1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 221-оят

18:00 / 28.02.2018 4995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Анавилар ўт-оловга чақирарлар. Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар. Бақара 221. 

Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш-истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланадилар. Бу ҳолга эришиш аввало, қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса ақийда бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов унинг диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақийдаси бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман этилади.

«Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг».

Мусулмон эркак Ислом ақийдасидан ўзга ақийдадаги мушрика аёлга уйланиши мумкин эмас. Лекин у аёл ўз динини тарк этиб, Ислом динига кириб, мўмина бўлса, шундан кейин уйланса бўлади. Бу ҳукмдан яҳудий ва масиҳий динидаги аёллар мустасно. Улар ўз динларида турсалар ҳам, мусулмон эркак уларга уйланса бўлади. Бошқа оятлар муносабати билан бу масалани яна ўрганамиз, иншааллоҳ.

Мушрика аёлларга уйланишни ман қилгандан кейин Аллоҳ таоло аёлларнинг қай бири Ўзининг ҳузурида яхши эканини баён қилмоқда:

«Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир».

Аллоҳнинг ҳузурида аёл кишининг яхши-ёмонлигини ўлчашдаги бош мезон унинг иймонидир. Агар аёл киши чўри бўлса ҳам, мўмина бўлса, бас, бошқа ҳар қандай аёлдан яхшидир. Тўғри, мушрика аёл ўзининг озодлиги, ҳусни-жамоли, шакли-шамоили, мол-дунёси, насли-насаби ва яна қандайдир жиҳатлари билан эркакларни қизиқтириши, уларга ёқиши мумкин. Лекин мушрикалиги, иймонининг йўқлиги, Аллоҳга ширк келтириши ҳамма нарсадан ёмон. Ундай мушрика аёлдан чўри бўлса ҳам, хунук бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, насли-насаби гўё паст бўлса ҳам, мўмина аёл яхшидир. Қалбидаги иймони уни юқори даражаларга олиб чиқади.

Шунингдек, мўмина аёлларнинг мушрик эркакларга турмушга чиқишлари, уларга никоҳланишлари қатъиян ман қилинади:

«Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг».

Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади.

Ҳатто эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар», – деганлар.

Худди аёлларга ўхшаб, эркаклар фазлининг ўлчови ҳам иймондир:

«Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир».

Яъни эркак киши қул бўлса ҳам, агар мўмин бўлса, бас, бошқа иймонсиз эркаклардан яхшидир...

Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, ким улар билан алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада – ақийда бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, динидан чиқиб кетиши хавфи бор. Шунинг учун оятда:

«Анавилар ўт-оловга чақирарлар», – дейилади.

Анавилар (мушриклар) ўзлари билан бирга бўлганларни мушрикликка, бу дегани, дўзах ўтига чақирадилар.

«Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар».

Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнг агар талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегмагунича унга ҳалол бўлмас. Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, давоми...

5215 22:30 / 11.03.2018
Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб, дедилар .Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан ва ўта билувчисан. Бақара 127.

6531 16:55 / 24.11.2017
Ёки Расулингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрамоқчимисиз Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашибди. Бақара 108. Маълумки, давоми...

4066 08:20 / 04.11.2017
Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингизни давоми...

4628 12:25 / 07.11.2017
Аудиолар

213477 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132689 14:35 / 11.08.2021