1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ризонинг ҳақиқати

18:00 / 18.06.2021 2271 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ризо сабрдан юқори турадиган сифатдир. Сабр ҳавойи нафсга хилоф бўлган нарсаларга ва бало-офатларга ўз ҳаракати ила чора кўришдир.

Ризо эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган кимсанинг ўзига етган аламларни сезмаслиги ёки уларга парво қилмаслигидир.

Аламларни сезмасликка Мажнуннинг ҳолини мисол келтириш мумкин. Лайли ишқида девона бўлаёзган Мажнун эл-юртнинг маломатини ҳам, вужудига етган заҳматларни ҳам ҳеч сезмас эди. Зеро, маъшуқасини бутун вужуди ила севувчи ошиқ шундай ҳолга тушиши табиийдир.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати эса қалбни энг кўп ва қаттиқ машғул қилувчи омилдир. Бу муҳаббатга ғарқ бўлган одам ўзига етаётган ҳар турли аламни сезмаслиги ва розилик ила қабул қилиши турган гап.

Аламларга парво қилмаслик – аламни сезса ҳам, ундан рози бўлишдан иборат. Бу ҳолат худди талаби ризқ учун сафарга чиққан одамнинг ҳолатига ўхшайди. У сафари давомида турли машаққатларга учрайди. Аммо сафаридан келадиган фойдаларни ўйлаб мазкур машаққатларга парво қилмайди.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила қалби тўлган ҳамда У Зотнинг ажру савобидан, берадиган даражаларидан ва яхши ваъдаларидан умидвор бўлган банда ҳам мазкур нарсаларга эришиш йўлидаги аламларга парво қилмайди. Аксинча, уларга ўз ихтиёри билан боради.

Аслини олганда, иймоннинг асоси ҳам Аллоҳнинг қазосига, яъни ҳар қандай ҳукмига рози бўлишдан иборатдир. Яна ҳам аниқроғи, сабр иймондан бир бўлак бўлса, ризо айнан иймоннинг олий даражасидир.

Қуйида ўрганадиган ривоятларимиз бу ҳақиқатни тўлиқроқ англаб олишимизга ёрдам берар, деган умиддамиз

– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактубида:

«Аммо баъду: Албатта, яхшиликнинг барчаси ризодадир. Агар қурбинг етса, ризода бўлишга ҳаракат қил. Акс ҳолда сабр қил», деганлар.

– Маймун ибн Меҳрон: «Ким қазога рози бўлмаса, унинг аҳмоқлигига даво топилмас», деган.

– Робийъ ибн Анас: «Аллоҳга муҳаббатнинг аломати Уни кўп зикр қилишдир. Бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг зикрини кўп қилурсан.

Диннинг аломати Аллоҳга махфий ва ошкора ихлос қилишдир. Шукрнинг аломати Аллоҳнинг қадарига рози бўлиш ва қазосига таслим бўлишдир», деган.

– Абдулазиз ибн Абу Равод: «Гап арпа нонни сирка билан ейишда ёки жуну жанда кийишда эмас. Гап Аллоҳ азза ва жалладан рози бўлишда», деган.

– Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Бўлган нарсани «Бўлмасайди», деганимдан ёки бўлмаган нарсани «Бўлсайди», деганимдан кўра чўғни ютиб юборганим ва унинг нимани куйдирса куйдириб, нимани қолдирса қолдиргани афзал», деганлар.

– Бир одам Муҳаммад ибн Восеъга чиққан ярага назар солиб туриб: «Манави ярани кўриб, сенга раҳмим келмоқда», деди.

«У чиққанидан бери кўзимга чиқмагани учун шукр қиляпман», деди.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Чигиртка белгиланган тартиб ва қатъий интизом асосида ҳаракатланади ва қаерга кетаётганини билади. Капалак эса, бетартиб шаклда учиб юради. Қиёмат қоим бўлганида давоми...

2392 18:00 / 14.05.2021
Бошқа ибодатлардаги каби, садақа ва хайрэҳсонда ҳам фарзу вожибдан кейинги ўринда ихтиёрийси туради. Албатта, садақанинг бу тури ҳам соҳибининг ўзига катта давоми...

3208 16:00 / 01.09.2021
Кимнинг моли ортса, унинг учун ҳисоб бериши ҳам ортади. Унутманг, молнинг ҳалолига ҳисоб, ҳаромига азоб бор. Кимнинг зулми кўпайса, ниҳояси ёмон бўлади. Золим зулм давоми...

2565 19:00 / 16.07.2022
Ҳаж мавсумига отланган жазоирлик 200 нафардан ортиқ бўлажак ҳожилар самолётга чиқиб ўз жойларини эгаллашди, ҳамма жойлашиб бўлгач самолёт Макка шаҳри сари учиб давоми...

6616 15:00 / 03.07.2022