1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Макр

19:00 / 24.08.2021 2842 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, макр ёмон сифатдир. Айниқса, ушбу сифатни Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиб бўлмайди. Лекин араб тили қоидаларида «мушокала» деган қоида бор. «Мушокала»нинг луғавий маъноси «шаклда ўхшаш бўлиш»дир. Балоғат қоидаси бўйича, маънолари ҳар хил бўлган баъзи бир ишларга нисбатан бир хил сўзларнинг ишлатилишига «мушокала» дейилади. «Макр» сўзи «тадбир» маъносини ҳам англатади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

وَمَكَرُواْ وَمَكَرَ اللّهُ وَاللّهُ خَيْرُ الْمَاكِرِينَ

«Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг «зўридир», деб марҳамат қилган. (Оли Имрон сураси, 54-оят).

Бану Исроил макр-ҳийла қилди, Аллоҳ таоло уларнинг макрига қарши тадбир кўрди. Шу ерда «тадбир» сўзи ўрнига мушокала учун, яъни шаклда Бану Исроилга нисбатан берилган макрга ўхшаши учун Аллоҳ таоло Ўзига нисбатан ҳам «макр» сўзини ишлатмоқда. Бунда яҳудийларнинг макрини масхара қилиш оҳанги ҳам бор.

Бану Исроил Ийсо алайҳиссаломни хочга осишни ва ўлдиришни хоҳлаб, қўлларидан келган макр-ҳийлаларни қилдилар. Аллоҳ эса у кишини қутқаришни ва Ўзига кўтаришни ирода қилди. Аллоҳнинг тадбири амалга ошди. Маккор яҳудийларнинг ҳийласи ўтмади.

إِذْ قَالَ اللّهُ يَا عِيسَى إِنِّي مُتَوَفِّيكَ وَرَافِعُكَ إِلَيَّ وَمُطَهِّرُكَ مِنَ الَّذِينَ كَفَرُواْ وَجَاعِلُ الَّذِينَ اتَّبَعُوكَ فَوْقَ الَّذِينَ كَفَرُواْ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأَحْكُمُ بَيْنَكُمْ فِيمَا كُنتُمْ فِيهِ تَخْتَلِفُونَ

Ўшанда Аллоҳ айтди: «Эй Ийсо, Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман ҳамда куфр келтирганлардан сени покловчиман ва қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қўювчиман. Сўнгра қайтишингиз Ўзимга. Бас, сиз ихтилоф қилган нарса юзасидан орангизда Ўзим ҳукм қиладирман. (Оли Имрон сураси, 55-оят).

Оятдаги «вафот қилдирувчи» деган маънони кўпчилик тафсирчилар «ухлатувчи» деб айтганлар. Шу билан бирга, «вафот» сўзи «ухлаш» маъносида ишлатилишига Қуръони Каримнинг бошқа оятларидан, ҳадисдан ва араб тилидан далиллар келтирганлар. Мисол учун, Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «У сизларни кечаси вафот эттирадиган Зот», – деган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассалом уйқудан турганларида: «Бизни ўлдирганидан сўнг тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – дер эканлар. Араб тилида «вафот» сўзи бир нарсани тўлиғича олиш маъносини билдиради.

«Ўшанда Аллоҳ айтди: «Эй Ийсо, мен сени вафот қилдирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман...»

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ўта ишончли манбалар асосида, Ийсо алайҳиссалом ўлганлари йўқ, Аллоҳ у кишини Ўзига кўтариб олган. Қиёмат қоим бўлишидан олдин қайтиб тушадилар, деб эътиқод қилади. Ўрни келганда бу мавзу яна алоҳида ўрганилади ҳам.

Лекин Аллоҳ у зотни қандай қилиб вафот эттирди, қандай қилиб Ўзига кўтарди – Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу масала очиқ бўлиб, бандаларнинг даҳли бўлмаган, муташобиҳ, ғайб масалаларига киради. Бунинг ҳақиқатини топишга амр ҳам бўлгани йўқ.

«...ҳамда куфр келтирганлардан сени покловчиман...»

Яъни «Уларнинг ёмонликларидан қутқарувчиман». Аллоҳ таолонинг

«...ва қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қўювчиман» деган ваъдаси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, «сенга эргашганлар» деганда, Аллоҳдан келган тўғри динга эргашувчилар тушунилади. Ҳозирги вақтгача «Биз Ийсонинг динидамиз», деб юрган масиҳийлар у кишига ҳақиқий эргашувчилар эмас. Улар Ийсо алайҳиссаломнинг авлодлари бўлиб, у зотга келган динни бузиб юборганлар. Аллоҳнинг ҳузуридаги тўғри дин Исломдир. Демак, Ийсо алайҳиссаломга ҳақиқий эргашувчилар мусулмонлар ҳисобланадилар. Мазкур ваъда ҳам уларга тўғри келади.

«Сўнгра қайтишингиз Ўзимга. Бас, сиз ихтилоф қилган нарса юзасидан орангизда Ўзим ҳукм қиладирман».

Қиёмат куни ҳамма Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб боради. Бунга шубҳа йўқ. Ҳар ким қилганига яраша жазо ёки мукофот олиши ҳам аниқ.

Бу дунёда ихтилофга тушиб, ечилмай қолган масалаларнинг ҳукмини Аллоҳнинг Ўзи чиқаради.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга марҳамат кўрсатди ичларига ўзларидан уларга Аллоҳнинг оятларини давоми...

4460 19:00 / 28.06.2022
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Албатта, ўз Роббларидан ғойибона қўрқадиганлар учун мағфират ва улуғ ажр бордир, 12оят.Қуръондаги, умуман, давоми...

3909 18:00 / 19.04.2019
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Сен .Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми Тақво қилганларга Робблари давоми...

3737 17:00 / 02.12.2020
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Подшоҳлик Ўз қўлида бўлган Зот баракотли, улуғ бўлди. У ҳар бир нарсага ўта қодирдир, 1оят.Яъни олий оламнинг давоми...

3210 20:35 / 09.01.2019