1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аёрхо бинти Хонид (Мусонинг оналари) (учинчи мақола)

17:00 / 06.01.2021 1843 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мусо (дарёда оқиб кетгач) онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди. Агар Биз («Мусони ўзингга қайтарурмиз», деган ваъдамизга) имон келтиргувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда албатта у (Мусо ўзининг ўғли эканини) очиб қўйган бўлур эди» (Қосос сураси, 10-оят).

Мусонинг онаси Аёрхонинг дунё ишларидан кўнгли совиб кетди. Хаёлида фақат Мусо! «Нима бўлди экан, Иброҳимни оловдан қутқарганидек, Мусони ҳам ғарқ бўлишдан қутқардимикан? Сандиққа ҳаво кирмасдан бола ўлиб қолмадимикан? Сув узоқларга олиб кетдимикан? Тирикмикан? Қаерда экан?» Аёрхо узоқ ўйлади. Қизи Марямга дедики: «Сен сандиқни кузатгин, қаерга кетди экан, лекин ҳеч ким билмасин». «Ва (Мусонинг онаси) унинг опасига: «Унинг ортидан тушгин», деди. Бас, у (Фиръавн хонадонидагилар) сезмаган ҳолларида (Мусони) узоқдан кузатиб турди» (Қосос сураси, 11-оят).

Марям кўчадан бир хабарни олиб келди. Фиръавннинг аёли болани сандиқдан олибди, ҳатто уни ўзига ўғил қилибди. Аллоҳ таоло болани ҳам ғарқ бўлишидан, ҳам ўлдирилишидан ўзи сақлади. 

Мусонинг онаси Аёрхонинг кўнгли таскин топди. Боласининг саломат эканлигига Аллоҳга шукр қилди. Қизига «Менга тез-тез бола тўғрисида хабар келтириб тур», деб тайинлади. Марям қасрга тез-тез бориб турди ва бир хизматкор аёл билан танишиб олди. Бола тўғрисида ундан сўради. «Қасрдагилар ҳозир ҳайрон, бола ҳеч кимни эммаяпти экан, малика бундан қаттиқ сиқилган! Боланинг очликдан ҳалок бўлиши уни ташвишга солган», деди хизматкор аёл. Марям дедики: «Мен бир покиза аёлни биламан, балки бола уни эмар!» Жория деди: «Агар шу аёлни эмса, малика сенга катта мукофот беради». 

У Марямни маликанинг олдига олиб борди. «Биз аввал (Мусога барча) эмизгувчи аёлларни ҳаром қилдик (бас, у бирон аёлни эммади), шунда (унинг опаси келиб): «Мен сизларга унга кафил бўлиб (эмизадиган) ва унга холис (тарбия берадиган) бир оилани кўрсатайми?» деди» (Қасос сураси, 12-оят).

Малика деди: «У аёлнинг уйи қаерда?» Марям: «Унча узоқ эмас, бу ерга яқин», деди. Жория ва Марям болани олиб уйга келишди. Марям бола эммаса-я, деб қўрқди. У онасига воқеани гапириб берди ва болани Аёрхонинг қўлига тутди. Шунда она «Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин. Бас, қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга (яъни, тирик ҳолида) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз» (Қосос сураси, 7-оят)ни эслади. Роббисига шукр қилди. Сўнг боласини бағрига босиб, кўкрагини унинг оғзига солди. Бола кўкракни эма бошлади. Очиққан боланинг юзида ризолик аломатлари зоҳир бўлди. Тўйгунича эмди. Шундан кейин жория болани қасрга қайтариб олиб кетди. Маликага хушхабарни айтди. Малика хурсанд бўлиб, бу аёлни қасрга таклиф қилди. Жория Мусонинг онаси олдига келиб, маликанинг чақираётганини айтди. Мусонинг онаси малика ҳузурига келди. Малика уни саройда яшаб, болани шу ерда эмизиб туришга таклиф қилди. Мусонинг онаси эътироз билдириб: «Менинг эрим, болаларим бор, бу ерда туролмайман, агар майли десангиз, уйга олиб кетиб, боқиб берсам», деди. Малика рози бўлиб, кўп кийим-кечак, ҳадялар билан Мусони онасига бериб юборди. 

Аёрхонинг вафоти 

Аёрхо Мусони бағрига босиб хурсанд ҳолда уйга қайтди. Аллоҳнинг қудратини, ваъдасига хилоф қилмаганини, У латиф, Рауфур-Раҳим Зот эканлигини эслади. «Шундай қилиб, Биз (Мусонинг онасининг) кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини) билмайдилар» (Қосос сураси, 13-оят). Сутдан чиққанидан кейин Мусони қасрга олиб кетишди, лекин вақти-вақти билан «сут онаси»ни зиёрат қилиш учун малика уни уйига юбориб турарди. Кунлар, ойлар ўтиб, бола катта бўлди. Мусо Мисрдан Мадянга кетганини эшитиб Аёрхо кўп хафа бўлди, интизорлик билан боласини кутди. Ўғли қайтганида Аллоҳ таоло унга пайғамбарликни насиб этганини билди. Боласи туғилган вақтида Аллоҳнинг юборган ваҳийсини эслади. Унинг дини ғолиб бўлишини истаб, кўп дуолар қилди. Аёрхо иймон келтирган ҳолида вафот этди.

(Тамом)

«Мўминалар силсиласи» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳоний Ҳонеъ Фотима бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳо таниқли саҳобиялардан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро ва Меърож воқеалари шу аёл хонадонида содир давоми...

1933 17:00 / 13.02.2021
Бугунги кунда .Биттадан ортиқ хотинга уйланиш ҳаром,, деган динлар мижози кучли халқларни ўзига жалб қилиш учун кўпхотинлиликка истисно тариқасида рухсат давоми...

2078 18:04 / 01.04.2020
Ёш бўлишларига қарамай, Оиша онамиз оталарининг уйида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташвишларига шерик бўлар эдилар. У киши Пайғамбар давоми...

3636 17:03 / 05.11.2018
Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар..Ийжоб, сўзи никоҳ ақдида иштирок этадиган икки томоннинг давоми...

2645 11:00 / 10.06.2020
Аудиолар

121552 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43036 14:35 / 11.08.2021