1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Фаҳш гапдан қайтиш

09:30 / 11.01.2021 6376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: الْقَائِلُ الْفَاحِشَةَ، وَالَّذِي يُشِيعُ بِهَا، فِي الْإِثْمِ سَوَاءٌ.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фаҳш гапни айтган одам ҳам, уни бошқа ёққа тарқатувчи одам ҳам бир хил гуноҳкор бўлади».

Шарҳ: Бир одам йўқ жойдаги бир фаҳш гапни айтиб, қандай гуноҳкор бўлса, бу гапни тарқатган, мўмин-мусулмонларнинг орасида шу гапнинг тарқалишига сабаб бўлган одам ҳам худди шундай гуноҳкор бўлар экан.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нур сурасида марҳамат қилиб, мўминларнинг ичида фаҳш гап тарқалишини истамаслигини очиқ-ойдин айтган:

«Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз» (19-оят).

Кишилар орасида фаҳш, уят, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини мана шу оятдан билиб олиш мумкни. Бу иш оятда фаҳшни ёйиш билан баробар қўйилмоқда, ҳукм умумий ҳолда айтилмоқда.

Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробар экан. Фаҳша гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, сабабчи бўлиш – ҳамма-ҳаммаси аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ экани турган гап.

Ислом фаҳш ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор. Ўша гуноҳкор жазога тортилар экан, демак, зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади.

Зино ва жинсий алоқа тўғрисида турли гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам бузуқ гапларни гапириш ман қилинади.

Агар ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, керакли жойда бориб гапирсин, гувоҳ келтириб, зинокорларни жазолашни йўлга қўйишда хизматларини адо этсин. Ана шунда мусулмонлар жамиятини поклашга ҳиссасини қўшган бўлади.

Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўзламасин, бемаза ишларни қилмасин. Йўқса, аламли азобга дучор бўлади.

«Аллоҳ билади, сиз эса билмассиз».

Шунинг учун гапни чўзмай, Аллоҳ таолонинг айтганини дарҳол бажо келтиринг.

Фаҳш ва шарм-ҳаёсиз гапларни ташиб юрувчилар Аллоҳ таолонинг ушбу иродасига қарши иш қилган ҳисобланадилар ва гуноҳкори азим бўладилар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оишадан .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими, деб сўралди. .Йўқ У зотнинг амаллари доимий давоми...

3264 09:05 / 02.09.2017
. ,. .6255. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш сўзловчи ҳам, фаҳш сўзлашга давоми...

1376 09:53 / 07.12.2018
. ,. .6332. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ Таоло мулойимдир. Ва ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради,, дедилар.Муттафақун алайҳ.

1527 10:16 / 15.12.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо давоми...

3118 09:20 / 30.05.2018