1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мўмин киши ихтилофлардан узоқ бўлиши учун нима қилмоғи керак?

15:07 / 22.06.2019 1637 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу ва бу ерда айтилмаган яна бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда фиқҳ илмини ўрганиш, ўтган буюк фақиҳларимиз қолдирган улкан илмий меросдан унумли фойдаланиш ва мусулмонлар оммасига бу илмни замон руҳига мос равишда етказишни илмий ва тўғри равишда йўлга қўйиш зарур. Ана шунда фиқҳ ҳақидаги ихтилофлар ҳам барҳам топиши учун катта бир қадам қўйилган бўлади, иншааллоҳ.

Умуман олганда эса мусулмонлар иложи борича диний саводларини ўстириш устида ишламоқлари керак. Аҳли илмлар илмни пухта эгаллаш пайида бўлишлари, кишиларни ихтилофга солиш ўрнига, уларни ихтилофдан чиқариш ҳақида қайғуришлари лозим ва лобуддир. Агар баъзи бир масалада турли фикрда бўлиб қолсалар, уни дарров халқ оммаси ичига олиб чиқмасдан, аввал ўзлари илмий мажлисларда ҳал қилиб олиб, бир фикрга келганларидан кейингина кўпчиликка эълон қилишлари керак. Қисқасини айтадиган бўлсак, ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб ихтилофга қарши курашмоғимиз, ихтилофга олиб борадиган ҳар бир йўлни, сўқмоқни яхшилаб тўсмоғимиз зарур.

Ҳар бир мусулмон банда Аллоҳ таолонинг:

«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг» (Ҳужурот сураси, 10-оят), деган оятига доимий равишда оғишмай амал қилмоғи керак. Ҳамма дин қардошлари билан биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаб бормоғи лозим ва лобуддир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон банда икки биродари орасига ихтилоф тушиб қолганини сезиб қолса, дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилишга ўтмоғи даркор.

Азиз диндошлар! Биз барча муваффақиятсизликларимиз манбаи ўзаро ихтилофларимиз эканини тушуниб етмоғимиз лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг абадий дастури бўлмиш Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларига хитоб қилиб:

«Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади» (Анфол сураси, 46-оят), дегани бежиз эмас. Ҳа, улуғ Аллоҳ тўғри айтади, ихтилоф мусулмонларни тушкунликка туширади, куч-қувватларини кетказади. Агар тушкунликка учрамайлик, куч-қувватимиз кетмасин, десак, ихтилоф қилмайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига хитоб қилиб:

«Ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар», деганлар. Агар ўтган умматларга ўхшаб ҳалокатга дучор бўлмайлик, десак, ихтилоф қилмайлик.

Бир-биримиз билан ихтилоф қилиш учун сарф қилаётган ақл-заковат, илм-маърифат, куч-қувват ҳамда вақту имкониятларимизни бошқаларни динимизга, ибодатга даъват этишга сарфлайлик.

Ушбу камтарона сатрларга нуқта қўйишдан олдин, тарих давомида Аллоҳнинг инояти ила кўплаб қийинчиликларни шараф билан енгиб чиққан мусулмонлар бу сафарги қийинчиликларни ҳам енга олишларига ишончимиз комил эканини таъкидламоқчиман.

Аллоҳ биз билан! Аллоҳ мусулмонлар жамоаси билан! Ва охирги дуоимиз: оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!

“Ихтилофлар: сабаблар ва ечимлар” китоби

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қаҳф сурасининг 25оятида золим ҳоким истибдодидан иймонларини сақлаб қолиш учун бир қаҳфгағорга паноҳ тортиб кирган етти киши ҳақида шундай марҳамат давоми...

3949 15:10 / 28.12.2018
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон айтади .Халифа Мутаваккил вафот этгач, тушимда кўрдим. .Аллоҳ сенга қандай муомала қилди, деб сўрасам, .Мени мағфират қилди,, деди. .Қандай давоми...

1580 10:15 / 24.01.2020
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари яшайдиган хонадонга бир гуруҳ мусулмонлар келиб, Расулуллоҳ давоми...

2559 08:00 / 07.01.2021
Абу Исҳоқ Шерозий 476 ҳижрий йилда вафот этди. Солиҳлардан бири уни тушида кўрса, эгнида оппоқ либос, бошида тож бор экан. .Бу оппоқ либос нима, деб сўраса, .Тоатнинг давоми...

1082 08:00 / 10.07.2020
Аудиолар

121671 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43120 14:35 / 11.08.2021