1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Никоҳ тўйи

17:03 / 04.04.2019 10454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Никоҳни эълон қилиш ва бошқа бир неча хайрли мақсадларда тўй қилиш шариатда тавсия қилинган амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида ўша вақтнинг шароитидан келиб чиқиб, ўзлари оддий ва содда тўйлар қилганликлари маълум ва машҳур.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва София бинти Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сариёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардан Мадинага қайтаётиб, София онамизга уйланишлари муносабати билан кишиларга валийма берганлар. Бу зиёфат, ривоятда зикр қилинганидек, содда ва оддий бўлган. Нон ва гўшт умуман бўлмаган. Ўша давр камбағалларининг кундалик таомлари – хурмо, қурт ва сариёғ теридан қилинган дастурхон устига ташлаб қўйилган, валиймага келган кишилар ана шулардан тановул қилганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилганларини кўрмаганман. Унга бир қўй ила валийма қилган эдилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган вақтларида, имкони бўлиб қолиб, бир қўй сўйиб тўй қилган эканлар. Бу тўй у зотнинг энг катта тўйлари ҳисобланганлиги ривоятда қайд қилинмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан тўйлари қуйидагича бўлган эди.

Тўй кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:

«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилиш керак», дедилар.

Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:

«Менда бир қўчқор бор!» деди.

Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қариндошлари бу ҳодисани катта хурсандчилик ва маросим билан нишонладилар. Ҳатто куёвнинг амакиси Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу иккита жонлиқ сўйиб, мадиналикларга зиёфат ҳам берди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга тўй қилиш тавсиялари ҳақидаги энг машҳур ривоят «Абдурраҳмон ибн Авфнинг ҳадиси» номи ила машҳур. Унда қуйидагилар айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб: 

«Бу нима?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилла (маҳр бериб) уйландим», деди у.

«Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда куёвлик белгиси бўлган сариқ ранг аломатини кўриб, нима учун ясанганларини сўрадилар. У киши бир аёлга уйланганлари, маҳрга бир данак вазнида тилла берганларини хабар қилдилар. Бу миқдордаги тилла чорак динор, яъни беш дирҳам кумуш пулга тенг келар эди. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу тўй қилмай уйланганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қил», дедилар.

Ушбу зикр қилинган ва бошқа зикр қилинмаган далиллар эътиборидан, уламолар жумҳури: «Никоҳ тўйи қилиш мустаҳабдир», деганлар. Шофеъий мазҳабидаги баъзи уламолар бу ишни «вожиб», деганлар.

Никоҳ тўйининг шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:

1. Никоҳ тўйи одамлар орасида никоҳни эълон қилишдир.

Одатда совчилик ва қудачиликдан кўпчилик хабардор бўлмайди. Ақди никоҳ маросимида эса бир неча кишиларгина иштирок этадилар. Одамлар келин-куёвни бирга кўрганларида ҳар хил фикрга бормасликлари, «Булар нимага бирга юрибди экан?» демасликлари учун никоҳ тўй орқали эълон қилинади.

2. Никоҳ тўйи қилишда келин-куёв ва уларнинг яқинлари қалбига қувонч бағишлаш бордир.

3. Никоҳ тўйи туфайли кишилар орасидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, уларнинг орасидаги биродарлик мустаҳкамланади, меҳр ва мурувват зиёда бўлади.

4. Никоҳ тўйи орқали мусулмонлар орасидаги ижтимоий тенглик йўлга қўйилади. Тўйга камбағалларни таклиф қилишга алоҳида эътибор берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дер эди: 

«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар чақирилмаган валийма таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Исломда валиймалардан, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад, ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам муҳтож камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб: «Менинг валиймамга қадамингиз етиб қолса, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.

Шунинг учун ҳам ундай валийманинг таоми «энг ёмон таом» дейилмоқда. Демак, валийма қилувчи киши кимларни чақиришни ҳам билиши керак экан. Зиёфат дастурхонига камбағал, бева-бечоралар кўпроқ даъват қилинса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушган бўлади.

5. Никоҳ тўйи қилиб, кўпчиликни чорлашдан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмонлар жамоасининг янги оила ва келин-куёв ҳаққига дуоларидан умидворликдир.

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу саволга ойдинлик киритишга Нельсон Мандела хотирасиrdquo фонди, Жанубий Африка Республикасининг Мусулмон уламолар кенгаши ҳамда ушбу мамлакатдаги ҳукмрон давоми...

3937 15:02 / 15.01.2019
Савол Фитр садақасини бериш кимларнинг зиммасига вожибЖавоб Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етганетмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлса, давоми...

2446 10:00 / 28.05.2019
Рамазон ойида ўзининг вақтини ва молини Аллоҳнинг тоатига сарфлаган ақлли мусулмон ўзига энг муҳим саволни бериши керак, бу ҳам бўлса .Рамазон ойидан сўнг нима давоми...

6759 21:30 / 13.05.2021
Фузайл ибн Иёз авваллари йўлтўсарлик қилар эди. Бир куни кечаси яна қароқчилик қилгани чиқиб, бир карвонни таламоқчи бўлди. Ярим тунда бир карвон келди. давоми...

2144 09:00 / 18.10.2020