1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Рамазон кўмак ва ёрдам ойидир

17:00 / 02.06.2019 9824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу йилги Рамазон ойида барча масжидларимизда Қуръони карим хатмоналари ўтказилмоқда. Юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилинмоқда.

Жумладан, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялашга тарғиб ва ташвиқ этилмоқда.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини ўзининг каломида қуйидаги оят билан фарз қилди: «Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Рўзадорларга бериладиган ажр-мукофотлар нақадар улуғлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда рўзадорлар турадилар. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Сўнг у эшикдан бошқа ҳеч ким кирмайди» (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Рўзадор кишининг сифатлари қандай бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

«Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, Ўзим унинг мукофотини бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», дедилар». (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло розилиги учун рўза тутиш қалқондир. Дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади. Рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Энди ким Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарз бўлади. Агар ўзи тутолмаса мискинга фидя беради.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминниг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди» дедилар».

Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, аввало қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам ўзига яраша алоҳида аҳамият берилган. Инсон жисмига берилган бу аҳамиятни Ислом унга ўз ҳаётини сақлаш ва давоми...

7812 15:31 / 11.02.2019
Мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши давоми...

13412 16:30 / 24.04.2019
Исломда бошқа нарсалар қатори, ичимлик ичиш бўйича ҳам юксак одоб намуналари жорий қилинган. Мазкур одобларга ният орқали амал қилган мусулмонлар ичимлик ила давоми...

6746 16:26 / 10.04.2019
Кўпчилик эркаклар уй юмушларини ўзидан паст бўлган бир нарса деб билишади. Баъзи эркаклар эса агарда аёлига ёрдам берса бу уларнинг мавқеига ва обрўсига путур давоми...

1333 16:00 / 29 февраль