1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Мастнинг талоғи тушадими?

15:44 / 24.04.2016 3954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда куёвимиз улфатчиликдан маст ҳолда келиб, жаҳл орқасида қизимизни талоқ қўйибди. Баъзилар маст одамнинг талоғи инобатга ўтмайди, деса, бошқалари бундай талоқ тушади, дейишяпти. Бошимиз қотиб қолди: талоқ тушганми ёки мастликдагиси ҳисобга ўтмайдими?

ЖАВОБ: Оиланинг мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида шариатда эрнинг талоғи тушиши учун бир қанча шартлар қўйилган. Мазкур шартлар эрнинг масъулиятни кўтара оладиган ҳолатда бўлишини талаб қилиб қўйган: «Талоқ фақат мукаллаф эрдан воқеъ бўлади. Гар у маст ёки қул бўлса ҳам. Унинг хожасидан ва уйқудаги кишидан воқеъ бўлмайди».

Демак талоқ воқеъ бўлиши учун у оқил ва балоғатга етган эр томонидан қилинган бўлиши керак экан. Ота боласининг хотинини талоқ қилса ҳам тушмайди. Чунки хожа ҳам, ота ҳам ва шуларга ўхшаш эр бўлмаганларнинг барчаси талоққа молик эмаслар. Талоққа молик бўлмаганларнинг талоғи тушмаслиги аниқ.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг молик бўлмаган нарсада талоқ йўқ. Ўзинг молик бўлмаган нарсада қул озод қилиш йўқ. Ўзинг молик бўлмаган нарсада сотиш йўқ. Ўзинг молик бўлмаган нарсада назр вафоси йўқ», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий).

Ушбу ҳадиси шарифда тўрт нарсада молик бўлмай туриб қилинган тасарруф ўтмаслиги ҳақида сўз кетмоқда. Шулардан бири талоққа молик бўлмай туриб талоқ қилса у қилган талоғи тушмайди. Мисол учун ўзининг никоҳида бўлмаган аёлни “талоқ қилдим” деса, талоқ тушмайди.

Шунингдек, ухлаб ётган одам, балоғат ёшига етмаган бола, жинни ва эси паст киши ўз хотинини талоқ қилса ҳам тушмайди. Эси паст деганда бефаҳм, алмойи-алжойи гапирадиган, чора-тадбирни билмайдиган, аммо бошқаларни уриб-сўкмай-диган шахс кўзда тутилади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсадан қалам кўтарилгандир: уйқудаги кишидан то уйғонгунча, ёш боладан то балоғатга етгунча, мажнундан то ақли киргунча», дедилар» (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий).

 Ушбу ҳадиси шарифдаги қаламдан мурод, шаръий таклиф қаламидир. Яъни, мазкур уч тоифа кишилар томонидан содир бўлган ишлар номаи аъмолларига ёзилмайди. Шунга биноан, ухлаб ётган одам талоқ қилса, балоғатга етмаган бола ёки мажнун киши ҳам талоқ қилса талоқлари тушмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барча талоқ жоиздир, фақат эси йўқнинг – ақлини йиғиштира олмайдиганнинг талоғи мустасно», дедилар» (Термизий ва Бухорий). Туғма ҳолда эси паст бўлиб, нима қилганини, деганини ажрата олмайдиган кишининг талоғи тушмаслиги ушбу ҳадисдан олинган.

Аммо бир одамнинг эси ўз ихтиёри ила қилган тасарруфи туфайли кетган бўлса масалан, маст қилувчи ичимликлар ичгани, наша, қорадорига ўхшаш нарсалар истеъмол қилгани учун эсини йўқотган бўлса, талоғи тушади.

Уламолар даво-шифо учун истеъмол қилинган нарсадан маст бўлиб, қилган ишини, айтган гапини эслай олмайдиган даражага бориб қолган одамнинг оғзидан талоқ сўзи чиқса, талоғи тушмайди, дейишган. Аммо мазкур маст қилувчи нарсаларни ҳаром йўл билан, маст бўлиш учун истеъмол қилган шахсларнинг талоғи қай ҳолда бўлса ҳам тушади. Бу ҳукмни тўрт мазҳаб бирдек қўллаган. Чунки бундай осий, ҳаромхўрнинг талоғини тушмайди дейиш унинг исёнини эътиборга олиш билан баробар бўлади. Аслида эса бундоқ нобакор жазоланиши керак, талоғининг тушиши ҳам жазодир.

Аммо баъзи уламолар, жумладан, ҳанафий фуқаҳолардан Имом Зуфар, Имом Таҳовий ва Имом Кархийлар бундай дейишган: «Айтган гапини эслай олмайдиган даражадаги мастнинг талоғи тушмайди. Чунки бундай одам жиннининг ўзидир. Маст бўлгани учун эса шариатда алоҳида жазо белгиланган. Қозининг ҳукми ила кўпчилик ичида унга дарра урилади».

Шунингдек, қаттиқ ғазаб туфайли ақли бошидан учган кишининг ҳам талоғи тушмайди. Бу жуда ҳам нодир бир ҳолат бўлиб, фуқаҳоларимиз, аччиғи осмон билан ернинг фарқига бормайдиган даражада чиққан одамнинг талоғи тушмайди, дейишган. Аслида эса ғазаби чиқмаган одам талоқ ҳам қилмайди. Яъни, ҳамма талоқлар аччиғи чиққан одамлар томонидан қилинади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иғлоқда талоқ ҳам, қул озод қилиш ҳам йўқ», дедилар» (Абу Довуд ва Ҳоким).

«Иғлоқ» сўзи луғатда «беркитиш», «ёпиб қўйиш» маъносини англатади. Уламоларимиз ушбу ҳадисдаги иғлоқдан нима кўзлангани ҳақида турлича фикрга борганлар. Шофеъий, Моликий ва Ҳанафий уламолар иғлоқдан мурод мажбурлаш, деганлар. Имом Аҳмад ва Абу Довудлар эса, иғлоқдан мурод «ғазаб» деганлар. 

Ғазаб ҳақида олдин гапириб ўтганимиз сабабли, бу ерда мажбурлаш ҳақида икки оғиз гапириб ўтамиз. Жумҳур уламолар ушбу ҳадисга биноан бировнинг мажбурлаши ила ноилож қолиб қилинган талоқ тушмайди, дейишган. Ҳанафий мазҳаби эса, мажбурланган кишининг талоғи ҳам ҳазиллашган кишининг талоғи каби тушади, деган. Чунки у бундан келиб чиқадиган натижадан рози бўлмаса ҳам, ўзи талоқни қасд қилган бўлади (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволМен ўзим юргизиб турган фирмани сотиб олиш учун бир аёлдан қарз сўрадим. У аёл эри билан таништирди ва эри билан келишиб фирмадаги асосий техникани унга давоми...

3039 14:00 / 25.01.2018
Ота ажрашган оиласидаги фарзандларига, уларни моддий жиҳатдан таъминлашга қанчалик масъулОтанинг она билан ажрашиб кетганидан кейин болаларини моддий давоми...

2670 15:43 / 26.04.2016
Сотувчи бир кишининг дўконида ишлайди, нархларни дўкон эгаси белгилаб беради. Лекин сотувчи харидорларга маҳсулотни белгилангандан кўра қимматроқ сотса, ва давоми...

2747 20:46 / 27.04.2016
Савол Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Сизга нима деб савол беришимни ҳам билмаяпман. Оилалиман, икки нафар фарзандим бор. Мен меҳнат сафари билан бошқа давоми...

3957 21:11 / 22.04.2016