1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кофирларнинг ўлим пайти ва қабрдаги ҳолатлари (иккинчи мақола)

21:00 / 03.02.2019 10275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кофирлар жонлари чиқиш асносида даҳшат ва оғир мусибатларни бошидан кечирадилар

Аллоҳ таоло деди: «Сиз золимларни ўлим талвасасидаги ҳолатларини бир кўрсангиз эди! Фаришталар қўлларини очиб: «Жонларингизни чиқарингиз! Аллоҳ ҳақида ноҳақ сўзларни айтганингиз ва Унинг оятларидан кибр қилганингиз эвазига бугун сизлар хорлик азоби билан жазоланасизлар!» (Анъом, 93-оят).

Шайх аллома Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида ушбу сатрларни ёзган: «Сиз золимларнинг ўлим талвасасидаги ҳолатларини кўрсангиз эди»: яъни, ўлимнинг даҳшатлари ва оғир мусибатларини кўрсангиз эди, даҳшатли ва васфлашга сўз топилмас ҳолатга гувоҳ бўлар эдингиз.

«Фаришталар қўлларини очиб...»: яъни, ўлим талвасасидаги ўша золимларни уриш ва азоблаш учун. Фаришталар чиқишдан бош тортган жонларини олиш пайтида золимларга: «Жонларингизни чиқаринглар! Бугун хорлик азоби билан жазоланасизлар»: яъни, сизларни хорлайдиган ва таҳқирлайдиган азоб билан. Зеро, жазо – қилинган амалнинг жинси-туридан бўлади.

Бу азоб «Аллоҳ ҳақида айтган ноҳақ сўзларингиз»: Аллоҳни ёлғончига чиқарганингиз ва пайғамбарлар олиб келган ҳақикатни рад этганингиз ва «Аллоҳнинг оятларидан кибр қилганингиз», яъни, Аллоҳнинг оятларига бўйсунмаганингиз ва ҳукмларига итоат этмаганингиз учундир.

Бу оят – барзах – қабр азоби ва неъматлари бор эканига далилдир. Золимларга қаратилган бу хитоб ва азоб, ўлимларидан бир оз аввал – ўлим талвасаси онидадир. Бундан ташқари бу оят, руҳнинг кириб чиқадиган, хитоб қилинадиган, жасадга жойлашиб, ундан ажраладиган жисм эканига далилдир. Демак, бу – золимларнинг барзах ҳаётидаги ҳолатларидир» (Тайсирул-Каримир-Рохман фий тафсири каламил-Маннан: 2/ 45).

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Ўлим фариштаси ўзи билан бирга бошқа қора юзли ва ғазабнок фаришталар билан ўлим тўшагидаги кофир олдига келади. Жонга: «Эй ифлос жон, самум, қайноқ сув ва Яхмум сояси учун чиқ!», дейилади. Жон баданнинг барча тарафига ёйилади. Фаришталар уни сербутоқ савачўпни нам жунлар ичидан суғуриб олгандек суғуриб оладилар. Жон билан бирга қон ва асаб томирлари ҳам чиқади».

Қайта тирилиш пайтидаги хорлик, хўрлик ва даҳшатлар

Аллоҳ таоло кофирларнинг қабрларидан чиқаётган пайтларини тавсифлаб шундай дейди: «У (кофир)лар қабрларидан гўё ўзлари учун тикилган байроқ остига кетаётганларидек шошилиб, хорликдан кўзлари чақнаб – қўрқиб чиқиб келадилар. Бу – уларга ваъда қилинган кундир!» (Маъориж, 43–44-оятлар).

«У (кофир)лар қабрларидан чиқадилар» яъни, чақирган зотга ижобат қилиб, қўрқувдан кўзлари чақнаб, шошилиб чиқадилар.

«Ўзлари учун тикилган байроқ остига кетаётганларидек» яъни, қасд қилган ва ўзлари тўпланишадиган байроқ остига шошиладилар, бироқ, чақирган зотга на қаршилик ва на итоатсизлик қила оладилар. Балки мағлуб ва хорланган ҳолатларида Роббул-оламийн ҳузурига келадилар.

«Хорликдан кўзлари чақнаб – қўрқиб» яъни, хорлик ва қўрқув уларнинг қалбларини қамраб, кўзлари чақнайди ва овозлари чиқмай, қотиб қоладилар.

Бу ҳолат ва бу келажак – «уларга ваъда қилинган кундир». Аллоҳ берган ваъдасига вафо қилиши, муқаррардир (Аллома шайх Абдурраҳмон ибн Саъдий тафсири, 5 / 309, 310).

Ушбу буюк Маҳшаргоҳда кофирларнинг қалбларига ҳукмрон бўлган қўрқув не даражада бўлиши ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам,) Сиз уларни “Аъзифа” Яқин кун (қиёмат)дан огоҳлантиринг! Ўшанда улар жонлари ҳалқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турарлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир, 18-оят).

«Аъзифа Яқин кун» – қиёмат исмларидан бири бўлиб, яқин қолгани учун шундай деб номланган. Инчунун, Аллоҳ таоло: «Яқин бўлгувчи кун – Қиёмат яқин қолди. Уни Аллоҳдан бошқа очгувчи (унинг бўлишини билувчи зот) йўқдир» (Ван-Нажм, 57–58-оятлар), дейди.

Аллоҳ таолонинг (юқоридаги оятдаги): «жонлари ҳалқумга тиқилганида...» сўзининг маъноси: «жонлар ҳалқумга қўрқувдан тиқилиб, на чиқади ва на ўз ерига қайтади», «ғам-ҳасратга тўлиб» сўзининг маъноси эса: «жим турадилар. Аллоҳ изн берганларгина гапирадилар», бошқа бир ривоятда эса: «йиғлаб», демакдир (Ибн Касир тафсири, 4/ 75).

Кофирларни кишан ва занжирлар билан боғлаб олиб келинади, қора мойдан кийим кийдирилади ва юзларини олов ўраб олади

Аллоҳ таоло деди: «(Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва) Ер бошқа бир Ерга, осмонлар (бошқа осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) Ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў қилинадиган кунда (қиёмат кунида интиқом олгувчидир). (Эй Муҳаммад,) у кунда гуноҳкор кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олади» (Иброҳим, 48–50-оятлар).

Ушбу даҳшатли кунда: Ер бошқа бир ерга айланганида, яъни имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» китобларида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар Қиёмат кунида ундек оппоқ рангда ва ҳеч бир аломатлари (ўнкир-чўнкирлари) бўлмаган Ер устида тўпланадилар»; одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган: «Мен, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ер бошқа Ерга ва осмонлар (бошқа осмонларга) ўзгаради» ояти ҳақида илк сўраган одам эдим. Мен: «Ё Расулуллоҳ, у кунда одамлар қаерда бўладилар?»- деб савол бердим, шунда у зот: «Сирот (кўприги) устида, деб жавоб бердилар» (Муслим ривояти) ҳадисида баён қилинганидек одамлар Сирот устида туришган кунда гуноҳкорлар кўринадилар: улар қилган куфр ва фасодларига кўра бир-бирлари билан жамланадилар. Аллоҳ таоло: «Золимларни ўз жуфтлари билан бирга тўпланглар!» деб айтганидек, бир золим тоифа сифатдаги ўз тенги билан бирга жамланади. Уларнинг қўллари ва оёқлари бўйинларига занжир ва кишанлар билан боғланади (Табарий тафсири, 13/ 254. Ибн Касир тафсири, 2/ 543, 544).

Кофирларнинг кийимларига келсак, у – Аллоҳ таоло баён қилганидек: «Кийимлари қора мойдандир». Уларнинг кийимлари туяларни бўяладиган мойдир. У мой – оловга тез туташадиган мойдир!

Баъзи ривоятларда бу кийимларнинг ўта иссиқ ёки эритилган мис экани ҳам нақл қилинган (Ибн Касир тафсири, 2/ 545). «Кофирларнинг юзларини олов қоплайди» ва куйдириб ташлайди! (Имом Табарий тафсири, 13/ 257).

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз .таровеҳ, деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ сўзи роҳатистироҳат деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат давоми...

2367 09:00 / 14.04.2023
Исломда Садди зурораrdquo зарарларни тўсиш деган тушунча бор. Яъни ҳаромга борадиган йўлларни ёпиш, девор тутиш маъносида қўлланилади. Ҳар мўмин ва мўмина бунга давоми...

3019 21:10 / 16.03.2019
.Тафсири Ҳилол, мамлакатимиз мусулмонларининг маънавий ҳаётида улкан инқилоб ясаган асар бўлди. Ватандошимиз Олтинхон тўранинг мўъжазгина тафсирларини ҳисобга давоми...

1486 14:05 / 21.10.2019
Умар ибн Абдулазизнинг мавлосидан ривоят қилинади .Бир куни Умар ибн Абдулазиз йиғлаб уйғонди. Мен тургунимча ҳам йиғидан тўхтамади. Мен у билан бир хонада ухлар давоми...

1164 08:16 / 03.11.2020