1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (ўн олтинчи мақола)

13:59 / 24.10.2021 1177 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳалли қиёмни қўллаб қувватловчиларнинг кўпчилиги ушбу ҳодисани далил сифатида келтиришади. Аммо бу ерда айрим мулоҳазали жиҳатлар бор. Биринчидан, бу йиғин мавлид мажлиси дейилмаган, хатм дейилган. Иккинчидан, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ҳақида гап йўқ. Оддий бир нашидхонлик қилинган ва унда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларини тинглаганда тингловчилар ўринларидан туриб кетсалар ҳам кам», деган маъно келган. Учинчидан, бу одатий иш эмас, балки ўша мажлисдаги руҳият таъсирида, беихтиёр амалга оширилган таъзим бўлган. Бироқ, бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гап кетганда таъзим учун ўриндан туриш жоизлигини, яхши иш эканини тушуниш мумкин.

7. Хатиб Бағдодий ўз санади билан Абу Заръадан ривоят қилади: «Эшитдимки, Аҳмад ибн Ҳанбал касаллиги сабабли суяниб ўтирганида, унинг ҳузурида Иброҳим ибн Таҳмон зикр қилинибди. Шунда у киши тикланиб ўтира туриб, «Солиҳлар зикр қилинса ю, суяниб ўтирилса, бу ҳеч ҳам дуруст эмас», дебди». 

Бу воқеа Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Таҳзибут таҳзиб»ида, Заҳабийнинг «Сийару аъламин нубала» асарида ва тарихга оид бошқа китобларда ҳам зикр қилинган.

Бу ҳам умумий маънодаги иш, айнан бир йиғилишга ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини зикр қилишга боғлиқ бўлмаса да, ундан солиҳ кишилар зикр қилинганда ғойибона эҳтиром кўрсатиш мандублиги, жумладан, уларга ҳурмат изҳор қилиш маъносида ўнгланиб олиш, ўриндан туриш яхши иш эканини тушуниш мумкин.

Маҳалли қиёмни ёқлайдиганлар бу ишга яна бошқа далилларни ҳам келтиришган. Аммо асосийлари шулар бўлиб, бошқаларини шуларнинг атрофидаги гаплар, десак ҳам бўлади.

Мазкур далилларга умумий равишда эътироз бўлмаса да, ушбу таъзимни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш ва буни диний амал даражасига олиб чиқиш, диний одат қилиб олиш барибир бидъат бўлади, чунки ҳурмат изҳор қилишни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш динда кўрсатилмаган, дейди мухолифлар.

Ўз навбатида маҳалли қиём тарафдорлари ҳам қуйидагича жавоб берадилар: 

«Бу йиғилиш мавлид ойида, кўпинча мавлид кечасида бўлади. Мавзу ўзи мавлид бўлгач, унда эҳтиром учун туришга энг муносиб пайт таваллуд зикр қилинган он бўлишини табиий завқ ҳам тақозо қилади. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топганларини эшитганимизда ўша пайтда юз берган ҳодисаларни, борлиқдаги ўзгаришларни, шодлик ва сурурни ўйлаб, тасаввур қилар эканмиз, эҳтиросларимиз жўшиб, туйғуларимиз қайнаб кетадики, бу ҳол бизни индамай ўтираверишга қўймайди, шу боис, бехос ўриндан туриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим изҳор этамиз, таваллудларига шодлик намойиш этамиз. Иккинчидан, биз буни диний мажбурият деяётганимиз йўқ, бу ушбу вазиятга ярашадиган бир одат, холос».

Хуллас, бу ҳақда гапирилса, яна гап чиқаверади, баҳс мунозара давом этаверади. Айрим тарафдорлар масалани қаттиқ олганиданми ёки ўз вақтларидаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқибми, «Бугунги кунда маҳалли қиёмда туриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилишнинг белгиси, рамзи бўлиб қолди. Бинобарин, бу ўринда турмаслик у зотга ҳурматсизлик ҳисобланади, ҳокимлар бундай кишиларнинг таъзирини беришлари керак бўлади», дейишгача борган бўлса, қарши тараф: «Буни қилганлар бидъатчилар, адашганлар, ундайлар, бундайлар» деб, ҳаммасини қоралайди. Холис туриб айтганда, ҳар икки тарафнинг ҳам ўз ҳолларида ниятлари яхши бўлган, аммо ёндашувлари фарқлидир. Ўртада тушунмовчилик ҳам бор.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар йили мавлиди шариф маросими юртимиз масжидларида кенг миқёсда нишонлаб келинади. Бу йил ҳам ушбу анъанага мувофиқ, эртага, 22 сентябрь куни .Шайх Муҳаммад давоми...

1000 22:25 / 21.09.2023
Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни таҳқирламоқчи бўлишади. Аллоҳ таоло бўлса Ва сенинг зикрингни юқори кўтармадикми rdquo дея марҳамат қилади. Шарҳ сураси, давоми...

1237 15:30 / 23.10.2021
1.Ўрта бўй эдилар. 2. Ранглари оққизил, юзлари буғдойранг эди. 3. Олдинга мойил бўлиб юрардилар. 4. Икки елкалари ораси кенг эди. 5. Кафт ва қадамлари тўла, гўштли. 6. давоми...

2027 16:19 / 22.09.2023
Ассалом алайкум ҳурматли устозлар. Менинг ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурматим чексиз. Аллоҳдан у кишини тушимда кўришни, жаннатларда қўшни давоми...

1746 16:05 / 03.11.2019
Аудиолар

120917 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42478 14:35 / 11.08.2021