1444 йил 2 Рамазон | 2023 йил 24 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
18:20 / 10 февраль 1660 Кўриш режими

«Вақф» хайрия жамоат фонди зарур жиҳозларни Туркияга жўнатди

Жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» ҳайрия жамоат фонди ташаббуси билан турк халқи бошига тушган кулфатда кўмак бериш учун ҳимматлиларни жалб этган ҳолда энг зарур нарсаларни Туркияга гуманитар ёрдам тўплаш марказига топширди.

Маълумки, мамлакатимиз биринчилардан бўлиб талафот кўрган элга ёрдам қўлини чўзди ва 200 га яқин қутқарувчиларимиз вайроналар остида қолганларни қутқариш учун туну кун ишламоқда.
Шундай қиш-қировли кунларда бошпанасиз қолган қардошларимизга зарур буюмларни йиғиш кампанияси ҳам бошлангани айни муддао бўлди. Маълумотларга кўра, 2-3 кун ичида турк халқи учун Тошкент шаҳрида 80 тоннадан ортиқ ёрдам йиғилган.

«Вақф» хайрия жамоат фонди ҳам бу борада фаол бўлиб, 4 та юк машинага ортилган 30 турдаги 10 мингга яқин уст-бош ва зарур жиҳозларни ҳомийлар кўмагида жамлаб, пойтахтдаги ёрдам йиғиш марказига топширди. Мазкур ёрдам таркибида асосан қишки кийимлар, ётоқ ашёлари ва иситиш мосламалари мавжуд.

Мазкур инсонпарварлик юклари ортилган биринчи рейс 10 февраль куни Туркияга учиб кетиши кутилмоқда.

Мусибат тушган диндошининг кўнглини олиш, тасалли бериш ва ёрдам қўлини чўзиш – чин мўминлик белгисидир.

«Вақф» хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

Муаллиф
islom.uz
Манба
“ВАҚФ” хайрия жамоат фонди
Калит сўзлар: Иймон Намоз