1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Маърифат осмонида порлаган «Ҳилол»

14:05 / 21.10.2019 1489 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тафсири Ҳилол» мамлакатимиз мусулмонларининг маънавий ҳаётида улкан инқилоб ясаган асар бўлди. Ватандошимиз Олтинхон тўранинг мўъжазгина тафсирларини ҳисобга олмаганда сўнгги юз йил мобайнида бу ишга илк бор қўл урилиши эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ислом динининг икки бош масдари – Қуръон ва ҳадис билан халқни таништирмай туриб, одамларни маърифатли қилиш мушкуллигини яхши тушунганлари учун биринчи қилган ишлари она тилимизда тафсир ёзиш, ҳадисларни шарҳлаш бўлди. 1991–1993 йиллар мобайнида мамлакат нашриётларида Ҳазрат қаламига мансуб Қуръони Каримнинг тафсири бўлмиш «Тафсири Ҳилол»нинг 28-30 жузлари нашр этилди.

Ўшанда компьютерда ёзиш ҳали урфга кирмагани сабабли Шайх тафсирни катта ҳажмли умумий дафтарга қўлда ёзардилар. Ўша ноёб қўлёзмалар ҳозирда «Ҳилол-нашр» нашриёти музейида сақланмоқда. Тафсирнинг ўттизинчи жузи нашрдан чиқиши билан жуда қисқа вақт ичида тарқалиб кетди. Одамлар исломий илмга ниҳоятда ташна эди. Қолган жузларни ҳам тезроқ ёзиб, нашр қилиш ҳақида ёзма ва оғзаки илтимослар ёғилиб кетди. Диний бошқарманинг ишларини олиб бориш, келаётган сон-саноқсиз меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш, хориждаги анжуманларга бориш, СССР Олий Кенгаши депутатлиги юмушларидан бўшалган
қисқа танаффуслар пайтида Шайх бутун имкониятларини тафсирни тезроқ ёзиб-тугатишга қаратар эдилар.

Тафсир устида олиб борилган ишлар ҳақида Шайхнинг укалари Муҳаммад Амин ҳожи бундай ҳикоя қиладилар: «Бу машҳур асарнинг номи аввалбошда оддийгина «Тафсир» эди. Китоб босилиб бўлган, иккинчи корректураси ўқилаётган эди. Унга муносиброқ ном қўйиш керак. Шайхнинг ҳузурларига кирдим. «Китобингизга ном қўйиб берар экансиз», дедим. Шайх бир табассум қилиб, «Китобни ёзиб бердим, энди ном ҳам қўйиб беришим керакми, ўзларинг қўйиб олинглар», дедилар. Ўйланиб қолдим: «Юртимиз Ислом диёри, халқимиз мусулмон, она тилимизда Қуръон тафсири йўқ, китобнинг номи «Тафсири Ҳилол» бўлсин, маърифат осмонида уч кунлик ойдек, яъни ҳилолдек порлаб турсин», деган ниятда унга шундай номни танладик. «Келгусида кўплаб тафсирлар ёзилиб, бадр – ўн тўрт кунлик ойдек осмонимизни нурафшон қилиб юборса!» деган яхши ниятлар қилдик... Ўша пайт тақозосига кўра, «Тафсири Ҳилол»ўттизинчи жузидан бошлаб чоп қилина бошланди. Бироз вақт ўтиб, 30-жузнинг иккинчи нашрини чиқармоқчи бўлганимизда Ҳазрат унга 165 саҳифа қўшимча ёзиб бердилар. Ўқиб кўрсам, ҳаммаси жуда керакли фикрлар. «Шунча гап бор экан-у, нега ўшанда ёзмадингиз?» деб сўрасам, «Унда ўқувчи тушуниб етмасди, мана ҳозир кўплаб китоб, дисклар чиқди, интернет пайдо бўлди, энди тушунадиган бўлишди, энди ёзса бўлаверади», деб жавоб қилдилар. Шайх ҳазратлари ҳамиша иқтидорларига қараб эмас, ўқувчининг англаш даражасига қараб китоб ёзардилар».

Орадан кўп ўтмай Шайх тафсирнинг 29-, 28-жузларини ҳам ёзиб бердилар. Улар ҳам катта нусхада нашр қилинди ва тезда тарқалиб кетди. Аммо тафсирнинг қолган жузларини нашр қилиш тақдир тақозосига кўра хийла кечикди. Шайх маълум сабабларга кўра, юртни тарк қилиб, бирмунча вақт хорижда яшашга мажбур бўлдилар. Шу боис тафсирнинг қолган жузлари Маккаи Мукаррамада, Ҳарами Шариф ёнида кейинчалик Ливия заминида қоғозга туширилди. Кейин алоҳида жуз ҳолида қўшни республикалардан бирида босилди. Халқимиз бу буюк неъматдан тўла баҳраманд бўлиш шарафига эришди. Кейинчалик Шайх юртга қайтганларидан сўнг «Тафсири Ҳилол» олти жилдда «Шарқ» нашриётида, кейинчалик Ҳазратнинг ўзлари ташкил этган «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуасида катта нусхаларда бир неча марталаб чоп этилди. Уни ҳозиргача қўлдан қўймай ўқишади, янги турмуш қураётган ёшларга совға қилинади. Кейинроқ кўпчиликнинг талаб-истаклари инобатга олиниб, Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳам алоҳида китоб ҳолида нашр эттирилди.

Ямандаги Тарим Ислом институти мударриси, Брюсселдаги Европа Ислом маданияти академияси аъзоси, Таба фондининг Бош директори Шайх Ҳабиб Алий Жифрий ушбу асар ҳақида бундай ёзади: «Мовароуннаҳр уламоларининг улуғи, шайхимиз аллома Муҳаммад Содиқ замондош уммат уламоларининг киборларидан бўлиб, ўз халқининг Исломга мансублигини асрашда жуда муҳим вазифани бажардилар. Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги олти жилдли тафсирини ёзганлар. Бу китобдан жуда улкан манфаатлар бўлиб, ҳатто айрим қизлар никоҳ маҳрлари учун мазкур тафсирни сўрашади».

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги «Ашраф Алий» масжидининг имом-хатиби Дониёрбек Раҳимжонов ҳикоя қилади: «Шайх ҳазратларига қалбимда муҳаббат чексиз эди. Мактабни битириб, диний илмга киришган кезларим устозим Қуръони Каримдан баъзи оятларнинг тафсирини ёзиб келишимни вазифа қилиб топширдилар. «Уйимизда ўзбекча тафсир йўқ-да, устоз», десам, устозим: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўзбекча тафсири бор, ўттизинчи жузини оласиз», деди. Китоб дўконидан сўрасам,«Охирги ўттизинчи пора келмай қўйган. Олмоқчи бўлсангиз, ўттиз пора тафсир жамланган олти томли «Тафсири Ҳилол» бор, у фалон пул туради», деб анчагина катта нархни айтди. Шароитим тўғри келмай, ушбу китобларни сотиб ололмадим. Китоб дўконидан қайтар эканман, кўзларим ўша тафсир китобида эди. «Эҳ, қани энди ҳозир пулим бўлганида, сотиб олардим», деб афсусландим. Орадан икки йил ўтди. 2009 йили шаҳримиз ижодкорлари билан бошқа бир шаҳарга йиғилишга бордик. Ўша йиғилиш ўтказилган бинони қурган саховатли инсон «Тафсири Ҳилол»нинг ҳамма жузини менга совға қилдилар. Қўлларидан олар эканман, гўёки орзу қилган бахтимга эришгандай ҳис этиб, кўзларимдан ёшлар оқарди. Ўпиб, пешонамга суртиб, жуда хурсанд бўлганман».

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ҳазрат асарларининг энг муҳими ва салмоқлиси «Тафсири Ҳилол» мана шу тарзда юртимиз мусулмонларининг энг севимли китобига айланди.

Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи

«Ҳилол» журнали 7-сонидан олинди.

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Айёш Қаттон айтади .Басрада Мунийба исмли ибодатли аёл яшарди. Унинг ўзидан ҳам ибодатлироқ қизи бор эди. Ҳасан Басрий ўша қизни кўриб, ёш бўла туриб ибодатга давоми...

1520 08:00 / 16.06.2020
Мусулмон олими Абу Али Ҳусайн ибн Сино ўз асарида биринчи марта .Карантин, атамасини ишлатганини биласизми Ибн Сино ғарбда .Авиценна, номи билан машҳур. Абу Али Ибн давоми...

2400 11:09 / 17.04.2020
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккага келган пайтларида кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Одамлар у кишининг олдига келишар, ҳамма ўзи учун дуо сўрарди. Буюк давоми...

1721 09:04 / 14.06.2019
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикормонополиядир.Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким эҳтикор қилса, ўша давоми...

2555 06:01 / 06.11.2018
Аудиолар

121543 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43027 14:35 / 11.08.2021