1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 259-оят

16:11 / 09.04.2018 4344 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёки шифтлари устига қулаган шаҳардан ўтган кишига ўхшашни (билмадингми)? У: «Аллоҳ буни ўлимидан кейин қандай тирилтираркин?» – деди. Бас, Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди. «Қанча ётдинг?» – деди. У: «Бир кун ёки бир кундан камроқ ётдим», – деди. «Балки юз йил ётдинг, таомингга ва ичимлигингга назар сол, ўзгаргани йўқ ва эшагингга ҳам қара. (Бу) сени одамларга ибрат қилишимиз учундир. Ва суякларга назар сол, уларни қандай тиклармиз, сўнг уларга қандай гўшт кийгизамиз», – деди. Унга равшан бўлганда: «Албатта, билурманки, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», – деди. Бақара 259. 

Бу ояти каримада макон ва шахс аниқ кўрсатилмаган. «Шифтлари устига қулаган шаҳар» ва бу «шаҳардан ўтган киши» дейилган, холос. Чунки аввал таъкидлаганимиздек, мақсад қайси шаҳар эканини аниқлаш эмас, балки одамларни тўғри йўлга бошлашдир. Шунингдек, ўша шаҳардан ўтган шахс ким эканининг ҳам аҳамияти йўқ.

«Ёки шифтлари устига қулаган шаҳардан ўтган кишига ўхшашни (билмадингми)?»

Ўтган оятнинг давоми сифатида, бу ояти каримада ҳам Набий алайҳиссаломга хитоб бўлиб, Аллоҳнинг қудратига шак келтирган бир банданинг қиссаси келтирилмоқда.

Ўша банда ер билан яксон бўлиб, бирорта тик нарсаси қолмаган, шифтлари устига қулаган шаҳардан ўтган экан. У ердаги вайронликни кўриб: «Аллоҳ ўлганларни тирилтиради, дейишади. Мана бу шаҳар бошдан-оёқ хароб бўлибди, шифтлари устига қулаб тушибди,

«Аллоҳ буни ўлимидан кейин қандай тирилтираркин?» – деди».

Демак, у Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қодир эканига шубҳа билан қаради. Шунда Аллоҳ таоло унга ўлган нарсаларни қандай қилиб тирилтиришини тушунтириб ўтирмади-да, у банданинг ўзини тажриба қилиб қўяқолди:

«Бас, Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди».

Бўлиб ўтган воқеани тушуниб етиши учун ҳалиги инсондан, ўзига келганидан сўнг савол сўралди. Аллоҳ унга:

«Қанча ётдинг?» – деди».

У одам ўзининг қанча ётганини қаердан билсин. Вақтни сезиш тирик, ҳаёт нашидасини суриб турган кишиларга хос хусусиятдир. У бўлса ўлик ҳолда юз йил ётди. Бунинг устига, ҳис-туйғу одамни алдайди ҳам. Шунинг учун

«У: «Бир кун ёки бир кундан камроқ ётдим», – деди».

Ўзи билганича жавоб берди. Ўзининг юз йил ўлиб ётиб, яна қайта тирилгани унга бир кун ёки бир кундан ҳам озроқ ётгандай бўлиб кўринди. Бу ҳолати ўзига тасдиқлатиб олинганидан сўнг унга бўлган ишнинг ҳақиқати айтилди. Аллоҳ таоло:

«Балки юз йил ётдинг...»  деди.

Албатта, Аллоҳнинг сифатигаки шубҳа келтирган одам бу гапга ҳам шубҳа келтириши турган гап. Шунинг учун бу хабардан сўнг унинг юз йил ётганини исботловчи ҳиссий далиллар келтирила бошланди:

«...таомингга ва ичимлигингга назар сол, ўзгаргани йўқ...»

Демак, унинг юз йил ётганига ҳиссий далил таоми ва шароби экан. Юз йилдан буён ўзгармай турган экан. Эҳтимол, юз йил ичида одамларнинг таом ва шароблари бошқача бўлиб кетгандир. Унинг таоми ва шароби уларни кўрганлар «Бу қадимги таом ва шароб-ку, ота-боболаримиз даврида шундай таом ва шароблар истеъмол қилинар экан», дейдиган даражага етиб қолгандир.

Шунингдек, фақат таом ва шаробда эмас, балки унинг эшагида ва ўзида ҳам юз йил ётганига ҳиссий далил бор бўлса керак. Шу боисдан:

«...ва эшагингга ҳам қара. (Бу) сени одамларга ибрат қилишимиз учундир»,  дейилмоқда.

Кўпчилик тафсирчиларимиз: «Эшакдаги аломат кейинги жумладан билинади», – дейдилар. Мазкур банда ўлганда, эшаги ҳам у билан қўшилиб, ўлган экан. Аммо эшагининг ўлими оддий ўлим бўлиб, бошқа ўлган жонзотларга жорий бўлган нарсалар унга ҳам жорий бўлиб, юз йилдан буён чириб, суяклари титилиб ётган экан. Энди эшакнинг эгасига хитоб қилиб:

«Ва суякларга назар сол, уларни қандай тиклармиз, сўнг уларга қандай гўшт кийгизамиз», – деди».

Ва эгасининг кўз олдида ўлган эшакнинг титилиб кетган суяклари тўпланиб, аввалги шаклига келтирилди, унинг суякларига гўшт кийдирилиб, юз йил аввалги ҳолига келтирилди. Бу иш қай тарзда, нима асосида бўлди, ҳеч ким билмайди. Бошқа мўъжизалар Аллоҳнинг қудрати билан қандай юзага келса, бу иш ҳам шундай бўлди. Яқиндагина ҳаётнинг асари йўқ нарса бирдан қимирлаб, унда ҳаёт пайдо бўлганининг аломатини кўрсатгандагина, унга жон ато этилганини тушунамиз. Бошқа ҳеч нарсани англаб ета олмаймиз. Илмнинг чўққисини эгалладик, деб жар солаётган олимлар ҳам, ҳар қанча уринмасинлар, ҳаёт ёки ўлимнинг сирини тушунмай ва тушунтира олмай, хуноблар. Ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзига қайтишига ишониб, тан беришдан бошқа илож қолмайди. Аввалига шифтлари устига қулаган шаҳарни кўриб, «Аллоҳ буни ўлимидан кейин қандай тирилтираркин?» деган банда ҳам ўз бошидан ўтган тажриба, исбот ва далиллардан кейин тан бериб:

«Унга равшан бўлганда: «Албатта, билурманки, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир», – деди».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Нур, 37. бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олдисотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар қалблар ва кўзлар давоми...

8751 15:11 / 10.06.2017
Улар .Биз учун Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин, сигир бизга иштибоҳли бўлиб қолди, биз, Аллоҳ хоҳласа, албатта ҳидоят топувчилармиз,, давоми...

3437 09:00 / 21.09.2017
Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг Бақара 47.Ўша пайтларда пайғамбарлар, илоҳий китоблар ва давоми...

3044 10:05 / 27.08.2017
Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир. Бақара 202. Яъни Роббларидан икки дунёнинг яхшилигини ва дўзах оловининг азобидан давоми...

5856 08:05 / 09.02.2018