва сергак ҳолимда кўрганман. Қолаверса, уни мана шу бугун кечаси кўрдим!

Мана шу нохуш воқеани Аллоҳ таоло мен кўпдан бери ўйлаб юрган қиссанинг мавзуси бўлишини тақдир қилган экан. Қандай қилиб одамлар кўра туриб, кўз юмиб кетаверадилар, қаршилик қилмайдилар. Менга айтинг-чи, нега эътибор бермайдилар? Ахлоқлар шунчалик бузилиб, мардлик деган фазилатлар йўқолиб кетганми, ёмон ишни кўра туриб қайтармаяпмиз. Қалбларда ҳамият деган нарса ўлиб кетдими, ҳатто бир золим қотилга ҳам қарши чиқишга журъат қилолмаяпмиз? Нима Шом ҳукумати ҳам “Асҳоби Каҳф”нинг уйқуси каби ухлаб ётибдими-ки, Дамашқнинг катта кўчаларидан бир кўчада қон тўкилса-ю, билмаса?

Ҳамма жим. Ҳатто майитнинг қариндошлари ҳам унинг ўчини олишдан йироқ. Бирортаси на шикоят ва на даъво билан чиқди. Айтишларича, қотил кучи етса, ҳатто уларнинг ҳаммаларини ўлдириб ташлашдан ҳам қайтмас, унинг мозийси бунақанги жиноятлар билан тўла эмиш.

Бу жимликнинг сири нима ўзи? Азизлар, бу жимликнинг сирини энди тушуниб етдим. Бунинг сабаби ҳалиги бечора қурбонлик қўзичоқларидан бир қўзичоқ экан, қотил эса ўша квартал (маҳалла)нинг қассоби экан. Одамлар унинг жиноятига шерик бўлишаркан-да, кейин қурбонликнинг гўштини қовуриб, пишириб ейишаркан. Мен ҳам улар билан бирга ебман-у гўштнинг ширинлигидан бу манзарани унутибман.

Ҳаётнинг бўлгани шу ўзи. Биз бир тишлам ширин нарсани еб мазза қилишимиз учун бир бечора ўлиб кетаверади. Марҳамат, дастурхонга қаранглар, ёқимли иштаҳа, мана, радио станция ходимлари сизлар ҳам ундан мазза қилиб, еб-ичинглар-да, энди мендан бошқа қисса талаб қилишни қўйинглар. Саломат бўлинглар!


Шайх Али Тантовийнинг 1946 йилда нашр этилган мақоласи,

“Сувар ва хавотир” китобидан таржимон: Баҳодир Баҳромжон ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эрининг вафотидан кейин ёлғиз ўзи ҳаёт ғамғуссаларига қарши курашишга мажбур бўлди. Унга бу аламларни унуттирадиган, ярасига дори, қалбига малҳам бўладиган ягона давоми...

2441 14:59 / 28.04.2017
Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Зарийат18 Ояти каримада истиғфор айтишга саҳар вақтини хослаб қўйилганининг ҳикмати бор. Чунки саҳар вақтида дуо ижобат давоми...

2177 14:51 / 28.04.2017
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади Мен тўрт кишини тақдирлашга ожизман. Менга биринчи бўлиб салом берган кишини, менга мажлисда силжиброқ ўтириб жой давоми...

2251 14:55 / 28.04.2017
Зубайр ибн Баккор айтади Синглимнинг қизи аёлимга Тоғам ўз оиласига меҳрибон, ғамхўр. Оиласини жуда яхши кўради. Устингизга кундош ҳам олмайди, биронта жорияга давоми...

2264 15:02 / 28.04.2017