1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Баҳс: Ҳар бир нарса ўрнида бўлгани яхши

19:00 / 09.12.2021 1491 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илмни бировлар билан тортишиш, уларни мот қилиш учун ўрганмоқчи бўлган инсон ниятини тезда янгилаб олиши лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَمِنَ النَّاسِ مَن يُعْجِبُكَ قَوْلُهُ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيُشْهِدُ اللّهَ عَلَى مَا فِي قَلْبِهِ وَهُوَ أَلَدُّ الْخِصَامِ

«Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир». (Бақара сураси, 204-оят).

Дарҳақиқат, баъзи одамлар бу дунёнинг ишларидан гапирса, чиройли сўзи, ширинсуханлиги, ўзини мухлис қилиб кўрсатиши, фақат яхшиликдан, муҳаббатдан, поклик ва тақводан лоф уриши билан сени ажаблантиради. Боз устига, таъсирни кучайтириш, янада чуқурроқ ишонч ҳосил қилиш учун қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилиб, қасам ҳам ичади. Ўзининг Исломга, Аллоҳга, Пайғамбарга бўлган муносабатини тўлиқ муҳаббат деб ишонтирмоқчи бўлади. Аслини олганда эса у Аллоҳга, Пайғамбарга ва Исломга қарши энг ашаддий хусуматчидир. Душманларнинг душманидир. Бу инсоннинг усти бошқа, ичи бошқа, сиртида ёлғонни, алдамчиликни ва тилёғламаликни ўринлатиб, суҳбатдошини ажаблантиради.

Ушбу оятни давомида:

وَإِذَا تَوَلَّى سَعَى فِي الأَرْضِ لِيُفْسِدَ فِيِهَا وَيُهْلِكَ الْحَرْثَ وَالنَّسْلَ وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ الفَسَادَ

««Ва бурилиб кетганда, ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат этадир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас». (Бақара сураси, 205-оят).

وَقَالُوا أَآلِهَتُنَا خَيْرٌ أَمْ هُوَ مَا ضَرَبُوهُ لَكَ إِلَّا جَدَلًا بَلْ هُمْ قَوْمٌ خَصِمُونَ

««Ва улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» – дедилар. Уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар». (Зухруф сураси, 58-оят).

إِنَّ الَّذِينَ يُجَادِلُونَ فِي آيَاتِ اللَّهِ بِغَيْرِ سُلْطَانٍ أَتَاهُمْ إِن فِي صُدُورِهِمْ إِلَّا كِبْرٌ مَّا هُم بِبَالِغِيهِ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

««Албатта, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжатсиз талашиб-тортишадиганларнинг кўксларида кибрдан ўзга нарса йўқ. Улар унга етишувчи эмаслар. Бас, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Ғофир сураси, 56-оят).

وَلَا تُجَادِلُوا أَهْلَ الْكِتَابِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِلَّا الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْهُمْ وَقُولُوا آمَنَّا بِالَّذِي أُنزِلَ إِلَيْنَا وَأُنزِلَ إِلَيْكُمْ وَإِلَهُنَا وَإِلَهُكُمْ وَاحِدٌ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ

«Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз Унга бўйсунувчимиз», – денглар» (Анкабут сураси, 46-оят).

Оятнинг далолат қилишига кўра, мўминларга кўра, кофирлар ва аҳли китоблар билан дин хусусида баҳс-мунозара қилиш жоиздир.

Мунозара пайтида сабр-тоқат, бағрикенглик қилиш талаб этилади. Лекин улар Аллоҳга фарзанд нисбатини берсалар ёки Аллоҳга ботил сифатларни нисбат берсалар, уларга, албатта, тегишли раддия билан жавоб қилиш қерак бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳга энг ёмон кўрган киши ашаддий хусуматчидир», - дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Бу ҳадисдаги хусуматчидан мурод ашаддий (тузалмac) хусуматчи, доимий хусумат қиладиган кишидир. Илм йўлидаги хусумат қиладиган биров унинг хатосини айтса, уни менсимайди, Аллоҳ таоло учун, дин учун гапирганини ўйламайди. Унга нисбатан хусумат, кибр қилиб ўзининг хатосини тузатишга ҳаракат қилмайди. Бизларни ҳам илмни Ўзидан y бошқа учун ўрганишдан, уни дунёга алмашишдан, тортишиш учун илм ўрганишдан сақласин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу aлайҳи васаллам: «Ким ботил нарса хусусида билиб туриб баҳслашса (хусусатлашса), то ундан четланмагунча Аллоҳнинг ғазабида бўлади, дедилар.

Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай айтдилар: «Ҳаё ва гуноҳ сўздан сукут қилиш иймоннинг икки шўъба (шаҳобча)си ва беадаблик ва баён (масхара ва мақтовдан иборат гуноҳ бўлган нарса) мунофиқликдан бўлган икки шўъба (шаҳобча)дир.

Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти.

Илм аҳли тортишишдан йироқ бўлиши лозим. Чунки бу фақат гуноҳга олиб боради. Бундай тортишиш деганда нотўғри мақсад ва нотўғри услубда тортишиш тушунилади. Нотўғри йўлдагилар билан тортишиб, уларнинг айбини исботлаб бериш бошқа нарса. Унда ҳам босиқлик ва чегарадан чиқиб кетмасдан, исломий маданият ила тортишиш, у билан машҳурлик ва бошқа нарсаларни ўйламаслик керак.

Маъруф Кархий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар Аллоҳ бир бандага ёмонликни ирода қилса, ундан амал эшигини ёпади ва унга тортишиш эшигини очиб қўяди.

Аллоҳ таоло хайрли ишларимизни бардавомли қилсин!

Манбалар:

«Тафсири Ҳилол» китоби

«Раббоний уламолар» китоби

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳкамул Қуръон асарида шундай ёзилади .Имом ибн Арабий Моликий раҳимаҳуллоҳ .Агар кимса кек сақловчи, ҳасад қилувчи, ўзига бино қўйган ва мутакаббир бўлар экан у давоми...

2309 14:00 / 06 январь
Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир.Чиндан ҳам, Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зотдир.Ана шу давоми...

3524 18:34 / 26.02.2018
Мўмин Аллоҳ таолодан бир нима сўраётганда, чин дилдан дуоси ижобат бўлишини хоҳлайди. Ихлос дуо ижобат бўлишининг асосий шарти. Аллоҳнинг изни билан дуо тезроқ давоми...

26910 20:05 / 20.09.2017
Аллоҳ таолонинг азамати, улуғлигининг ўзиёқ банданинг маъсият ишдан қайтишига кифоядир. Дўзах ва унинг катталиги қаердаю Аллоҳ таолонинг азамати, қудрати қаерда давоми...

1120 19:00 / 09.11.2022