1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абдуллоҳ ибн Аббос -

Абдуллоҳ ибн Аббос - исмлари Абдуллоҳ, оталари Аббос ибн Абдулмуттолиб, оналари Умму фазл Лубоба бинти Ҳорис. Ҳижратдан уч йил олдин Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни Макка тоғларида моддий ва маънавий қамалда ушлаб турган бир пайтда дунё¬га келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Роббим, Абдуллоҳ ибн Аббосга ҳикматни ўргатгин», деб дуо қилганлар. Ибн Аббос ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг ҳақларига кўп дуо қилаётганларини кўргач, илм учун туғилганларини англадилар ва илм ўрганишга киришдилар. Ёш бўлишларига қарамай, кўп оят ва ҳадисларни ёд олдилар.
Кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ибн Аббос ушбу умматнинг илм денгизидир», деган сўзларига кейинроқ шоҳид бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Ибн Аббос ўн уч ёшда эдилар. У зот агар ҳадис ёдлаган кишини билиб қолсалар, дарҳол ўша одамнинг уйида пайдо бўлар эдилар.
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ айтадилар: «Ибн Аббос инсонлардан кўп хислатларда ўзиб кетди. Илм¬да у кишига етадигани йўқ эди. Фиқҳда доимо у кишининг фикрига суянилар эди. Ҳалимликда ва насабда ҳеч ким у зотга тенг кела олмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини у кишидан яхши биладиган ёки халифаларнинг қозилик ишларини у кишидан кўра яхшироқ англайдиган киши топилмас эди».
Ибн Аббос нафақат ҳадис илми, балки Қуръон, фиқҳ, араб шеърлари таъвилларидан ҳам воқиф эдилар. У кишининг эшиклари доимо илм истаб келувчилар билан гавжум бўлган.
Ибн Аббос 1660та ҳадис ривоят қилиб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобаларнинг бешинчиси бўлганлар.
Ибн Аббос ҳижратнинг 68-йили 71 ёшларида вафот этдилар.