1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Интернет одоблари

16:30 / 24.04.2019 13410 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозим. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб ҳам олади. Агар диний таълимотга амал қилмай, ниятини яхшиласа-ю, интернетдан фақат яхшилик йўлида фойдаланса, ўша олган фойдаси қолади, аммо савоб олмайди. Чунки бу ишига диний таълимот асосида яхши ниятни аралаштирмади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари таборака ва таолодан ривоят қилиб айтадилар:

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд этиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини, қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлишини эсга олиш зарур.

Айнан ушбу ҳис-туйғу бўлмагани учун кўпчилик интернетда соатлаб вақтини, азиз умрининг ғанимат кунларини зое қилишни ўзига эп кўрмоқда. Узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос хасталикларга чалинганлари ҳақидаги хабарлар беҳуда тарқалмаган бўлса керак. Мусулмон инсон эса доимо, жумладан, интернетдан фойдаланишда ҳам умрининг ҳар лаҳзаси борасида охиратда сўралишини зинҳор унутмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Роббининг ҳузуридан узилмайди».

Термизий ривоят қилган.

Интернетда кўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиши шарт.

Зотан, мусулмон инсоннинг ҳамма ерда, барча замонларда ва барча вазиятларда қиладиган гап-сўзларию, иш ва фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши талаб этилади.

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайтда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, «бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку», деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Ҳаётда одамлар уни кўриб-билиб тургани учун, ўзгалар гапирмасин дея ўзини ёмон-ликдан тийган бўлади. Сайтда эса одамлар кўрмайди ҳам, билмайди ҳам. Бунинг устига, сайтда исмини ҳам ўзгартириб, тамоман бирор киши танимайдиган бўлиб олади. Демак, унинг шариат талабларига амал қилиши хўжакўрсинга, тўғрироқ айтганда, мунофиқликка асосланган бўлади.

Шунинг учун ҳам сайтга кирган ҳар бир инсон ўзининг мусулмонлик бурчини унутмаслиги керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим. Одамлар билмаса ҳам, Аллоҳ таоло билиб турганини мунтазам ҳис этиб туриш зарур.

Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас.

Баъзи кишилар ишхонанинг интернетидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Бир тарафдан – ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаат учун сарфланади. Иккинчи тарафдан – ишхонанинг ишини бажариш ўрнига иш вақтида ўз манфаатини кўзлаб, масъулиятдан қочиш юз беради. Бошқа одамнинг интернетидан фойдаланиш борасида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Шунинг учун улардан фақат ҳақ эгасининг рухсати билан ва зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Дам олиш танаффусида керакли маълумотни олиш, электрон почтани текшириб кўриш кабиларга рухсат берилади.

Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак.

Аввало, бола ота-онаси ва катталарнинг рухсатисиз интернет ва компьютердан фойдаланмасин. Болаларни бундай пайтларда қаровсиз қолдирмаслик, назардан қочирмаслик лозим. Улар фойдаланадиган жиҳозлар ҳамманинг кўз ўнгида турадиган бўлсин. Йўқса, кўзни шамғалат қилиб, исталмаган, бузуқ ёки бефойда нарсаларга ўзларини уришлари мумкин. Болаларнинг интернет ва компьютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чархлайдиган, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган бўлиши чорасини кўриш лозим. Болаларнинг вақти зое бўлмаслиги ҳақида мунтазам бош қотириш ҳам ёддан кўтарилмаслиги лозим.

«Ижтимоий одоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Бас, ким акса ургандан давоми...

15922 19:30 / 21.12.2019
Исломда бошқа нарсалар қатори, ичимлик ичиш бўйича ҳам юксак одоб намуналари жорий қилинган. Мазкур одобларга ният орқали амал қилган мусулмонлар ичимлик ила давоми...

6746 16:26 / 10.04.2019
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг давоми...

3807 14:00 / 25.02.2019
Жамоат намози ўқиш учун масжидга келган одам сафлар орасида у ёқбу ёққа юриши, одамларнинг елкаларини туртиб ўтиши мумкин эмас.Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу давоми...

23713 11:40 / 07.06.2019