Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шукрнинг қоидалари ва турлари | Тазкия дарслари (269-дарс)

19:00 / 18 февраль 934 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шукр» сўзи араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга «шукр» сўзини ишлатиш машҳур бўлган.

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади.

Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар.

Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир. Шукрнинг асли неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда эҳсонга нисбатан ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда эса савоб, ажр ва гўзал мақтовдир», деган.

Муновий: «Шукр икки хил бўлади. Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо этилади. Иккинчиси аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади», деган.

Аллоҳнинг шукр қилувчилик сифати банданинг оз қилган амалига ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлашидир.

Шукрнинг қоидалари.

Ферузободий айтади: «Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У ризо манзиласидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг ичида бўлади. Зотан, ризосиз шукр бўлмайди. Шукр иймоннинг ярмидир. У беш қоида асосига бино қилинган:

1. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига хузуъси.

2. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига муҳаббати.

3. Шукр қилувчининг шукр қилинувчининг неъматини эътироф қилиши.

4. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига неъмат учун мақтов айтиши.

5.    Шукр қилувчининг ўзига етган неъматни неъмат берувчига ёқмаган нарсага ишлатмаслиги.

Бас, бу қоидалардан бирортаси йўқ бўлса, шукрда ўша миқдорча нуқсон бўлади».

Шукрнинг турлари.

Шукр уч турга тақсимланади:

1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.

2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.

3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Отам ўзини ундан паст одамдан фазли бор деб билар эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

1553 19:00 / 22.01.2023
4623. Абу Барза алАсламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси давоми...

7281 21:29 / 03.04.2017
.Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми, деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор. 1. Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, давоми...

2740 19:00 / 27.11.2021
Руҳий тарбия машойихлари нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш ишида энг муҳим воситаларидан бири муробата эканини алоҳида таъкидлайдилар. Уларнинг истилоҳида давоми...

3658 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

121582 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43054 14:35 / 11.08.2021