1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Бурҳониддин Марғилоний -

Бурҳониддин Марғилоний - (тўлиқ исми - Абу-л-Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абду-л- Жалил ал-Фаргоний ал-Риштоний ал-Марғиноний) (1123. 23. 9, Марғилон - 1197. 29. 10, Самарқанд) - фиқҳ олими, ислом ҳуқуқшуноси, имом. Даставвал отаси Абу Бакр ибн Абдулжалил, имом Баҳоуддин Али ибн Муҳаммад Асбижобий қўлида таҳсил кўрди. Риштон, Марғилон, Бухоро, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларида исломий таълим олиб, ҳанафий мазҳабининг буюк фақиҳи сифатида ном қозонди. Шариат илмини муфтий Нажмиддин Абу Хафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Хусомиддин Умар ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Маоз, ас-Сарахсий Абу Умар Усмон ибн Али Пойкандий, Тожиддин Аҳмад ибн ал-Хусайн ал-Банандинжий, Аҳмад ибн Абу Рашид ал-Бухорий каби машҳур фақиҳлардан, ҳадис илмини Абу Исо ат-Термизий Зиё-уд-дин Абу Муҳаммад Сайъид ибн Асъад, ал Ҳасан ибн ал-Марғиноний цингари алломалардан ўрганди. Б. М. фиқҳ бўйича асосий асари ("Фиқҳ ўрганишни бошловчилар учун қўлланма")ни ҳанафийлик назариётчиси, шариат асосчиларидан Абул Ҳасан ал-Кудурий (1029 й. в. э.) ва Муҳаммад аш-Шайбоний (884 й. в. э.) асарларига таяниб ёзган. Б. М.нинг "Бидоёт-ал-мубтадий" ("Қонунни ўрганишга кириш") китоби назарий, асар эди. Ундан амалий жиҳатдан фойдаланиш қийин бўлган. Шу сабабли Б. М.нинг ўзи 8 жилдли шарҳ - "Кифоят ул-Мунтаҳий" ("Якунловчилар учун тугал таълимот")ни ёзишга қарор қилган. Кейинчалик бу китоби асосида "Китоб ал- Ҳидоя" ("Ҳидоя")ни яратади (1178 й.). Мазкур китоб нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом Шарқида бир неча тилларга таржима этилиб, маълум ва машҳур бўлиб кетди. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича қўлланма сифатида фойдаланилган (қ. "Ҳидоя"). Б. М. яна бир қанча асарлар ёзган: "Нашр ал-мазҳаб" ("Мазҳабнинг тарқалиши"), "Китоб-ат-тажнис вал-Мазид" ("Фуқаролик ҳуқуқини тақтсим этиш"), "Китоб ул-фароиз" ("Мерос ҳақида китоб"), "Мазид фи-фуруъ-ул-ҳанафий" ("Ҳанафий мазҳабига қўшимчалар") ва б. У ўз асарларида ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, мулкчилик турли шакллари (давлат ва хусусий мулкчилик), молиявий фаолият, жиноят ва жазонинг ҳуқуқий асосларини, фуқаролик ҳуқуқи назарияси ва амалиёти, қозилик муассасалари таркиби, тартиби ва жиноий ишни кўриш масалаларини батафсил ёритиб берди. Б. М.нинг илмий мероси ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фани Б. М.нинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади. 1997 й. дек.да Ўзбекистонда Б. М. вафотининг 800 й.лиги нишонланди. Б. М. Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.