1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳонинг фазллари

11:20 / 06.07.2019 7988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у киши ҳақидаги маълумотлар оз ва бори ҳам ҳар хиллигини барча тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Биз ҳам мазкур маълумотлардан хулоса чиқариб олишга ҳаракат қиламиз.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз Маккаи Мукаррамада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлишларидан тахминан ўн уч йил аввал таваллуд топганлар.

У кишининг оталари Хузайма ибн Ҳорим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолий деган одам бўлган, оналари Ҳинд бинти Авф ибн Ҳорис ибн Ҳамота ал-Ҳумайрия бўлган.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз вояга етгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар.

Ҳижратга амр бўлганда Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ҳижрат этиб келиб, ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварада истиқомат қила бошлаганлар.

Бадр урушида Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ярадорларга қарашиб, фидокорлик кўрсатганлар.

Ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд урушида у кишининг эрлари вафот этди. Шундан кейин Зайнаб бинти Хузайма ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга раҳмлари келиб, у кишининг иддаси чиққач, ўзларига хотин қилиб олдилар. У зот Зайнаб онамизнинг маҳрларига тўрт юз дирҳам бериб, Оиша онамизнинг ҳужралари ёнига у киши учун ҳужра қурдилар. Шундай қилиб, Зайнаб онамиз мўминларнинг онаси деган шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳнинг дини йўлидаги фидокорликларини ана шундай тақдирладилар.

Зайнаб онамизнинг лақаблари Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) эди. У киши мискинларга кўп яхшилик қилганлари сабабли мана шу лақабни олган эдилар.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз нубувват хонадонида бир неча ой яшаганларидан кейин дорулбақога риҳлат қилдилар. Бу аламли ҳодиса ҳижрий тўртинчи сананинг охирги чорагида бўлди. Ўшанда у кишининг ёшлари ўттизда эди.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилдилар.

Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Ўқийдиган мўмин бўлиш бу умматнинг асл шахсиятига қайд қилиб қўйилган. Ўқишни асло қўшимча машғулот деб ҳисоблама. Мактабда ўқиганларингни дарс дегин, уларни давоми...

2876 15:00 / 15.02.2022
Менинг муборак қизим, бутун оламни қамраган ва таъминлаган Аллоҳнинг раҳматига мазҳар бўлишингни тилаган ҳолда саломларимни йўллаб қоламан. Қайтақайта давоми...

2243 15:00 / 20.01.2022
Мадиха Камель ўз даврида нафақат Мисрнинг, балки бутун араб киносининг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлган. Аммо битта ҳадисни эшитгач, у ҳаётини тубдан давоми...

5504 16:05 / 31.01.2020
Ушбу мавзуда сўз юритишдан олдин .аёл киши билан эркак кишининг орасидаги тенг ҳуқуқлилик, деганда нимани тушуниш керак, унинг нисбийлиги борми ёки мутлақ бир давоми...

3537 19:10 / 06.10.2018