1445 йил 13 зулқаъда | 2024 йил 21 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Мадинага кириш ва кундошлар рашки (олтинчи мақола)

12:30 / 20.11.2019 3827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Мен ва Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб кетдик. София у зотга туяларига мингашган эди. Шундай кетаётган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари қоқилиб кетди. Бас, у зот ҳам, аёл ҳам йиқилдилар. Абу Толҳа уловидан шошиб тушиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига етиб борди-да:

«Эй Аллоҳнинг Набийси, бирор зарар етдими?» деди.

«Йўқ, аёлга қара», дедилар.

Абу Толҳа кийимини ўзининг юзига ёпиб олиб, аёл томон борди ва кийимни унинг устига ташлади. У ўрнидан турди. Бас, уни уловларига боғлаб қўйдилар. Мадинага яқинлашиб қолганимизда у зот:

«Ааибуна, тоибуна, ъаабидуна ва лироббина ҳомидуна (қайтувчилармиз, тавба қилувчилармиз, ибодат қилувчилармиз ва Роббимизга ҳамд айтувчилармиз)», дедилар. Ҳаммамиз ўшаларни айтиб, Мадинага кириб бордик».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудийлар бошлиғининг қизига уйланганлари ҳақидаги хабар ҳамма тарафга тарқалган эди. Бу ишдан дўстлар хурсанд бўлишди, душманлар эса ҳасратманд бўлишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари эса ўзига яраша рашк қилишди. Эҳтимол, улар учун янги кундошнинг яҳудийлардан бўлгани ҳам алоҳида таъсир ўтказгандир. Ана шу омилларни ҳисобга олган бўлсалар керак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳони дастлаб ўз уйларига олиб бормадилар. У зот София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳони бошқа жойга туширдилар. Аммо бу тадбир ҳам бошқа оналаримизнинг рашкларини бутунлай йўққа чиқармади. Келинг, тафсилотларни билиш учун ривоятларга қайтайлик.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам София билан Хайбардан келганларида уни Ҳориса ибн Нўъмоннинг уйларидан бирига туширдилар. Ансорларнинг аёллари у ҳақида ва жамоли ҳақида эшитиб, унга назар солиш учун кела бошлашди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам ниқобланган ҳолда келиб, унинг олдига кирди. У зот уни танидилар. У ташқарига чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ортидан чиқдилар ва:

«У қандай экан, эй Оиша?» дедилар.

«Бир яҳудия экан!» деди у.

«Ундай дема, эй Оиша! У Исломга кирди ва Исломи гўзал бўлди», дедилар у зот».

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Умму Синан Асламия розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Мадинага етиб келганимизда уйларимизга тушмадик. София билан унинг манзилига тушдик. Унинг келганини эшитиб, муҳожир ва ансорларнинг аёллари кириб кела бошлашди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожидан тўрттасининг: Зайнаб бинти Жаҳш, Ҳафса, Оиша, Жувайриянинг ниқобланган ҳолда келганларини кўрдим. Зайнабнинг Жувайрияга: «Эй бинти Ҳорис, бу жория Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида биздан ғолиб келади, деб ўйлайман», деганини, Жувайриянинг эса «Йўқ, бу эрининг олдида насиба топа олмайдиган аёллардан», деганини эшитдим».

Ривоятлардан бошқа оналаримизнинг рашк оловларини пастлатиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрган чоралар ҳикматли бўлганлигини кўриб турибмиз. У зот оналаримизга алоҳида муомала қилиб ҳам бу оловни пастлатишга ҳаракат қилмоқдалар.

Аммо София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо нубувват хонадонига кириб борганларидан кейин ҳам оналаримиз томонидан рашк қилиш давом этаверди.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَلَغَ صَفِيَّةَ أَنَّ حَفْصَةَ قَالَتْ إِنَّهَا بِنْتُ يَهُودِيٍّ فَبَكَتْ، فَدَخَلَ عَلَيْهَا النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم وَهِيَ تَبْكِي فَقَالَ: مَا يُبْكِيكِ؟ فَقَالَتْ: قَالَتْ لِي حَفْصَةُ إِنِّي بِنْتُ يَهُودِيٍّ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: إِنَّكِ لَابْنَةُ نَبِيٍّ، وَإِنَّ عَمَّكِ لَنَبِيٌّ، وَإِنَّكِ لَتَحْتَ نَبِيٍّ، فَفِيمَ تَفْخَرُ عَلَيْكِ، ثُمَّ قَالَ: اتَّقِي اللهَ يَا حَفْصَةُ.

وَفِي رِوَايَةٍ: بَلَغَنِي عَنْ حَفْصَةَ وَعَائِشَةَ أَنَّهُمْ قَالُوا: نَحْنُ أَكْرَمُ عَلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم مِنْ صَفِيَّةَ، نَحْنُ أَزْوَاجُهُ وَبَنَاتُ عَمِّهِ، فَدَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ: أَلَا قُلْتِ: فَكَيْفَ تَكُونَانِ خَيْرًا مِنِّي وَزَوْجِي مُحَمَّدٌ وَأَبِي هَارُونُ وَعَمِّي مُوسَى. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Софияга Ҳафсанинг уни «Яҳудийнинг қизи», дегани етди. Бас, у йиғлади. Сўнг у йиғлаб турганда олдига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар ва:

«Сени нима йиғлатди?» дедилар.

«Ҳафса менга «Яҳудийнинг қизисан», деб айтди!» деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен набийнинг қизисан. Амакинг ҳам набий, эринг ҳам набий. У нима билан сендан ортиқ фахр қилар экан?!» дедилар.

Кейин у зот:

«Аллоҳдан қўрқ, эй Ҳафса!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Менга Ҳафса ва Оишадан уларнинг «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Софиядан кўра ҳурматлимиз. Биз у зотнинг ҳам завжалари, ҳам амакиларининг қизимиз», деганлари етди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирганларида у зотга ўшани зикр қилдим. У зот:

«Қандай қилиб икковингиз мендан яхши бўласизлар? Ахир менинг эрим Муҳаммад, отам Ҳорун ва амаким Мусо бўлса», демадингми!?» дедилар».

Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан София бинти Ҳуяй онамизнинг насаблари Ҳорун алайҳиссаломга етиб бориши ҳамда у кишининг бошқа фазллари ҳақида билиб оламиз.

Бу ерда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк можаросини ҳикмат билан муолажа қилмоқдалар. Рашки келган тарафга Аллоҳдан қўрқиш кераклигини эслатмоқдалар. Рашкдан жафо тортган тарафга эса ўзига яраша мақтов сўзлари айтмоқдалар.

Шу ерда оналаримизнинг рашки оддий инсоний табиатдан келиб чиққан ва чегарадан ўтиб кетмаган рашк эканини ҳам айтиб ўтмоғимиз лозим. Уларнинг рашки дунёвий нарсалар учун эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпроқ эътиборларига сазовор бўлиш учун уринишларининг бир кўриниши эди. Шунинг учун мўминлар оналарининг рашки салбий маънога ўтмас эди. Ҳозиргина рашк қилиб туриб, бирпасдан кейин ўша рашк қилинган кишига одамгарчиликнинг олий намуналарини кўрсатиш уларнинг одатлари эди.

Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг София бинти Ҳуяй онамиздан аччиқлари чиқди. Бас, София:

«Эй Оиша, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мендан рози қилиб бера оласанми? Сенга ўз кунимни берардим», деди.

«Хўп», деди у ва ўзининг заъфаронга бўялган рўмолига ҳиди чиқиши учун сув сепди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнбошларига бориб, ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Эй Оиша, мендан нари тур. Бугун сенинг кунинг эмас», дедилар.

«Бу Аллоҳнинг фазлидир. Уни кимга хоҳласа, берадир», деди у ва бўлган хабарни етказди. Бас, у зот София бинти Ҳуяй онамиздан рози бўлдилар».

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда .Биттадан ортиқ хотинга уйланиш ҳаром,, деган динлар мижози кучли халқларни ўзига жалб қилиш учун кўпхотинлиликка истисно тариқасида рухсат давоми...

2082 18:04 / 01.04.2020
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у давоми...

8040 11:20 / 06.07.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Маслаҳат сўралмагунча, жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча, бокира никоҳланмас,, давоми...

2693 14:00 / 13.05.2020
Муборак ўғил Бир кун Фиръавн туш кўрди .Тушида бир ўт Байтул Муқаддасдан Мисргача ёниб келаётганди. Таъбирчиларнинг айтишларича, Бани Исроилдан бир бола туғилиб, давоми...

1794 17:00 / 17.02.2021
Аудиолар

121707 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43150 14:35 / 11.08.2021