1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Сукут розилик аломати

14:00 / 13.05.2020 2688 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Маслаҳат сўралмагунча, жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча, бокира никоҳланмас», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг изни қандай бўлади?» дейишди.

«Сукут сақламоғи», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Жувон ўз нафсига валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса изн сўралади. Унинг изни – сукутидир», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда никоҳ масаласида қиз ва аёлларнинг розилиги шарт эканлиги, эркаклар, яъни оталар, акалар ва бошқалар совчи келганида ўзларича жавоб бериб юбормасдан, улар билан маслаҳат қилиб, розиликларини олишлари кераклиги баён қилинмоқда.

Замон бузилиб, ишлар тескарисига айланмай турган пайтда нафақат мусулмонларда, балки дунёнинг барча халқларида бир қизга совчилик қилиш оила бошлиғи бўлмиш отага гап очиш, ундан розилик сўраш билан бўлган. Оддий инсоний одоб-ахлоқ, халқларнинг урф-одатлари шуни тақозо қилган ва қилади ҳам.

Ислом оталарга ёки уларнинг ўрнига қолган валийларга қизнинг ўзидан розилик сўрашни тавсия қилади. Чунки ҳолатнинг ўзи шуни тақозо қилади. Ўзининг изнисиз, розилигисиз бировни эрга бериб юбориш тўғри эмас.

Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундай гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.

Маслаҳат бокира қизнинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукут розилик аломати бўлади.

Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром доирасида тарбия топганлари туфайли отаси, яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида уялиб, индамаган бўлади. Шунинг учун қиз боланинг уялиб, индамагани унинг розилиги ҳисобланади.

Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик деб бўлмайди.

Бундай ҳолларда оналарни ишга солиш яхшироқ бўлади. Зотан, жорий одатлар ҳам шунга айланиб қолган.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёлларни қизлари ҳақидаги ишга таклиф қилинглар», деганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қачонки, сиз ҳақиқий эркак бўлсангиз, шунда аёлингиз сиз учун чинакам аёл бўлади.Қачонки, сиз чинакам эр киши бўлсангиз, шунда аёлингиз латофатли, иболи аёл давоми...

2270 09:00 / 05.01.2023
Уламолардан бири шундай ёзади.Бир йил олдин саксон ёшли бир қария зиёратимга келди. Унинг худди ёш йигитлардек зиналардан чаққонлик билан сакрабсакраб давоми...

13131 10:00 / 06.10.2020
Ёш бўлишларига қарамай, Оиша онамиз оталарининг уйида туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташвишларига шерик бўлар эдилар. У киши Пайғамбар давоми...

3634 17:03 / 05.11.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн саккиз ёшларида ажраб қолган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотдан кейин яна қарийб ярим аср умр кўрдилар. У киши бу давоми...

3594 12:45 / 13.01.2019