1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (ўн бешинчи мақола)

14:00 / 23.10.2021 1106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳалли қиём ва унинг тарафдорларини тўлиқроқ тушуниш учун уларнинг далиллари билан танишиб чиқишимиз лозим. Уларнинг асосий далиллари қуйидагилар:

1. Бировга ҳурматан ўриндан туриш ҳақида келган ҳадислар ва асарлар.

Бу борадаги ҳадис ва асарлар ҳақида уламоларимиз турлича фикр билдирганлар. Хулоса қилиб айтганда, ушбу таъзимга эҳтиром кўрсатилаётган шахснинг илми, тақвоси, фазилати сабаб бўлса ва у киши одамлардан буни талаб қилмаса, бу унга салбий таъсир кўрсатиб, ахлоқини бузмайдиган бўлса, ундай инсонни ҳурмат қилиб ўриндан туриш мустаҳаб амалдир, одобдир. Жумҳур уламоларнинг хулосалари шу. Бу ҳақда имом Нававий алоҳида бир китоб ёзган, ҳужжат далилларни келтирган, таҳлил этган ва мазкур хулосани тақдим қилган.

Маҳалли қиём тарафдорлари яна шундай дейишади: «Оддий бир олим учун ўриндан туриш мустаҳаб бўлади ю, махлуқотлар саййидининг ҳурматидан ўриндан туриш мустаҳаб бўлмайдими? Олим фозил инсонлар учун туришни жоиз деб билганлар энди қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим ўлароқ ўриндан туришни ножоиз дейишади? Амиру султонлар учун ўриндан турилади ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаганда таъзим учун ўриндан турса, нега бўлмайди? Биз ушбу мақомда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган соатни хаёлан кўз олдимизга келтирар эканмиз, ўша пайтда борлиқда кечган ўзгаришларни, ҳодисаларни тасаввуримизга олиб келамиз ва у зотнинг ҳурматидан ўрнимиздан туриб, у зотга салавот айтамиз, бу неъматнинг шодлигини изҳор этамиз».

2. Маҳалли қиёмни мусҳаф учун ўриндан туришга, уни ўпишга қиёс қилиш ҳам мумкин. Кўпчилик уламолар мусҳафнинг эҳтироми учун ўриндан туришни, уни ўпиб эъзозлашни мустаҳаб амал дейишган.

Закариё Ансорий шу ҳақдаги саволга берган жавобида шундай дейди: «Мусҳаф учун ўриндан туриш худди фозил инсонлар учун туриш мустаҳаб бўлгани каби мустаҳабдир. Буни бидъат деганларга қарши ўлароқ, ихтиёр қилинган гап шу».

3. Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Туҳфа»да айтади: «Мусҳаф учун ўриндан туриш олим учун туриш каби мустаҳабдир, балки авлороқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Таврот учун уни худди ўзгармагандек билиб, ўриндан турганлари саҳиҳ ривоятларда нақл қилинган».

«Дуррул мухтару шарҳу Танвирил абсор» асарининг муаллифи айтади: «Мусҳафни ўпишни бидъат дейишади. Лекин ривоят қилинадики, Умар розияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб мусҳафни олиб, ўпиб: «Роббимнинг аҳди, Роббим азза ва жалланинг юборгани», деб қўяр эканлар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам мусҳафни ўпиб, юзларига суртар эдилар». 

4. Имом Субукийдан мусҳафни ўпиш жоизлигининг далили ҳақида сўралганида: «Бунинг далили Ҳажарул асвадни, олимнинг, ота онанинг ва солиҳ кишиларнинг қўлини ўпиш ҳақидаги далилларга қиёс қилишдир. Мусҳафнинг мазкурлардан афзал экани ҳаммага маълум», деб жавоб берган.

Умуман олганда, Аллоҳ таолони ва У Зотнинг Расулини, Қуръонни, Исломни ва уларга боғлиқ нарсаларни улуғлашда, эҳтиром қилишда қатъий бир чегара қўйилмаган. Модомики Қуръон ва Суннатга зид бўлмаса, шариат мақсадларига хилоф бўлмаса, монеълик йўқ. Бунга саҳобалар ҳаётидан ҳам, салафлар ҳаётидан ҳам, бугунимиздан ҳам мисоллар келтириш мумкин. 

5. Бу ишда Аллоҳнинг шиъорларини, диннинг нишоналарини улуғлаш бор.

Аллоҳ тало айтади: «Ким Аллоҳнинг шиъорларини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32 оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг шиъорлари ичида энг буюгидирлар. У зотга ғойибона эҳтиром кўрсатиш ҳам у зотни улуғлаш бўлади. Биз бу жойда айнан шуни эътиборда тутамиз.

6. Ўз даврининг ҳофизи, замонасининг Шайхулисломи, «Қозилар қозиси» унвонини олган, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф билимдони, адиб олим имом Тақюддин Субукий (683–756 ҳ) раҳматуллоҳи алайҳга боғлиқ бир воқеа. Бу воқеани қатор мавлид шориҳлари, жумладан, Саййид Жаъфар ибн Саййид Исмоил Барзанжий бобоси Жаъфар Барзанжийнинг юқорида эсга олинган иборалари шарҳида ушбу қиёмга асос бўлган ва унинг кенг тарқалишига сабаб бўлган ҳодиса сифатида келтиради. Бу ҳодисани аслида Абдулваҳҳоб Тожуддин Субукий «Тобақотуш шафиъиййатул кубро» асарида отаси имом Тақюддин Субукий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида ёзган сатрларида келтирган. Унга кўра, шайхулислом Субукий Дамашқдаги Жомеъи Уммавийда бир хатмга ҳозир бўлади. Йиғинда нашидхонлар ҳам бўлиб, улар ўз даврида «Замонанинг Ҳассони» лақабини олган улуғ адиб Абу Закариё Яҳё Сарсарий ал Ҳанбалийнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб ёзган бир қасидасидаги қуйидаги байтларни куйлашарди:

قليلٌ لمدحِ المصطفى الخطُّ بالذهَبْ

على وَرِقٍ مِن خَطِ أحسنِ مَن كتبْ

وأن تَنْهضَ الأشرافُ عندَ سَماعِهِ

قيامًا صفوفًا أو جُثِيًّا على الرُكبْ

«Кам эрур Мустафо мадҳин ёзсалар

Ақчага тиллода ҳусни хат билан,

Кам эрур ҳам тинглаганда ашрофлар

Саф бўлиб, тизда турса ҳурмат билан».

Шу пайт имом Субукийда бир ҳол пайдо бўлади-ю, сакраб ўрнидан туради ва шу алфозда бир муддат тик туриб қолади. Мажлисда қозилар, юртнинг катталари, қатор уламолар ҳам бор эди. Ҳаммалари имом Субукийга эргашиб ўринларидан туришади. Мажлисда ажойиб бир файз, юксак руҳият барқ уради.

У киши байтнинг мазмунидан қаттиқ таъсирланганидан, шоирнинг сўзларига ижобат қабилида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим изҳор қилиш маъносида шарт ўриндан туриб кетган эди. Айтиш мумкинки, бу ўша мажлисдаги руҳий ҳолат, маънавий вазият, шавқу завқнинг турткиси билан бўлган.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одатда инсон ўзига яхшилик қилган ёки яхшилик қилиши кутилган кишиларга яхши муносабатда бўлиши табиий. Ўзидан юқорида турган кишиларга эса мажбурликдан ҳам давоми...

1172 16:20 / 26.10.2021
Ўтган асрда яшаб ўтган Андижоннинг йирик уламолари, жумладан, Абдулмажид қози домла, Аминжон Махсум домла, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада, Муҳаммад Мубин қори дадалар давоми...

1126 15:00 / 16.10.2021
Жаҳолат ёруғликка айланди у кун,Ечилди юракдаги азалий тугун.Барчани мафтун этиб ёқимли бир ун,Зулматга нур бўлиб келган ҲабибимИсломнинг йўлида қилиб ғазотлар давоми...

2135 09:45 / 05.11.2019
2725. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Мен қачон Умарнинг «Мен буни шундай деб ўйлайман», деганини эшитсам, албатта, ўша нарса унинг айтганидек бўлмай давоми...

4554 19:33 / 07.12.2017
Аудиолар

120675 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42251 14:35 / 11.08.2021