1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Бу дунёнинг жуда ўткир тишлари бор

14:00 / 16.02.2023 1738 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Аз-зуҳд» номли китобида Абил Жуъддан қуйидаги воқеани келтиради:

«Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми ичида бир киши бор эди. У мусулмонларга кўп азият берар эди. Кишилар Солиҳ алайҳиссаломнинг ҳузурига келишиб ундан ҳалиги кишини дуойибад қилишини сўрашди. Солиҳ алайҳиссалом дуойибад қилиб деди:

- Бораверинглар! Аллоҳ унга кифоя қилди!

У киши ҳар куни чиқиб ўтин терар эди. Ўша куни у ўтин тергани чиқиб ўзи билан иккита нон олиб олган эди. Нонни биттасини еди, иккинчисини эса садақа қилди. Сўнгра ўтин териб соғ-саломат қайтиб келди. Уни кўргач кишилар Солиҳ алайҳиссаломнинг ҳузурига келиб дейишди:

- У соғ-саломат қайтиб келди-ку! Унга ҳеч нарса қилмабди!

Солиҳ алайҳиссалом уни чақириб келишга амр қилди. У келди. Солиҳ алайҳиссалом ундан бугун нима иш қилгани ҳақида сўради. У деди:

- Бугун иккита нон билан ўтин тергани чиқдим. Ноннинг биттасини едим, иккинчисини садақа қилдим!

Солиҳ алайҳиссалом деди:

- Боғланган ўтинингни еч!

У ўтиннинг боғичини ечди. Ўтиннинг орасидан билакдек заҳарли илон чиқди. Шунда Солиҳ алайҳиссалом деди:

- Қилган садақанг туфайли менинг дуойибадим сенга таъсир қилмаган!».

Садақанинг буюклигини қаранг. Аллоҳ таоло бир кофирни қилган садақаси туфайли пайғамбарнинг дуойибадидан сақламоқда. Энди мўъмин садақа қилса нималар бўлиши мумкин?!

Битта нон бўлса-да, ҳар куни садақамиз бўлгани яхши. Бу дунёнинг жуда ўткир тишлари бор. У инсонга ўнгдан ҳам, чапдан ҳам ташланиб туради. Ким ҳар куни нимадир садақа қилса, ўзини Аллоҳнинг совути билан ҳимоялаб юрган бўлади.

Биз фақатгина бизга етган балони кўрамиз. Биздан даф қилинганини кўра олмаймиз. Агар Аллоҳ бизга ғайбни билдирганида тил ифодалай олмайдиган, таъбирнинг тоқати етмайдиган нарсаларни кўрган бўлар эдик!

Эҳтимол, ишхонангизга эрталабки зикрларингиз туфайли соғ-саломат етиб боргандирсиз. Эҳтимол уларни бажармаганингизда сизни қандайдир ҳодиса кутиб турган бўлиши мумкин эди!

Эҳтимол яхши мансабга бир мискиннинг кўнглини олганингиз сабаб бўлгандир. Хўжайинингиз кўзига Аллоҳ сизни мунаввар кўрсатгандир!

Эҳтимол университетга қабул қилинишингиз сиз яхшилик қилган ота-онангиз дуолари билан бўлгандир!

Улар бўлмаганида эҳтимол Аллоҳ сизнинг тилингиз ва қалбингизни боғлаб қўйган бўлармиди?!

Бунинг тескариси ҳам бўлиши мумкин.

Ҳаётда қоқилишингиз сабаби сиз синдирган қалблардир эҳтимол?!

Йўлиққан зулмларингизга сабаб эҳтимол сиз қилган зулмлардир?!

Бугун қалбингиз сиқилаётганига сабаб қачонлардир бировнинг қалбини сиққанингиздир эҳтимол?!

Бугун оилангиз билан келиша олмаслигингизга сабаб эҳтимол бировнинг оиласини бузганингиздир?!

Бугун сизни ёмонлаб, обрўйингизни тўкиб юрганларни ёмон кўрмоқдасиз. Эҳтимол сиздан кимдир бошқа биров ҳақида маълумот сўраганида қасддан уни ёмонлаганингиз сабабдир бунга?!

Улар сизнинг олдингизда бўлмаган, аммо ўшанда Аллоҳ сиз билан бўлган. Аллоҳ таоло раҳмли, аммо одил. Ўзи билан бандаси орасидаги гуноҳ учун дунёда бандасини эҳтимол жазоламас. Уни охиратга қолдирар. Истаса карам қилиб кечирар. Истамаса адолати ила жазолар.

Аммо гуноҳ икки банда орасида бўлса ғолибан Аллоҳ дунёда мазлум бандаси учун дунёда қасос олиб беради. Бошқага тоттирган азобни унга ҳам тоттиради!

Қилган қилмишларингиз куни келиб ўзингизга қайтса ҳайрон қолманг!

Марвон ибн Ҳакам Мадинада волий бўлиб турганида Арво бинт Увайс исмли аёл саҳобалардан Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан шикоят қилиб келди. Саъидни унинг ерини бир қисмини ўзлаштириб олишда айблади. Марвон Саъид ибн Зайдни чақиртириб ҳолатни сўради. Шунда Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу деди:

- Мен қандай қилиб бунинг ерини ўзлаштириб олишим мумкин?! Ахир мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ноҳақдан бировнинг бир қарич ерини эгаллаб олса ўша ерни етти қават қилиб қиёмат куни унинг бўйнига тақиб қўйилади!», деганларини эшитган бўлсам!

Шунда Марвон ибн Ҳакам Саъиднинг ўнта жаннат башорати берилган саҳобалардан бири эканлигини билгани учун деди:

- Бундан кейин сени ҳужжат-далил билан бўлса-да, айбламайман!

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу шундай бўлса-да, Арвога даъво қилган нарсасини берди ва қўлини осмонга кўтариб дуойибад қилди:

- Аллоҳим! Агар Арво менга зулм қилган бўлса, унинг кўзларини кўр қилгин, қабрини қудуғида қилгин!

Кўп ўтмасдан Арво кўр бўлиб қолди. Уйида юриб кетаётиб қудуғига тушиб кетди. Уни қудуқдан чиқаришга кўп уринишди. Аммо чиқара олишмади. Сўнгра қудуққа тупроқ ташлаб кўмиб юборишди. Қудуқ унинг қабри бўлди!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг,. Оли Имрон сураси 133оят.Шошилинг Чунки давоми...

2366 16:00 / 02.08.2021
Генри Форд ширкатидаги катта бир лавозимга номзод бўлган икки киши билан бирга овқатланди. Номзодларнинг иккаласи ҳам битта унивеситетни битирган эди. давоми...

1297 11:00 / 19.01.2023
Расмга олган киши айтяпти .Машина ойнасини бир маймун таққиллатди, оч қолгани сезилиб турарди, унга апельсин бердим, кетди. Бироз кузатиб турсам, бошқа маймуннинг давоми...

1394 14:00 / 24.08.2022
Яхши кўрган инсонингизни қадрлашингизнинг, унга ғамхўрлик қилишингизнинг энг афзал йўли mdash бу унга охирати учун фойдали бўлган китоб ҳадя қилишингиздир. Сиз давоми...

1218 09:00 / 25.01.2023