1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Нур сураси 37 оят

15:11 / 10.06.2017 8769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Нур» 37. бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар.

Демак, Аллоҳнинг нури, нурли чироқ, иймон нури

«У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига...» изн берган.

Яъни моддий ва маънавий жиҳатдан юқори даражада бўлишига Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган. Бу уйларни баланд қилиб қуришга изн берган.

«...ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир».

Яъни ўша баланд қилиб қурилган уйларнинг даражасини янада баландлатиш учун уларда Ўзининг исмини зикр этишни буюрган. Шу маъноларни эътиборга олиб, уламоларимизнинг кўплари, «Бу уйлардан мурод масжидлардир», – дейдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан «Масжидлар Аллоҳнинг ердаги уйларидир», деган гап ҳам нақл қилинган. Ушбу оятнинг тафсирида Ҳофиз ибн Касийр масжид қуришга тарғиб қилувчи, масжид одобларини ўргатувчи ҳадислар билан бир қаторда масжидга зеб беришдан қайтарувчи ҳадисларни ҳам келтирганлар.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен масжидларни безашга амр қилинмаганман», – деганлар.

Имом Аҳмад ва яна бир қанча муҳаддислар Анас розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар масжидлар ила мақтанадиган бўлмагунларича, қиёмат қоим бўлмайди», деганларини ривоят қилганлар.

Демак, масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида ва кейинги оятда айнан шу нарса зикр қилинмоқда.

«Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар»

У уйларда Аллоҳга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар – Аллоҳни поклаб ёд этурлар. Улар

«бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас».

Бу ерда Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда. Аллоҳ таоло неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш – тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир. Яъни улар иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан, жамоат намозини қолдирмайдилар. Ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки

«Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар».

Яъни қиёмат кунидан қўрқадилар. У Кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй иймон келтирганлар Сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Бақара 153. Ислом умматига Аллоҳ таоло улкан масъулиятни бутун дунёни давоми...

7802 08:45 / 20.12.2017
Ва куфр келтирган ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса ndash ўшалар олов соҳибларидир, улар унда мангу қолувчидирлар. Бақара 39.Аллоҳнинг ҳидоятига давоми...

3168 10:10 / 20.08.2017
Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни эсланг ва Менинг аҳдимга вафо қилинг, Мен ҳам сизнинг аҳдингизга вафо қилурман. Ва Мендангина қўрқинг. Бақара давоми...

3293 17:53 / 21.08.2017
Дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен .Уларга ислоҳ қилиш яхшидир,, ndash деб айт. Агар уларнинг молларини аралаштириб юборсангиз, бас, давоми...

2782 23:30 / 27.02.2018